Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Октябр, 2024   |   01 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:05
Қуёш
06:23
Пешин
12:17
Аср
16:15
Шом
18:03
Хуфтон
19:15
Bismillah
04 Октябр, 2024, 01 Рабиъус сони, 1446

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга қандай муносабатда бўлганларини биласизми?

3.06.2021   1760   6 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга қандай муносабатда бўлганларини биласизми?

Фарзанд ҳаётимиздаги энг катта неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилар эди".

Демак, орамизда ёш болаларнинг борлиги бу барчамиз учун Аллоҳнинг раҳмати экан. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Умму Холид ёшлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига боргани ҳақида сўзлаб беради. У Ҳабашистондан отаси билан бирга келган ва эгнига сариқ рангли кўйлак кийганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўриб: "Сана, сана (Ҳабашистон лаҳжасида "яхши" деган маънони англатади)" дедилар сўнгра қизалоқ билан кулишиб, ҳабаш лаҳжасида гаплашдилар. Чунки қизалоқ Ҳабашистонда туғилгани учун фақат шу лаҳжада гаплаша оларди.

Қизалоқ жажжи қўлларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўйлакларининг орқасига киритиб, чап куракларининг устки қисмидаги кабутар тухумидек келадиган пайғамбарлик муҳрини ўйнай бошлади. Буни кўрган қизалоқнинг отаси қаттиқ танбеҳ берди. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Уни тинч қўй!" дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб унинг ҳаққига: "Кўйлакингни кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин. Кийиб, эскиртиравергин, Аллоҳ ўрнига бераверсин" деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли ўша қизнинг умри узун бўлди. Эскиргунича чиройли кийимларни киярди, кейин янада чиройлисини сотиб оларди.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кичик болага қандай муносабатда бўляптилар. Жажжи қизалоққа қанчалик меҳрибонлик кўрсатдилар. Болаларнинг қизиқувчанлиги, ўйинқароқлигини яхши билганлар ва шунга муносиб жавоб қайтарганлар. Биз ҳам бундан ўзимизга ўрнак олишимиз керак. Зеро, бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга нисбатан муомаларига оид суннатлари, хулқларидан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни алоҳида ҳурмат қилардилар

Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшлик Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканлигини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалар билан мулоқотдаги услублари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар. Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди».

Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хато қилган болаларга муносабатлари

Ҳеч шак-шуҳбасиз, ҳар қандай ёш бола хато қилади. Баъзан нотўғри иш қилади. Ахир у бола-ку. Аммо кўпчилигимиз болаларнинг хатосини қабул қила олмаймиз. Фарзандимиз ёки бошқаларнинг фарзандининг хатоларидан қаттиқ ғазабланамиз. Баъзилар ҳатто фарзандини калтаклайди, уради. Аммо, унутмангки! Аллоҳ тоало ёш болаларни ҳисоб-китоб қилмайди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтига тош отаётган болаларнинг олдидан ўтиб қолдилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Болаларим, дарахтга тош отманг! Чунки бу билан дарахтга ҳам, одамларга ҳам зиён етказасиз. Лекин ерга тушган хурмоларни териб, енг. Аллоҳ сизнинг қорнингизни тўйдирсин", дедилар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқни ўргатдилар, ёмонликдан қайтардилар ва уларнинг ҳақига дуо қилдилар.

 

Аллоҳ таоло сизни яхши кўради

Фарзандларимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларини, суннатларини ўргатсак, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қоладилар. Бу барчамизнинг вазифамиздир. Бунинг учун аввало ҳар биримиз амалда ўрнак бўлишимиз талаб этилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умар Термизийнинг “Тафсиру сураи Ихлос” асари ҳақида

3.10.2024   1514   3 min.
Умар Термизийнинг “Тафсиру сураи Ихлос” асари ҳақида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Буюк уламоларга бешик бўлган бу диёр бутун жаҳонга қанчадан-қанча зиё аҳлини тақдим этган. Ҳадис илми султонлари, тиб фани асосчилари ҳамда бошқа бир неча фанларда ёрқин юлдуз каби порлаган илм аҳллари айнан мана шу юрт фарзандларидир. Мана шундай уламолардан бири Умар Термизийдир.

Муфассир, воиз, сўфий Умар Термизий ҳижрий IX аср, милодий XV асрларда яшаб ўтган. У зотнинг таваллуд топган йили, тўлиқ манзили ҳамда оиласи ҳақида тўлиқ маълумотлар келтирилмаган. Бироқ унинг китобидан билиш мумкинки, Умар Термизий Термиздан кўчиб кетгач, Мисрда яшаган. Бу маълумотни у кишининг китобларини муқаддимасидаги сўзларидан билиш мумкин. Лекин Умар Термизийнинг бизгача “Тафсиру сураи Ихлос” номли китоблари етиб келган. Мазкур асар ҳижрий 857 йил, милодий 1453 йилда вафот этган Миср, Шом ва Ҳижоздаги Шарокиса давлати подшоҳларидан бири Зоҳир Муҳаммад Абу Саъид учун таълиф этилган.

Миср тахтига 1438 йилда келган Зоҳир Муҳаммад жуда одиллик билан мамлакатни бошқаради. Шу билан бир қаторда уламоларга эътиборли бўлган подшоҳ ҳақида жуда кўп ижобий фикрлар тарқатилади. Умар Термизий ҳам Зоҳир Муҳаммад эътибор кўрсатган олимлардан бири ҳисобланади. Умар Термизий асарнинг муқаддимасида китоб подшоҳнинг эзгу ишларига хайрихоҳ тарзда ёзилганини айтиб ўтади. Зоҳир Муҳаммадга китоб орқали ўз насиҳатларини етказади. Яна бу тафсирни султоннинг кутубхонасига тақдим қилмоқчи эканлигини ҳам айтиб ўтади.

Ҳозирда асар Мисрдаги “Дорул кутуб вал васоиқул қовмия” кутубхонасида сақланмоқда унинг фото нусхаси эса Ўзбекистон халқаро исмлом академиясининг Манбалар хазинасида 56/ IV инвентарь рақами остида сақланмоқда. Унинг ҳажми 52 варақ, яъни 102 саҳифадан иборат. Асар настаълиқ хатида ёзилган. Ҳар бир саҳифадаги қаторлар сони ўн битта.

Шу ўринда айтиш мумкинки, муаллифнинг бу асарида турли китоблардан жамланганлигини тушуниш мумкин. Тадқиқот мобайнида шуни билдикки, китоб Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” китобнинг икки боби яъни “ихлос” ва “ният” бобларидан олинган. Шунингдек, тафсирда Имом Абул Баракот Насафийнинг “Тафсиру Насафий” китобидан ҳам фойдаланилган. Асарнинг иккинчи саҳифаси бошқалардан фарқли ўлароқ ўн қатордан иборат. Бунинг сабаби саҳифанинг аввалида келтирилган “Бисмилллаҳир роҳманир роҳийм” жумласи каттароқ ҳажмда ёзилганлигидир. Шунингдек айтиб ўтиш лозим бўлган нарсалардан бири ҳар бир саҳифанинг пастки қисмида кейинги бетнинг бошида келадиган сўз ёзиб қўйилган. Эътибор бериб қарасангиз фото нусханинг бизга нисбатан чап бурчагида القلوب калимаси келтирилган. Худди шу сўз кейинги саҳифанинг биричи калимаси ҳисобланади. Қаторларнинг ҳар бирида ҳарфларининг кўп ёки камлигига қараб, бештадан ўнтагача сўз келтирилган. Иккинчи бет китобнинг кириш қисми бўлиб, унда мусанниф аввало Аллоҳ таолога ҳамд билан сўз бошлайди. Сўнг барча Пайғамбарлар, хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда у зотнинг асҳоблари ва оила аъзоларига саловатлар айтиб ўтади.

Диққатга сазовор жойи Умар Термизий ҳамду санони Балоғат фанидаги “бароъатул истеҳлол” қоидасига мувофиқ тарзда келтиради. Яъни котиб ўзининг ҳамд ва саноси орқали келгусида нима ҳақида сўз юритишини усталик билан билдириб кетган.

Умар Термизий Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятидан истифода қилганлар: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, буюрилган эдилар, холос”. Бундан кўриниб турибдики муаллиф барча фанларда жуда чуқур илм соҳиби бўлганлар.

ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Соибжон Жўраев

Мақолалар