Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Гумондан четланинглар. Чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Бировларнинг айбларини ахтарманглар. Ва сўзларига қулоқ тутманглар, яъни жосуслик қилманглар. Бирор нарсага фақат ўзингиз эга бўлишга ошиқманг. Ҳасад қилманг. Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, сизларга буюрилганидек биродар бўлинглар».
Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам зарур бўлган фойдалар ва одобларни ўз ичига олган.
1-Гумон. Бу ердаги гумон билан қилинадиган амаллардан огоҳлантириш, ижтиҳод ўрни ва шаръий ҳукмлар манбаси бўлган гумондан қайтариш эмасдир. Ижтиҳодий гумон бу шаръий далиллардан бир ҳукмни яхшилаб тушунишдир. Қайтарилаётган гунон эса мусулмон ҳақида далилсиз ёмон ўйлаш ёки у билан бирор кишига зарар бериб қўйиши мумкин бўлган гумондир. Бунга далил сифатида:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир..» Ҳужурот сураси, 12 оят.
Сўзларнинг энг ёлғони деб сифатланган гумон ҳақида мушкуллик юзага келди. Шу билан бирга гумонга суянмай атайин айтилган ёлғон, гумонга суяниб айтилган ёлғондан кўра ёмонроқдир. Соҳибини у сабабидан залолатга кетиши кўпроқдир. Унинг насфга қолдирган изи атайлаб айтилган ёлғоннинг изидан каттароқдир. Шкнингдек, одамлар орасида қолдирадиган изи ҳам каттадир.
2-Бировнинг айбини аҳтариш ва жосуслик қилиш. Гумон қилишдан огоҳлантиришдан сўнг бу иккисининг зикр қилиниши жуда ҳам ўринлидир. Чунки гумон қилувчи айтадики: "Ҳақиқатни билиш учун текширяпман", деб, у одамга ҳам "Жосуслик қилма" дейилади. Жосуслик қилишликдан фақат бирор кишини ҳалокатдан қутқариб қоладиган ҳолат бўлсагина қайтарилмайди. Масалан бирор ишончли киши бир кишини фалончи зулм қилиб ўлдирмоқчи деса бу ҳолатда шариат уни қидириб, жосуслик қилишга руҳсат беради.
3-бирор нарсани фақат ўзиники бўлишга ошиқиш. Масалан савдо сотиқ ишларида кузатиладиган ҳолатлар каби.
4-бир-бирингизга ҳасад қилманг. Ҳадиснинг зоҳири икки киши тарафидан баравар содир бўладиган ҳасаддан наҳий қилмоқда. Лекин бу наҳий икки ва ундан кишини ўзи билан чекланиб қолмайди. Гарчи бир киши ҳасад қилса ҳам бу мазаммат қилинади, уни қилишдан қайтарилади. Фарқи йўқ, ҳасаднинг сабаби бировга берилган неъматни ёмон кўриш бўладими, ёки ўша неъматни ҳасадчига ўтиб қолишини хоҳлаш бўладими баробар. Ўша нарсага эришадими йўқми бу ҳам тенг. Агар бу мақсадга эришиш учун ҳаракат қилса боғий бўлади. Агар ожизлиги учун ҳаракат қилмаса бу гуноҳ бўлади. Агар тақво қилиб ҳаракат қиламаса, узр бўлади. Чунки у нафсидаги ёмон руҳий ҳолатини даф қилолмайди. Унга нафсига қарши курашиши етарли бўлади.
“Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”.
5-Бир-бирингизга ғазаб қилманг. Буни ҳам икки киши тарафидан содир бўлиши шарт эмас. Аллоҳ таолодан бошқаси учун ғазабланиш мазаммат қилинган ишлардандир. Аммо бир кишига Аллоҳга исён қилаётгани учун ғазаб қилиш вожиб ва бунга савоб ҳам олади.
6-бир-биридан орқа ўгириш бу, бир кишига душманлиги учун, ҳақорат қилгани учун, ёрдам бермагани учун, ўзбошимчалик қилгани учун, тортишиб қолгани учун ёки салом бермагани учун орқа ўгиришдир.
7-Аллоҳнинг бандалари биродар бўлинглар. Яъни қондош ака-укалардек бўлинглар. Бу буйруқ шафқат, раҳмат, муҳаббат, ҳамдарлик каби биродарлик талаб қиладиган барча яхши ҳислатларни ўз ичига олган. Сизлар Аллоҳ таолога Банда бўлишликда баробарсиз ва бир миллат қилингансиз. Ва кимнинг иши мана шундай бўлса, ундан инкор қилинадиган ишлар содир бўлмаган бўлади. Улар ҳудди қондош ака-укалардек бўлишлари вожиб бўлади.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Ф.Хомидов
Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.
Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:
1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;
2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;
3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;
4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.
Сабаб ва оқибатлар
Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:
Қандай чоралар кўриш керак?
1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;
2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;
3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;
4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.
Хулоса
Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.