Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Май, 2025   |   15 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:06
Пешин
12:24
Аср
17:23
Шом
19:36
Хуфтон
21:04
Bismillah
13 Май, 2025, 15 Зулқаъда, 1446

Асосий вақт нималарга сарфланади?

02.06.2021   1851   5 min.
Асосий вақт нималарга сарфланади?

Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамай, кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас, балки уни зое қилиб, йўқотиш учун мусобақалашадилар. Бундай “мусобақачилар” унинг бебаҳо улушидан маҳрум инсонлардир. Бу ҳақда ҳадиси шарифда қуйидагича баён қилинган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан маҳрумдир, (Улар): Соғлик ва бўш вақтдир” (Бухорий ривояти).

Инсон гоҳида соғлом бўлса-да, оғир меҳнат билан банд бўлганлиги сабабли фазилатли амалларни ўзлаштириш учун фурсат топа олмайди. Баъзида эса оғир меҳнатлардан қутулган бўлса-да, унинг соғлиги бўлмайди. Агар бир инсоннинг соғлиги ҳам, бўш вақти ҳам бўлса-ю, фазилатларга эришиб қолишга ҳаракат қилмаса, унинг ана шу дангасалиги улардаги улушдан маҳрумликдир. Зеро, ҳар хил тўсиқларга тўла ва қисқагина умрдан имкон қадар фойдаланиб қолмасдан беҳуда ўтказиб юбориш энг қимматли улушдан бенасиб қолишдир.

Бугунги кунда вақтни беҳуда амалларга сарфлаш одатий ҳолга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. “Фалон жойда янги ошхона очилибди”, дейилса, вақтини исроф қилаётганига парво ҳам қилмай янги ошхона сари отланадиганлар, ҳатто овқатланиб келиш учун шаҳар ташқарисига ёки бошқа шаҳарларга ҳам бориб келадиганлар борлиги ҳақиқатдир. Аслида инсон ейиш учун яшаши билан эмас, балки яшаш учун ейиши билан бошқа жонзотлардан фарқланиб турмайдими?

“Бир марта келадиган дунёда ўйнаб, кулиб юриб қолиш”ни айтиб, шу “ташвиш” билан яшаётганларга уламолар қуйидагича насиҳат қилганлар: “Аслида дунёга бир марта келадиган бўлганимиз учун амал қилиб қолишимиз лозим. Чунки бизга абадий роҳат-фароғатни қўлга киритиш учун фақат бир марта дунёда туриш муддатигина имконият қилиб берилган. Ана шу бир марталик имкониятни вақтинчалик нарсаларга чалғиб қўлдан бой бериш ақлли инсонларнинг иши эмас”.

Қуръони каримда ҳар бир кишига эртанги кун учун қандай амал қилганига қараш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Ҳашр” сураси, 18-оят).

Ушбу оятда қиёмат куни эртанги кун деб хабар берилган. Эътибор бериладиган бўлса, ҳамманинг ўтказган умри кечагидек кўз олдида туради. Қиёмат ҳам оятда хабар берилгани сингари эртадек жуда тез келиб қолади. Уламолар мусулмон кишининг вақти доимо уч амалдан бирига сарфланишини баён қилганлар:

  1. Фарз амаллар.Беш вақт намоз, Рамазон рўзаси, оила нафақаси учун касб-кор қилиш ва ҳаром ишлардан тийилиш каби шариатдаги барча буйруқ ва қайтариқларни бажаришга сарфланади.
  2. Суннат ва мустаҳаб амаллар.Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳни кўп зикр қилиш, қариндошлар ва қўни-қўшнилар билан борди-келди қилиш, беморлар ва етим-есирларнинг ҳолидан хабар олиш сингари шариатда тавсия қилинган барча амалларни адо этишга сарфланади.
  3. Мубоҳ амаллар.Овқатланиш, дам олиш, шариатда рухсат берилган ўйинларни ўйнаш каби амалларга сарфланади.

Ушбу мубоҳ амалларни бажаришда фарз ва суннат амалларга куч-қувват йиғиб олиш ният қилинса, мубоҳ амал туфайли ҳам савобга эга бўлинади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Тунни қоим қилиб савоб умид қилганим сингари, ухлашимдан ҳам савоб умид қиламан”.

Мусулмон киши учун вақтнинг тўртинчи бўлаги бўлмайди. Тўртинчиси ҳаддан ошишдир. Ким ҳаддан ошса, ўзига зулм қилган бўлади.

Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган бўлса, асосий вақт нималарга сарфланиши яққол намоён бўлади:

  1. Ўн беш йил атрофидаги вақт болалик ва ўсмирлик билан ўтади.
  2. Агар бир суткада саккиз соатдан ухланса, йигирма беш йил умр уйқу билан ўтади
  3. Агар бир суткада саккиз соат касб-кор билан машғул бўлинса, йигирма беш йил умр ишлашга сарфланган бўлади.
  4. Агар бир суткада уч маҳал овқатланилса, ҳар овқатланишига ярим соатдан вақт сарфласа, тўрт ярим йилдан ортиқ умр овқатланишга кетади.
  5. Қолган беш йилдан ортиқ умр ҳамманинг ўзи яхши кўрган севимли машғулотларига сарфланади.

Мазкур ишларнинг барчаси ният билан адо этиш туфайли ибодатга айланиши мумкин. Бу эса, мусулмон кишида етмиш беш йиллик умрни дақиқа-ю сонияларигача тўлиқ ибодатга айлантириб олиш имкони бор, деганидир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ўтаётган кунида қанча фарз ва вожиб, суннату мустаҳаб амалларни, ота-она, қариндошлар, қўни-қўшни, юрт-ватан ҳақларини ва ҳакозо шариат талаб қилган амалларни ният билан бажарганини ҳар доим сарҳисоб қилиб бориши лозим. Ўтаётган ҳар бир вақт ҳисоб-китоблидир.

Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз.

Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

 

Шайх Абдул Фаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан

Қудратуллоҳ Сидиқметовнинг таржимаси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Сеҳргар бир йилда ҳам бу ишни қила олмайди

07.05.2025   4308   4 min.
Сеҳргар бир йилда ҳам бу ишни қила олмайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.

Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.

Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.

Ибн Абдулбарр Яҳё ибн Аби Касирдан ривоят қилади: “Чақимчи ва ёлғончи бир соатда қилиб юборган бузғунчиликни, сеҳргар бир йилда ҳам қила олмайди”.

Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.

Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда:  Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.

Аллоҳ таоло бундай деган: Ва бир-бирингизни ғийбат қилманглар! Сўнгра Аллоҳ таоло ғийбат қилувчининг ҳолатини шундай тасвирлади: Сизлардан ким ўлган биродарининг гўштини емоқчи бўлади?! Бундай ҳолатни ёмон кўрасизлар.

Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.

Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».

Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар: Кимки мусулмонларнинг айбларини ахтарса, Аллоҳ унинг айбларини фош этади — ҳатто ўз уйида бўлса ҳам.

Аллоҳ бундай дейди: Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар.

Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ