Аллоҳ таолонинг инояти билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси, яхши инсонлар шарофати натижасида “Тошкент–Термиз” – М-39 автомагистрал йўлининг Жиззах вилояти Пахтакор тумани “Буюк ипак йўли” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи катта магистрал йўл ёқасидаги 70 сотох ер майдонида ҳамда “Тошкент–Андижон–Фарғона–Наманган” А-373 халқаро автомобил йўлининг Ангрен шаҳар “Ёшлик” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи катта магистрал йўл ёқасидаги 70 сотох ер майдонида барча қулайликларга эга бўлган иккита замонавий йўловчи жоме масжидлар қурилади.
Ҳозирда ҳар икки масжидни қуриш бўйича туман ва шаҳар ҳокимлик қарорлари чиқарди ва смета лойиҳа ишлари бошлаб юборилди.
Ушбу масжидлар юртимиз ва хорижлик мўмин-мусулмонларнинг ибодатларини тўкис адо этиши, зиёрат туризимининг янада тараққий этишига катта хизмат қилади, иншоаллоҳ!
Аллоҳ таоло юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хайрли ишларга файзу-футуҳ ато этиб, илоҳий баракотини зиёда қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ مُسْلِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْحَنَفِيِّ قَالَ: بِرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنَّ يَبَرَّكَ فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ
Муслим ибн Абдуллоҳ Ҳанафийдан ривоят қилинади: “Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оқ бўлади”.
Боланг кичиклигида сен унга яхшилик қилиб, тарбиясини ва муомаласини яхши қилгин, қариганингда у сенга яхшилик қайтаради. Аммо ким ёшлигида фарзандига ёмонлик қилиб юрган бўлса, қариганида фарзандидан кўради.
Ота-она ўзининг фарзанди олдидаги мажбурият ва масъулиятини шараф билан адо этиб қўйса, қариганида албатта қилган яхшиликлари боласидан қайтади.
Худди шу маънога ўхшаш яна бир гап бор. Ким ёшлигида ота-онасига яхшилик қилса, қариганида унга ҳам боласи яхшилик қилади. Бу ҳолат аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Отамиз раҳматли шу маънодаги ҳикояни бир неча марта такрорлаганларининг гувоҳи бўлганмиз.
Шундай экан, ҳар бир киши ота-онасига ҳам, фарзандига ҳам доимо яхшилик қилиш пайидан бўлиши керак. Қисқаси, ҳар кимга шариат томонидан берилган ҳақнинг риоясини қилиш лозим.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.