Куни кеча, 1 июнь куни Термиз шаҳридаги Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрдилар. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар домла Сайфуддинов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори Шукрулло Умаров ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида муфтий ҳазратлари таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиб, таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари, ходимлар ҳамда талабаларбилан мазмунли суҳбат ўтказдилар.
Суҳбат давомида муфтий ҳазратлари таълим муассасасида олиб борилаётган ишларни ижобий баҳолаб, истиқболдаги фаолияти борасида ўзларининг муҳим кўрсатмалар бердилар.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Термиз шаҳрида халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда таълим муассасаси ташкил этилиши бежизга эмаслигини таъкидлаб, бу илм масканларидан буюк термизий алломалар каби етук уламолар давомчилари етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.
Талабаларнинг таълим салоҳиятини ошириш ҳамда уларни келажакда ҳадис ва шариат илмларини пухта ўзлаштириб, етук мутахассис бўлиб етишишлари бўйича қуйидаги тавсияларини бериб ўтдилар:
Таълим муассасаси талабаларига Тошкент ислом институтидан ҳадис илми, араб тили ва муҳовара ҳамда Қуръони карим ва тажвид фанларидан дарс бериш учун етук мутахассисларни жалб этиш;
Таълим муассасасида янги фан сифатида Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асарини ўқитилиш режалаштирилгани боис, талабалар учун “Имом Термизий курсиси”ни жорий этиш;
“Сунани Термизий” асарини хатм қилиб, ҳадис илми мутахасссиси даражасига етган талабаларга “Имом Термизий курсиси”да ҳадис илми бўйича ижоза олишларини йўлга қўйиш;
Таълим муассасасида устоз-шогирд анъанасини такомиллаштириш;
Таълим муассасасининг кутубхона фондини бойитиб бориш;
Талабаларга ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидаси асосида соф ислом эътиқодини сингдириб бориш.
Суҳбат якунида муфтий ҳазратлари таълим муассасаси педагог-ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларга муваффақиятлар тилаб, дуо қилдилар.
Шукрулло УМАРОВ,
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов Тошкент ислом институти талаба- ёшлари билан мулоқот ўтказди. Учрашувни институт ректори Уйғун Ғафуров очиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Бу каби мулоқотлар барча диний таълим муассаларида ташкил этилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида ўтган Уламолар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилгани таъкидлаб ўтилди.
Тадбирда Зайниддин Эшонқулов ёшларга ўзининг ҳаётий, илмий ва касбий тажрибаларини сўзлаб берди. Маърузада Диний идора тизимидаги ташкилотлар ва таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фаолият йўналишлари ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
Зайниддин домла диний-маърифий фаолиятда илм ва маърифатнинг ўрни, кадрларнинг ватанпарварлик ва ахлоқий тарбияси ва турли ёт ғоялардан маънавий иммунитетнинг шакллангани ҳақида ўз фикр ва тавсияларини билдирди.
Нотиқ ўз сўзи давомида талаба-ёшларни сабр-тоқат ва қатъий интизом билан илм олишга даъват этди. Шунингдек, ихлосли бўлиш ва устозларни эҳтиром қилиш муваффақият калити эканини таъкидлади.
Етук имом-хатиб бўлиш учун доимий равишда ўзи устида ишлаш ҳамда билим ва тажрибаларини ошириб бориши лозимлиги ҳақида қимматли маслаҳатлар берди.
Ана шундай тадбирлар ёшларнинг илм олиши ва келгусидаги касбий фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига хизмат қилади, раҳбар ходимлар эса улар учун ҳаётий намуна бўлади, иншоаллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати