Зироатчиликда мева ва сабзавотларни дори ёрдамида тез ва кўзга чиройли кўринадиган суратда етиштириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу эса, мева ва сабзавотларнинг табиий етилишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Баъзан бозорларда мева ва сабзавотларнинг етилиши вақтидан аввал савдо расталарига чиққанини кўрамиз. Ҳажми ҳам катта ва кўз билан қараганда чиройли кўринади. Ушбу мева ва сабзавотларни етиштиришда уларнинг таркибига таъсирини кўрсатувчи турли дори воситалари қўлланилади. Бунга асосий сабаблардан бири бозорларга зироат маҳсулотларини эрта чиқариш билан тез фурсатда катта фойда қозонишдир. Шунингдек, мева ва сабзавотларни табиий етилишидан олдин узиб олиб, унга дори йўллаш орқали етиштириб, катталаштириш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Бу турдаги мева ва сабзавотларни табиийсидан ажратиб олиш унчалик қийин эмас. Шу ўринда “Динда бунинг ҳукми нима?”, “Бунинг инсон саломатлиги учун зарари йўқми?” каби саволлар туғилиши турган гап.
“Ислом илмлари тадқиқот маркази” фатво бўлимига келиб тушган қуйидаги саволни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Савол: “Баъзи зироатчилар мева маҳсулотларининг чиройли, катта ва тез фурсатда етиштириш мақсадида дори маҳсулотларини қўллашлари кузатилмоқда. Бундай дориларнинг инсон саломатлиги учун зарари бор. Шунингдек, бундай дори воситаларидан фойдаланишга зироат уюшмаси ҳам рухсат бермаган. Бунинг ҳукми қандай бўлади?”.
Жавоб: “Бундай кўринишда фаолият олиб бориш мусулмонларга ёлғон йўл билан маҳсулотларни етказиш бўлгани учун ҳаром ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларни алдайдиган бўлса, биздан (мусулмонлар сафидан) эмас”, деганлар.
Маҳсулотларни бундай кўринишда одамларга тақдим қилиш зарарли бўлгани боис, уни ҳунар қилиш ва ундан ризқ топиб ейиш ҳаром ҳисобланади. Бундай маҳсулотлар ҳақида маълумотга эга бўлган кишилар уларни бозорга олиб чиқиши, сотиши ва ривожлантириши мумкин эмас. Зеро, бунда ёмонликка шерик бўлиб қолиш бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида кўмаклашинглар ва гуноҳ ва душманчилик йўлида кўмаклашманглар! Аллоҳга тақво қилинг, Аллоҳ азоби шиддатли бўлган Зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Зироат билан шуғулланадиган кишилар ҳалол касб қилиш йўлида бир-бирларига яхшиликда кўмаклашиб, мусулмонлар учун зарарли бўлган ишлардан четланишлари лозим. Мусулмон кишиларнинг зиммаларида бўлган ҳақларидан бири – бир-бирларига насиҳат қилиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир. Зеро, ривожланиш учун асосий омиллардан бири яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларини қўллаб қувватлашларидир. Валлоҳу аълам!” (Манба: “Мажаллатул буҳусу-л исламийя”).
Демак, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришда инсон саломатлигига ёмон таъсир қиладиган дори воситаларини қўллаш динимизда қайтарилган амаллардан экан. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда ушбу маҳсулотларга зарар етказадиган касаллик ва иллатларга қарши ҳимояланиш учун махсус зироат уюшмаси томонидан тавсия қилинган дорилардан фойдаланишнинг зарари йўқ. Аммо, маҳсулотни тезда етиштириб, чиройли ва катта кўринишда бозорга олиб чиқиш ва катта даромадга эга бўлиш мақсадида дори воситаларидан фойдаланиш қабиҳ амаллардан бўлиб, жамиятга зарарли маҳсулот етказиш хавфи бўлгани учун қайтарилгандир.
Аллоҳ таоло ризқимизга барака ато этсин. Ҳар биримиз ризқимизни ҳалол ва чиройли йўл билан тўғри сўзлик ила қозонишимизни насиб қилсин!
Хайруллоҳ домла Саттаров,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
Ҳаётда баъзи йўқотишлар бўлади — вақт ўтиб, ўрни тўлиб кетади. Аммо шундай йўқотишлар бор-ки, уларнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Ана шундай бебаҳо неъматлардан бири — уламолардир. Бугун улар бизнинг орамизда бор, аммо эртага бўлмаслиги мумкин. Улар битта-битта кетишмоқда. Биз еса, афсуски, кўп ҳолларда бу ҳақиқатнинг англаб етмаяпмиз.
"موت العالم موت العالم"
— яъни “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлимидир” деган машҳур ибора бор.
Яна шу мазмунда Имом Байҳақийнинг ривояти келтирилади:
"موت العالم مصيبة لا تُجبر، وثلمة لا تسد، ونجم طُمِس، موت قبيلة أيسر من موت عالم."
"Олимнинг ўлими — тузатиб бўлмайдиган мусибат, тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқ, сўниб қолган юлдуздир. Бир қабиланинг йўқ бўлиши, бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир."
Чунки олимларнинг ўлими билан фақат бир инсон эмас, бутун бир жамият руҳий, илмий ва ахлоқий жиҳатдан зарарга учрайди, маънан қулаб боради. Айнан шунинг учун олимнинг ўлими “оламнинг ўлими”га тенглаштирилган.
Зеро олимлар — фақат китоб ўқиб, дарс берадиган одамлар эмас. Улар — йўл кўрсатувчи, ҳаққа чақирувчи, ҳақиқатни мудофаа қилувчилардир.
Улар йиллар давомида илм ўрганишди, сабр билан одамларга етказишди, ўз ҳаётларини умматга бағишлашди. Энди эса, битта-битта ўтиб кетишяпти...
Кеча Абдуқаҳҳор домла Шоший (1969-1987 йиллар – Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси Халқаро бўлими мудири, 1969-1982 йиллар – Бухородаги Мир Араб мадрасаси директори, 1982-1987 йиллар – Тошкент Ислом институти ректори) оламдан ўтган эдилар.
Бугун эса яна катта мусибат - юртимизнинг забардас уламоларидан бири устоз Иброҳимжон домла Қодиров вафот этдилар. Домла умрларининг охиригача масжидларда имомлик қилиб, дин хизматида бўлган пешволардан, юзлаб шогирдларни тарбия қилган устозлардан эдилар. Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳам айнан шу кишида таҳсил олган эдилар.
Шундай уламолар бирма-бир ўтиб боришмоқда. Биз ўтган уламоларимиз ҳаққига дуо қилиб, ҳозирда ҳаёт бўлиб турганларини қадрларига етишимиз керак.
Уларнинг сўзларига қулоқ тутиб эҳтиром кўрсатиш, алоқани мустаҳкамлаб, имкон борича кўпроқ фойдаланиб қолишимиз ва фарзандларимизни уларга яқинлаштиришимиз керак.
Лекин биз уламоларимизни тириклик чоғида қадрлаш ўрнига, четга чиқиб олиб, дин, миллат душманлари "тегирмонига сув қуйиб" уламоларни обрўсизлантираётганлар ва бу орқали юртимиз пешволари билан оммани боғлаб турган ипни узиб, мусулмонлар бирлигини парчалаётганлар сўзига учиб қоляпмиз. Уларга ишониб, уламоларимизнинг сўзларига қулоқ тутмай ғийбат, туҳмат қилиб, ранжитамиз. Вафот этганларидан кейин эса тобутларини талашиб, йиғлаб-сихтаб, пушаймон бўлиб қолаверамиз.
Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ бир суҳбатларида айтган эдилар:
“Кўрсангиз кўзингиз қувнайдиган, жаннатнинг ҳиди келиб турадиган забардас олимлар, аҳли илмлар бор. Тириклигида биров иккита нон олиб хабар олмайди. Олимларни қадрламайди.... Вафотидан кейин эса азиз бўлади. Тириклигида текинга қилган суҳбатига бир километр юриб бормаган одамлар, ўлганидан кейин юзлаб километр масофалардан йўл босиб келади. Кўтар-кўтар қилади. Қадрламабмиз, кўришмабмиз, шу ерда шундай олим киши бор экан билмабмиз, деб юраверади”.
Хуллас, уламоларни ғанимат билайлик. Улар халқимизга катта неъмат, неъматни қадрламасак ундан ажралиш билан синаламиз. Кейинги пушаймон эса асло фойда бермайди.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим