Кеча, 28 май куни Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани “Даўқара” овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги қурилган “Абдулкарийм Ахун” жоме масжиди очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Саулаубай Мамбеткадиров, Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси Шамсиддин домла Бауатдинов, мутасадди вакиллар, имом домлалар, овул аҳли иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққан нотиқлар масжид аҳлини жоме билан муборакбод этиб, юртимизда диний-маърифий соҳада қилинаётган ишлар ҳақида сўзлади, илиқ тилаклар билдирди. Шунингдек, унда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Саулаубай Мамбеткадиров жоме ходимларига масжиднинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномани топширди.
Масжиднинг очилиш маросими кунларнинг улуғи муборак жумада ҳудуд аҳлиги туҳфа бўлди, унда тадбир қатнашчилари жамоат бўлиб жума намозини адо этиб, намозхонлар билан хайрли дуолар қилинди.
Маълумот учун, масжид қурилиши соҳоватпеша инсонлар кўмаги ва халқ ҳашари йўли билан 2021 йил бошида бошланиб, ҳозирга келиб тўлиқ битказилган. Шу билан мамлакатимиздаги масжидлар сони 2091 тага, Қорақалпоғистонда эса 55 тага етди.
Жоме 120 нафар намозхонга мўлжалланган катта хонақоҳ, бир вақтнинг ўзида 15 киши фойдаланиши мумкин бўлган замонавий таҳоратхона ва маъмурият хоналарини ўз ичига олган. Катта гумбаз ва бинога қўшилиб кетган икки минора масжидга ўзгача кўрк бериб турибди.
Масжид ўз даврининг маънавият ва маърифат нурини тарқатган дин пешвоси, уламо, кўплаб толиби илмларининг устози бўлган Абдулкарийм Ахун номига қўйилди. Ҳозирда республика қозиёти томонидан масжидга имом-хатибликка номзоднинг ҳужжатлари мутасадди ташкилотларга юборилган.
Аллоҳ таоло ушбу байтуллоҳнинг қиёматгача мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини, унинг барпо бўлишига ҳисса қўшганлар бандаларига ваъда қилган ажру мукофотларни кўпайтириб беришини, бундан хайрли ишлари бардавом бўлишини насиб қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ