Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Июн, 2025   |   29 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
25 Июн, 2025, 29 Зулҳижжа, 1446

Паст овозда, танҳо ва қалбан дуо қилинг!

02.06.2021   3076   4 min.
Паст овозда, танҳо ва қалбан дуо қилинг!

Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи янада кучайганда, дуо қилиш учун қандай шароит ихтиёр қилганингизни эслай оласизми? Ҳойнаҳой, оқшом бошингизни ёстиққа қўйиб юлдузли осмонга тикилган кўйи унинг чексиз-чегарасиз эканлигини тафаккур қилган ҳолда ёки Аллоҳ билан юзма-юз қолиш имкони бўлган сокин, кимсасиз бир жойни танлаган бўлсангиз керак. Ибодат асносида маънавий ҳузур, асосан ёлғиз қолганда, ҳеч ким билмаган вақтда, Аллоҳ билан танҳо, юзма-юз бўлганда сезилади. Хато ва гуноҳлари учун мағфират, эҳтиёжларининг қондирилиши учун дуо қилаётган инсон, албатта ёлғиз ҳолда дуо қилишни танлайди. Бунга бир мисол Закариё алайҳиссаломнинг дуосидир. Қуръон каримда унинг Аллоҳдан наслини давом эттирадиган ворис истаб яширинча қилган дуоси шундай баён қилинган:

«У Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла. У: «Эй Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, эй Роббим, сенга дуо қилишла бадбахт бўлмаганман» (Марям, 3–4-оятлар).

Дуонинг қабул бўлиш сабабларидан бири Аллоҳга юзланувчининг кучли, ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарсадан огоҳ Зот қаршисида ўзини паст тутиб, илтижо қилишдир. Зотан, самимий мўмин хоҳ дуо, хоҳ намоз, хоҳ рўза, хоҳ бошқа ибодат бўлсин ўзини Аллоҳнинг олдида ожиз, ҳақир санаб У Зотга қўрқув ва умид билан дуо қилади. Қуръон каримда мўминларга дуо қилиш одоби тўғрисида қуйидаги тарзда таълим берилган:

«Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошгувчиларни севмас» (Аъроф, 55-оят).

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма. Роббинг ҳузуридагилар, албатта, Унинг ибодатидан мутакаббирлик қилмаслар…» (Аъроф, 205–206-оятлар).

Қуръон каримда дуони ёлғиз, махфий ва тазарруъ билан қилишга эътибор қаратилган. Шу сабабли дуо қилувчи овозини баланд қилиши, атрофида кўп одамларни жамлаши муҳим эмас. Шуни унутмаслик керакки, дуода овозни баландлаштириш унинг қабулини осонлаштирмайди. Биз дуо қилаётган Роббимиз қалбимиздан ўтган туйғуларни билган, ҳамма нарсадан огоҳ ва бизга жон томирларимиздан ҳам яқиндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (Қоф, 16-оят).

Яратувчимизнинг бизларга шунчалик яқинлигини билиб туриб овозимизни беҳуда баландлатишнинг ҳожати йўқ. Инсон қалбан дуо қилиш билан бирга фақат ўзи эшитадиган овоз билан ҳам дуо қилиши мумкин. Қуръон каримда хоҳ ибодат чоғида, хоҳ ҳаётининг ҳар онида овозини меъёрда қилиш лозимлиги оятларда қуйидагича билдирилган:

«Юришда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки, овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир» (Луқмон, 19-оят).

«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт. Намозингни жуда баланд овоз ила ўқима, уни жуда махфий ҳам ўқима, бунинг орасида бир йўл тут» (Исро,110-оят).

Кўриб турганимиздек Қуръон каримда таълим берилган ибодат намунаси кўз-кўз қилишдан узоқ. Бошқалар кўрсин ёки эшитсин деб қилинмайди. Фақат Аллоҳ олдидаги бурчини гўзал ҳолда бажариш мақсад қилинади. Қуръонда бунга жуда катта аҳамият берилган. Дуо билан боғлиқ оятларда қайта-қайта «Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» каломи зикр этилган.

«Сен «Роббим адолатга амр қилади. Ҳар бир ибодатхонада юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввал қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтасизлар», деб айт» (Аъроф, 29-сура).

«Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг» (Ғофир, 14-оят).

«У зот тирикдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин» (Ғофир, 65-оят).

Ушбу оятларда зикр этилган «Унга динни холис қилган ҳолда дуо қилинг» каломидан мурод Аллоҳга динни холис тутган ҳолда дуо-ибодат қилиш, Аллоҳга холис бўйсунган ҳолда, шариатга тўла амал қилган ҳолда, иймон-эътиқодга ёлғону риёни аралаштирмай дуо-ибодат қилишга чақиришдир.

Дин фақат Аллоҳникидир. Ибодатлар ҳам фақат Унинг розилигини кўзлаб қилинади. Дуо-ибодатларини бошқаларга кўрсатиш учун қилганлар ҳақида шундай дейилган:

«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки. Улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир» (Мааъун, 4–6-оятлар).

 

“Қуръони каримга кўра дуо” китобидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

23.06.2025   4546   1 min.
Талаба таътилни қандай ўтказиш керак?

Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади. 

Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.

Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!

Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.

 «Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан