Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Май, 2025   |   6 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:46
Қуёш
05:17
Пешин
12:25
Аср
17:18
Шом
19:27
Хуфтон
20:51
Bismillah
04 Май, 2025, 6 Зулқаъда, 1446

Мева ва сабзавотларни дори ёрдамида катталаштириш ва етиштириш масаласи

04.06.2021   1855   3 min.
Мева ва сабзавотларни дори ёрдамида катталаштириш ва етиштириш масаласи

 

Зироатчиликда мева ва сабзавотларни дори ёрдамида тез ва кўзга чиройли кўринадиган суратда етиштириш ҳолатлари кўп учрайди. Бу эса, мева ва сабзавотларнинг табиий етилишига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Баъзан бозорларда мева ва сабзавотларнинг етилиши вақтидан аввал савдо расталарига чиққанини кўрамиз. Ҳажми ҳам катта ва кўз билан қараганда чиройли кўринади. Ушбу мева ва сабзавотларни етиштиришда уларнинг таркибига таъсирини кўрсатувчи турли дори воситалари қўлланилади. Бунга асосий сабаблардан бири бозорларга зироат маҳсулотларини эрта чиқариш билан тез фурсатда катта фойда қозонишдир. Шунингдек, мева ва сабзавотларни табиий етилишидан олдин узиб олиб, унга дори йўллаш орқали етиштириб, катталаштириш ҳолатлари ҳам кузатилади.

Бу турдаги мева ва сабзавотларни табиийсидан ажратиб олиш унчалик қийин эмас. Шу ўринда “Динда бунинг ҳукми нима?”, “Бунинг инсон саломатлиги учун зарари йўқми?” каби саволлар туғилиши турган гап.

“Ислом илмлари тадқиқот маркази” фатво бўлимига келиб тушган қуйидаги саволни эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Савол: “Баъзи зироатчилар мева маҳсулотларининг чиройли, катта ва тез фурсатда етиштириш мақсадида дори маҳсулотларини қўллашлари кузатилмоқда. Бундай дориларнинг инсон саломатлиги учун зарари бор. Шунингдек, бундай дори воситаларидан фойдаланишга зироат уюшмаси ҳам рухсат бермаган. Бунинг ҳукми қандай бўлади?”.

Жавоб: “Бундай кўринишда фаолият олиб бориш мусулмонларга ёлғон йўл билан маҳсулотларни етказиш бўлгани учун ҳаром ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларни алдайдиган бўлса, биздан (мусулмонлар сафидан) эмас”, деганлар.

Маҳсулотларни бундай кўринишда одамларга тақдим қилиш зарарли бўлгани боис, уни ҳунар қилиш ва ундан ризқ топиб ейиш ҳаром ҳисобланади. Бундай маҳсулотлар ҳақида маълумотга эга бўлган кишилар уларни бозорга олиб чиқиши, сотиши ва ривожлантириши мумкин эмас. Зеро, бунда ёмонликка шерик бўлиб қолиш бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида кўмаклашинглар ва гуноҳ ва душманчилик йўлида кўмаклашманглар! Аллоҳга тақво қилинг, Аллоҳ азоби шиддатли бўлган Зотдир” (Моида сураси, 2-оят).

Зироат билан шуғулланадиган кишилар ҳалол касб қилиш йўлида бир-бирларига яхшиликда кўмаклашиб, мусулмонлар учун зарарли бўлган ишлардан четланишлари лозим. Мусулмон кишиларнинг зиммаларида бўлган ҳақларидан бири – бир-бирларига насиҳат қилиш ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир. Зеро, ривожланиш учун асосий омиллардан бири яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларини қўллаб қувватлашларидир. Валлоҳу аълам!” (Манба: “Мажаллатул буҳусу-л исламийя”).

Демак, мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштиришда инсон саломатлигига ёмон таъсир қиладиган дори воситаларини қўллаш динимизда қайтарилган амаллардан экан. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда ушбу маҳсулотларга зарар етказадиган касаллик ва иллатларга қарши ҳимояланиш учун махсус зироат уюшмаси томонидан тавсия қилинган дорилардан фойдаланишнинг зарари йўқ. Аммо, маҳсулотни тезда етиштириб, чиройли ва катта кўринишда бозорга олиб чиқиш ва катта даромадга эга бўлиш мақсадида дори воситаларидан фойдаланиш қабиҳ амаллардан бўлиб, жамиятга зарарли маҳсулот етказиш хавфи бўлгани учун қайтарилгандир.

Аллоҳ таоло ризқимизга барака ато этсин. Ҳар биримиз ризқимизни ҳалол ва чиройли йўл билан тўғри сўзлик ила қозонишимизни насиб қилсин!

 

Хайруллоҳ домла Саттаров,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

"Ёғочли сардоба" – Сирдарёнинг туризм салоҳиятини очувчи ноёб ёдгорлик

02.05.2025   9480   2 min.

Сирдарё вилоятида жойлашган тарихий ва маданий обидалар орасида XVI асрга тегишли "Ёғочли сардоба" алоҳида аҳамиятга эга. Бухоро хони Абдуллахон II даврида, 1580 йилда қурилган мазкур гидротехник иншоот нафақат ўтмишдан дарак беради, балки ҳозирги кунда вилоят туризм салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 
 

Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.


– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.


Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.


Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.


– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.


“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз. 


Ғулом Примов, ЎзА мухбири

Ўзбекистон янгиликлари