frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Олий Мажлисда Ислом молия тизими масаласи муҳокама қилинди

27.05.2021   3103   7 min.
Олий Мажлисда Ислом молия тизими масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан “Ўзбекистонда ислом молия тизимини татбиқ этиш истиқболлари ва ҳуқуқий асосларни яратиш” масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Қуйи палата депутатлари, тегишли вазирлик ва қўмита аъзолари, иқтисодчи олим, эксперт, соҳа мутахассислари иштирокида ўтган тадбирда Ислом молияси тарихи ва бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларига бўлган эҳтиёж, унинг қонунчилик ва ҳуқуқий асосини яратиш зарурати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ислом молияси бўйича ўтказилган сўровнома натижалари билан таништирилди.

Маълумки, исломий молия фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни кўзда тутади. Яъни, у шерикчиликка асосланади. Улар мижоз талаби билан объектни қуриши, асбоб-ускуналар, товар, хом ашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Шериклик асосидаги молиялаш тизими эса дахлсизлик, шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, таваккалчиликлар, фойда ва даромадларни адолатли тақсимлаш, иқтисодий фаровонлик ва ижтимоий адолатнинг мувофиқлик тамойилларига асосланади. Ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, ижтимоий адолат, қонун доирасида ҳаракат қилиш, маблағларни меъёрида сарфлаш ва монополияга қарши курашиш мазкур тизимнинг фундаментал асоси ҳисобланади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, сўнгги йилларда жадал ривожланиб бораётган ва жаҳон молиявий маконини ишончли забт этаётган Исломий молия тизимига бўлган қизиқиш тобора кучаймоқда. Янги исломий банклар, суғурта ташкилотлари, инвестиция жамғармалари ташкил қилиниб, ҳатто ушбу тизим мусулмон бўлмаган мамлакатларда ҳам кенг ривожланаётгани эътиборга молик. Дунёвий давлат бўлса-да, аксарият фуқаролари насроний бўлган Буюк Британиянинг 20 дан ортиқ банкларида мижозларга ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари таклиф қилинмоқда.

Маълумотларга кўра, Бангладешнинг иқтисодий ўсиш суръати 5,57 фоиздан (2010 йил) 7,9 фоизга (2018 йил) етди. Тадқиқотларга кўра, ислом банклари кичик ва ўрта бизнес субъектларининг молиявий маблағларга бўлган талабини қондириш орқали Бангладешнинг иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшди. Бугун ислом банклари ушбу давлат банк тизимида 24 фоиз улушга эга.

2012 йил Уммон давлатида ислом молияси тамойиллари татбиқ этилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида ислом молияси активлари ҳажми 12,6 млрд АҚШ долларга, банк тармоғидаги улуши эса 13,7 фоизга етган. Бу давлат ҳозирда ислом молияси бозори кўлами жиҳатдан дунёда 15 ўринда туради.

Умуман, бугунги кунга келиб, 300 дан зиёд ислом банки ва молия муассасаларининг ялпи активлари 2,5 триллион АҚШ долларидан ошиб, йилига 15-20 фоизга ўсмоқда. Шу маънода, мусулмон давлатлардаги фаолияти исломий молиялаштиришга асосланган ташкилотлар маблағини Ўзбекистон иқтисодиётига, хусусий секторини қўллаб-қувватлашга жалб этиш айни муддаодир.

Ушбу тадбирнинг “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ўтказилгани бежиз эмас. Партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида дунёда жадал ривожланаётган анъанавий молия тизимига муқобил равишда банк ва тадбиркорнинг шерикчилигига асосланган кредитлаш механизмини жорий этишга қаратилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодировга кўра, Ўзбекистонда аллақачон жорий этилиши керак бўлган бу тизимни амалиётга татбиқ этилиши афсуски қийин бўляпти. Ваҳоланки, бугунги кунда Ислом молиялаштириш тизими дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам жорий этилмоқда. Ўзбекистон марказий Осиёда энг кўп мусулмон аҳолига эга давлат бўлишига қарамасдан бу масалаларда Қозиғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан сезиларли орқада қолган.

Мамлакатимизда Исломий молиялаштириш ишлари 2004 йилда бошланган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) аъзолигига қўшилгани билан боғлиқ. Юртимиз учун янги йўналишга бугун бизнес вакилларида ҳам, аҳолида катта эҳтиёж мавжуд. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан юқори қисми Ислом динига эътиқод қилади ва эътиқоди туфайли 15-20 фоизга яқин аҳоли анъанавий кредитлаш тизимидан фойдаланмаяпти. Муқобил кредитлаш тизими орқали эса мазкур қатлам ҳам тўлиқ қамраб олиниши мумкин. Бу ана шу қатлам омонатларини иқтисодиётга жалб этиш, улардан эса оқилона фойдаланиш учун катта имконият яратади. Яъни, бу орқали “заҳирадаги” ички инвестицияларни иқтисодиётимизнинг ўсишига жалб қилиш, хуфиёна иқтисодиёт салмоғини камайтириш, энг муҳими, тадбиркорликни ривожлантириш мумкин бўлади.

Изланишларга кўра, Ўзбекистондаги бизнес субъектларининг 80 фоизи ички манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва уларнинг чорак қисмигина кредит хизматидан фойдаланади. Банк активларининг 85 фоизи эса давлат банкларига тегишли ва уларда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун саноқли маҳсулотлар мавжуд. Шу боис, аксарият корхоналар банкларни молиялаштиришнинг афзал манбаи ҳисобламайди. Бу эса бизнес субъектларининг молиявий ҳисоботларга етарли даражада эътибор бермаслиги, солиқ идораларига тақдим этадиган расмий ҳисоботларида эса аксарият ҳолатда ҳақиқий молиявий ҳолатни кўрсатмаслигига сабаб бўлмоқда. Тижорат банклари ҳам ўз навбатида бундай ҳисоботларга ишонч билдирмайди ва бу кўплаб субъектларни кредитлаш имкониятидан маҳрум қилади.

Давра суҳбатида Ўзбекистонда ислом молияси бўйича бизнес вакиллари ҳамда аҳоли иштирокида ўтказилган сўровнома натижалари ҳам эълон қилинди. Тўғридан-тўғри ва онлайн шаклда ўтказилган сўровда 2 235 нафар бизнес вакиллари, қарийб 5000 нафар жисмоний шахслар иштирок этган. Натижаларга кўра, бизнес субъектларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг эса 56 фоизи диний қарашлари сабаб анъанавий банк кредит хизматидан фойдаланмайди. Мос равишда иштирокчиларнинг 61 ва 75 фоизи Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, танлашга тайёр эканлигини билдирган.

Сўровда банклар ҳам иштирок этган ва улардан Ўзбекистонда ислом молия тизимини жорий этишдаги энг катта тўсиқ ва муаммолар ҳақида сўралган. Маълум бўлишича, ислом молия маҳсулот ва хизматлари, жумладан, ислом суғуртаси бўлган “такофул”ни тартибга солувчи қонунлар йўқ. Шунингдек, амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган. Ҳозирча ислом молияси ва банки бўйича мутахассислар олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ. Шунингдек, аҳолининг ислом молияси ҳақида билим ва тушунчалари ҳам етарли эмас.

Тадбирда таъкидланганидек, Ислом молияси маҳсулотларидан фойдаланиш учун амалдаги банк қонунчилиги, солиқ ва фуқаролик кодекслари ҳамда бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ёки алоҳида қонун қабул қилиш лозим. Шунингдек, бу соҳада кадрларни тайёрлаш ва аҳолининг саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, айнан исломий молиялаш тизими аҳоли қўлидаги бўш маблағларни реал иқтисодиётга жалб қилиш орқали ҳам иқтисодиёт, тижорат ва аҳоли фаровонлигини сезиларли даражада фаоллаштиришга қўшимча имкон яратади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кичкина деманг...!

06.07.2026   3356   7 min.
Кичкина деманг...!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Халқимизда: “Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни”, деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий оқибатларга олиб бориши табиий.

Уламолар гуноҳларнинг тури кўп бўлсада уларни иккига тақсим қилганлар. Кабира ва сағира яъни: катта – кичик. Биз иккиси ҳақида ҳам сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки кичик гуноҳларга оид, билишимиз муҳим бўлган нуқтага эътибор қаратмоқчимиз, халос.

Сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Ўша сағирани бардавом қилиш билан унга кабира ҳукми берилади. Уламолар эса, олтитита нарса сабабли сағира кабирага айланади, деганлар:

1. Сағирани доимий қилиш билан;
2. Уни бепарво қилиш билан;
3. Хурсанд бўлиб қилиш билан;
4. Одамларга фахрланиш билан;
5. Ошкора қилиш билан;
6. Олим ёки муқтадолардан содир бўлиш билан.

Мана шу олти сабаб сағира гуноҳни кабира гуноҳга айлантирар экан. Демак, улардан ҳамиша эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сабабларни яхши тушуниб олишимиз учун уларга бироз шарҳ бериш мақсалга мувофиқ кўринди.

1.Сағира гуноҳларни доимий қилиш билан кабирага айланади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Гуноҳ каттами – кичикми барибир, у гуноҳ. Оқил инсон ўзини доим гуноҳлардан эҳтиёт қилиб бориши лозимдир. “Амалларнинг Аллоҳ таолога маҳбуби оз бўлса – да бардавом бўлаганидир”, дейилган ҳадисда. Шундай экан, сағира гуноҳларни бардавом қилиб, одатга айлантириб олишдан сақланмоқ лозим.

Банда қилган гуноҳини кичик санагани сари у Аллоҳнинг наздида катталашиб кетаверади. Гуноҳни катта ҳисоблагани сари у кичайиб бораверади. Чунки гуноҳни катта санаш ўша хатога қалб рози бўлмаслигидан келиб чиқади. Икки саҳиҳда: “Мўмин гуноҳини тоғни тепасида турган, қулашидан қўрқадигандек билади. Фожир эса, гуноҳларини бурни устига қўнган пашшадек кўради. Мана бундай қилади. (Қўли билан хайдайди), дедилар.

Имом Бухорийнинг саҳиҳида: “Сизлар (баъзи) ишларни сочдан ҳам ингичка биласиз. Биз эса, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳалок қилувчилардан ҳисоблар эдик”, дейилган.


Ҳадисларда: “(Гуноҳга) истиғфор айтиш билан катталигича, доимий қилиш билан эса, кичиклигича турмайди”, дейилган.

Шариат тарозусида тортилаётган гуноҳ кичик бўлгани билан унга ҳаёсизлик, Аллоҳдан хавф қилмаслик қўшилса вазни ортиб кабира гуноҳ сафига ўтиб қолади.

Уламоларимиз: Битта кабира гуноҳни кечирилиши доимий қилинадиган сағирани кечирилишидан осонроқ. Бунга бир мисол: тошга бирданига қуйилган сувнинг таъсири бўлмайди. Лекин доимий оқизиб қўйилган томчилар тошни тешиб юборади”, деганлар.


2.Сағира гуноҳни бепарво қилиш билан кабирага айланади;

Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Билол ибн Саъднинг: “Хатонинг кичиклигига қарама. Балки кимга осий бўлаётганингга қара, деганини эшитдим”.

Ташла сағира – ю кабирани ана шу тақво,

Юргин эҳтиёт, оҳиста нишли ерлардан.

Ҳақир санаб, “сағира”, деб қилма мосуво,

Тоғлар ҳам иборатдир майда тошлардан!


3.Сағира гуноҳни хурсанд бўлиб қилиш билан кабирага айланади.

Гуноҳ қилган инсон хатосига афсус, надомат қилиши лозим. Гуноҳ қилиб хурсанд бўлиш эса, ўша гуноҳга нисбатан бепарволик қилиш, менсимаслик, демакдир. Ҳаётимизда бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Кўрдингми, “палончини қандай мот қилдим – а?”, “хатоларини айтганимда роса хижолат бўлди – да!” каби сўзларни айтиб хурсанд бўлишга ўхшаш.


4.Сағира гуноҳни одамларга фахрланиб қилиш билан кабирага айланади.

Фахрланишнинг ўзи гуноҳ. Лекин мана шу ифтихор сағира гуноҳ қилаётган инсондан содир бўлса унинг кичик хатоси ҳам кабирага айланиб қолади.

Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Таърифот”ида: “Фахрланиш – одамларга қилган яхшиликларни санашга интилиш”, – деганлар. 


5.Сағира гуноҳни ошкора қилиш билан кабирага айланади.

Ёмон саналган кашф (очиш) – у ошкоралик ва истеҳзо кўринишида бўлганидир. Савол ва фатво сўраш кўринишдагиси эмас. Рамазонда аёлига яқинлик қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган кишининг саволини инкор қилмаганликлари далил. Бояги кишининг қилган иши ёмон, албатта. Лекин фатво сўраш учун ошкора айтишга рухсат берилади. Шояд жавоб олиб тавба қилса!?

Ҳадиси шарифда:“(Гуноҳни) ошкор қилувчилардан бошқа умматим офиятдадир”, дейилган. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Бухорий ривояти)

“Фатҳ ал Борий”да (10/486): “Ошкор қилувчи – маъсиятни кўрсатиб, Аллоҳ беркитган нарсани очиб, айтиб юрадиган кишидир”.


Имоми Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: Гуноҳ қилишга мубтало бўлган киши уни бошқага айтиши макруҳ бўлади. Лекин ундан тийилимоғи, надомат қилмоғи ва қайтмасликни қасд қилмоғи лозим. Агар устози ёки шунга ўхшаш инсонларга ундан қутилиш йўлини ўргатиш, яна такрорлаб қўйишдан сақланиш, мубтало қилган сабабни билдириш ёки ҳаққига дуо қилиш ва шу каби бошқа нарсалар мақсадида айтса чиройлидир. (Ўринли) маслахат бўлмаса макруҳ бўлади”.


6.Сағира гуноҳ олим ёки муқтадолардан содир бўлиши кабирага айланади.

Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимнинг аслида кичик ҳисобланган гуноҳ ила тойилиши кабира бўлади”, деганлар.

Олимнинг зиммасида икки вазифа бор. Бири гуноҳларни тарк қилиш. Иккинчиси гуноҳ қилиб қўйса яшириш. Унга яхшиликда эргашилганда ҳасанотлари зиёда бўлгандек, хатода ҳам салмоғи зиёда бўлади. Олимга либоси ва нафақасида мўътадил бўлмоғи лозим. Одамлар унга қараб тургани боис озроғига мойил бўлсин!

Олим ва муқтадо кишилар ҳаммага ўрнак бўлишлари лозим. Улуғ инсонлардан содир бўладиган кичик гуноҳлар жоҳил инсонларга ҳужжат бўлади. Кўпинча бу ишни қилманг ёмон бўлади десак, дархол хўп дейиш  ўрнига “палончи олим ёки пистончи улуғ одам ҳам қилади – ку!”, – дейди. Уларга айтамизки, одам боласи хато – камчиликдан холи эмас. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида айтиб қўйганлар: “Одам боласи борки хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшилари сертавбаларидир”. Шунчалар эргашгингиз келса ана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг! Чунки Аллоҳ таоло каломида у зотда гўзал ўрнак борлигини айтиб қўйган.

Усул китобларимизда: “Олимнинг бир ҳаром ишни қилиши уни ҳалолга айлантириб қўймайди”, дейилган.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ

 

Мақолалар