Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Ноябр, 2024   |   08 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:43
Қуёш
07:04
Пешин
12:12
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:28
Bismillah
09 Ноябр, 2024, 08 Жумадул аввал, 1446

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга қандай муносабатда бўлганларини биласизми?

3.06.2021   1803   6 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга қандай муносабатда бўлганларини биласизми?

Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди".

Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: "Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида "яхши" деган маънони англатади)" дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.

Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади. Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни тинч қўй!" дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: "Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин" деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар. Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар

Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшлик Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканлигини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди».

Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари

Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтига тош отаётган болаларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Болаларим, дарахтга тош отманг! Чунки бу билан дарахтга ҳам, одамларга ҳам зиён етказасиз. Лекин ерга тушган хурмоларни териб, енг. Аллоҳ сизнинг қорнингизни тўйдирсин", дедилар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

 

Аллоҳ таоло сизни яхши кўради

Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Мусибат етганда айтилса, Аллоҳ рози бўладиган сўзлар

6.11.2024   1552   2 min.
Мусибат етганда айтилса, Аллоҳ рози бўладиган сўзлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик билан, мол-мулкка, жонга, ҳосилга талафот етказиш билан синаймиз. Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», деган сабрли зотларга хушхабар берингки, уларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

Бирор мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», десангиз, учта нарсага эришасиз: Аллоҳ сизга салавот айтади, яъни сизни мағфират қилади; Аллоҳнинг раҳматига эришасиз, бу раҳмат бу дунёда мусибатнинг қайғусини енгиллатса, охиратда эса марҳамат бўлади; ҳидоят йўлини англаб, тўғри йўлдан юрадиган ҳидоятли бандалардан бўласиз, чунки Аллоҳ таоло сизни ана шу мусибатга сабр қиладиган афзал йўлга тўғрилаб қўяди.

«Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз» деган жумлани айтиш истиржоъ дейилади. Истиржоъ айтиш туфайли раҳматга эришганларга энг ёрқин мисол – Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодирлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирор мусулмонга мусибат етса, Аллоҳ буюрганидек, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун. Аллоҳумма’жирний фий мусиибатий, вахлиф лий хойрон минҳаа» (Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз. Аллоҳим, мусибатим учун менга ажр бергин, унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилгин) деса, Аллоҳ унинг ўрнига ундан яхшисини беради», деганларини эшитган эдим. Эрим Абу Салама вафот қилганида «Истиржоъ айтсам, Аллоҳ ундан яхшисини беради. Аммо Абу Саламадан яхшироқ мусулмон борми? Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат қилган биринчи хонадон бўлса», дедим. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, ихлос билан истиржоъ айтавердим. Бир куни Ҳотиб ибн Абу Балтаъа менга совчи бўлиб келди. Сўрасам, уни ҳузуримга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган эканлар! Нима дейишимни билмай, «Менинг эмизикли чақалоғим бор-ку. Бунинг устига, мен роса рашкчиман», дедим. У зот: «Қизингнинг ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Аллоҳга дуо қиламан, рашкни ҳам кетказар», дебдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Абу Саламанинг ўрнига менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини насиб қилди» (Имом Аҳмад, имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.