Бугун 8 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар Андижон вилоятига ташриф
буюришди.
Ташриф давомида юртимиз уламолари иштирокида жоме масжидлар, маҳалла гузарлари, олис ва чекка ҳудудларда кенг жамоатчилик билан маънавий-маърифий учрашувлар, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиши ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш каби хайрли ишлар кўзда тутилган.
Сафар асносида вилоят аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш баробарида дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш режа қилинган.
Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Аллоҳ таоло уламоларимизнинг сафарини баракотли ва манфаатли қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 8 январь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, ҳаж-умра, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати