frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Жиҳод фитна ёки боғийлик эмас

08.06.2021   2687   7 min.
Жиҳод фитна ёки боғийлик эмас

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда гўё “жиҳод” барча мусулмонларга фарз, шу боис ҳақиқий мусулмон ёшлар Сурия каби уруш кечаётган заминга бориши ва “кофирлар”га қарши курашиши зарур экани ҳақидаги даъватлар тарқатилаётгани сир эмас.

Ўзи Туркия ҳудудига беркиниб олиб, ёшларни Суриядаги уруш ўчоғида “ўтин” бўлишга даъват қилаётган “Абдулла Зуфар” каби шахслар фуқароларимизнинг, ўсмир-гўдакларимизнинг умрларига зомин бўлмоқда.

Ушбу фитначининг гўё “умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод қилиш керак экан”, деган тор тасаввурлари билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда. Охир-оқибатда эса ушбу алданганлар жангу жадалларда ўлиб кетмоқда, ҳукумат ёки бошқа кучлар қўлига тушиб, умрлари қамоқхоналарда ўтмоқда. Сурияга эргаштириб борган турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари насл-насаби номаълум жангари кимсаларга хотин бўлиб, норасида гўдаклари оч-наҳор, тарбиясиз ҳолда сарсон-саргардон бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дунё уламоларининг фикрларига таянган ҳолда “жиҳод” тушунчасининг Ислом таълимотидаги соф мазмун-моҳиятини эслаш мақсадга мувофиқдир. “Жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида “уруш” маъносини “қитол” сўзи англатади.

Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсон ўзининг нафси ва ёмон хулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.

 Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади. Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда, дейилган.

Илм ўзлаштириш учун бор имкониятларини ишга солаётган ўсмирни маърифат йўлида, ота-онасининг розилигини олиш учун астойдил киришган инсонни эса ота-онаси хизматида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан жиҳод қилишга изн сўради. Шунда у зот: “Ота-онанг тирикми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. У зот: “Ундай бўлса, ана ўшаларнинг йўлида жиҳод қил!” дедилар» (Имом Бухорий, 3004-ҳадис).

Бошқа ҳадиси шарифда эса қуйидагилар баён этилган: Аллоҳ нинг йўлида қиличи билан урушишнинг ўзи жиҳод эмас, балки ота-онаси, фарзандларини боқиши ҳамда ўзини одамлардан тиланишдан тўхтатиши ҳам жиҳоддир”.

Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, Исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.

Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда айтилади: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Ким амирга итоат қилса, демак, менга итоат қилибди ва ким амирга осийлик қилса, демак, менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий, 2957-ҳадис).  

Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш очиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз” асарида қуйидагиларни таъкидлаган: “Бирор юртга жиҳод қилиш, даъват қилиш ёки улар билан сулҳ тузишни мусулмонларнинг имоми белгилаб беради. Мусулмонларнинг бошлиқлари халифа, имом, подшоҳ, президент каби турли номлар билан аталиши мумкин. Уларнинг рухсатларисиз, ўзбошимчалик билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”.

Шу нуқтаи назардан, уламолар жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина умматнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланади.

Аксинча, Исломда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган мусулмон раҳбарлар қўли остида халқ тинч яшаб келаётган вақтда исён кўтариб фитна чиқарганлар тоифаси “боғийлар” деб аталади. Одамларни ўлдириш, портлатиш, ўғирлаб кетиш, ўз давлатига қарши чиқиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини эса ўзларига ҳалол деб эълон қилиш Қуръони карим кўрсатмасига кўра катта гуноҳ ҳисобланади.

Мусулмонларга боғийларнинг фитнасида қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят).

Мусулмон оламида “Ислом динининг далили” деб эътироф этилган Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ҳидоя” асарида ҳам боғийлар ҳақида тўхталиб, динда исёнчи кишилар ўлдирилса, жаноза ўқилмаслиги таъкидланган.

Экстремистик ва террорчи ташкилотлар тарғиботчилари жиҳод ғоясини сохталаштирилаётгани мазкур масалага мантиқан ёндашилган тақдирда ҳам ойдин бўлади. Масалан, куни кеча ижтимоий тармоқларнинг рус тилидаги манбаларида Сурия ҳудудида “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” террорчилик ташкилоти аъзолари “Абу Дуджон Доғистоний” исмли, Доғистондан келган жангарини йўқ қилганларини эълон қилди. Ўз навбатида, ўтган йили май ойида “Абу Дуджон Доғистоний” томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида доғистонлик бошқа жангари, “Кавказ амирлиги” гуруҳи раҳбари “Абдулла Цумади” (Залимхон Кадиев)ни ўлдирилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. Кўриниб турибдики, гўёки “жиҳод” қилиш учун Сурияга келган жангарилар ўз хўжайинларининг манфаатлари йўлида нафақат ҳукумат қўшинлари билан, балки ўзаро жанг қилмоқда, бир-бирини ўлдирмоқда. Буни қандай қилиб “жиҳод” деб аташ мумкин? (Давоми бор.) 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

26.08.2026   18516   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА