Ўзбекистоннинг Покистондаги зиёрат туризми элчиси Пир Ҳасиб ур-Раҳмон «Дунё» АА учун берган интервьюда сўнгги йилларда Ўзбекистонда бой диний-маънавий меросни ўрганиш, мамлакатда яшаётган турли миллат вакилларининг миллий ва диний қадриятларини асраб-авайлаш бўйича ислоҳотларни эътироф этди.
– Бугун Ўзбекистон ва Покистон ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантирмоқда. Уларни узоқ тарихга эга ришталар боғлаб турибди, – деди Пир Ҳасиб ур-Раҳмон. – Ўзбекистон халқига энг эзгу тилакларимни изҳор етишдан беҳад мамнунман. Икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун дуо қиламан.
Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. Тошкент томонидан 2020 йилнинг июлида Исломободга пандемия пайтида кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами фикримни яққол тасдиқлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, сайёҳлик ва зиёрат туризми соҳасидаги вазифалар Покистондаги Нақшбандия тариқати издошлари томонидан юксак баҳоланмоқда.
Ўзбекистон туризм маскани сафатида зиёратчиларга нафақат Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларида диққатга сазовор тарихий жойлар билан танишиш, балки ўзбек диёрини ислом маданияти ва цивилизацияси марказига айлантирган буюк мутафаккир ва алломалар меросидан баҳраманд бўлиш, ушбу бебаҳо бойликни ўрганиш учун қулай имконият тақдим қилмоқда.
Маълумки, Ўрта асрлар Ренессанси даврида бугунги Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий ва бошқа кўплаб буюк мутафаккирлар, сўфийлар, олимлар, илоҳиётчилар етишиб чиққан. Улар ўз илмий-маърифий даҳоси билан, жумладан, Жанубий Осиё тамаддунига ҳам бевосита таъсир кўрсатган.
Бугунги кунда Ўзбекистон раҳбарияти бой маънавий-маърифий меросни, ислом уламоларининг илмий асарларини, шунингдек, диний бағрикенгликни чуқур ўрганиш ва оммалаштириш борасида изчил изланишларга қатъий даъват этмоқда.
Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари ана шу мақсадларга хизмат қиляпти.
Мен Покистондаги Нақшбандия тариқати издошлари делегацияси таркибида Ўзбекистонга сафар қилиб, мамлакатдаги диний-маърифий илм-фан соҳасидаги катта ўзгариш ва янгиланишлар жараёни ҳамда халқаро Ислом академияси ва илмий марказлар қурилиши билан яқиндан танишиш шарафига муяссар бўлдим.
Таъкидлаш керакки, Покистон ислом мафкураси кенгаши, Дин ишлари ва ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон исломий марказлари билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр.
Ўзбекистон Покистон каби сўфийлик анъаналари мамлакатидир. Ушбу заминда дунёга буюк ҳадисшунос ва илоҳиётчи олим Имом Бухорий, шунингдек, Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқа кўплаб буюк шахслар таваллуд топиб, вояга етган, ўзларидан бебаҳо мерос қолдирган.
Ишончим комилки, бу борадаги шерикликни ривожлантириш халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашнинг муҳим истиқболларини очиб беради.
Тўғридан-тўғри рейсларнинг қайта тикланиши Покистондаги Нақшбандия тариқати издошлари томонидан илиқ кутиб олинади. Чунки кўплаб муридларимиз Ўзбекистонга зиёратга боришни истайди. Бу имконият умумий имон, маданият, анъана ва тарих билан боғланган икки қардош халқни янада яқинлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилган. Ибодатларнинг улуғларидан бири намоз амалини дуруст бўлиши таҳоратга боғлиқ. Намозда таҳорат тўлиқ ва мукаммал бўлиши керак. Таҳорат масаласи ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб ҳукмлар келган.
Хусусан аждодимиз, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарида алоҳида бўлим очиб унга «Таҳорат китоби» деб ном берган. Ва энг аввал бобни таҳорат ҳақида келган Моида сурасининг “Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” деган 6-оятини келтирган. Ва давомида “Набий алайҳиссалом таҳоратни бир марта, икки марта ва уч марта қилинишини баён қилдилар”, деган.
Кейин эса “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди” деб иккинчи бобга ном берди ва унда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. У ҳадисни Имом Бухорийга устози Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий айтди, унга Абдурраззоқ, унга Маъмар, унга Ҳаммом ибн Мунаббиҳ айтди, у Абу Ҳурайрадан эшитган. Абу Ҳурайра айтади: “Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози қабул қилинмайди, дедилар. Бир киши шу вақтда “Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни нима синдиради?" деди. У зот, овозли ва овозсиз ел", дедилар.
Ҳадисда “қабул бўлмайди” дейилди. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, бу ердаги намоз қабул қилинмасилиги “қабули исобат” топилмагани учундир, деганлар. Яъни, намоз фиқҳий қоидалар асосида адо қилинмаган, сабаби намозни шарти бўлган таҳорат бўлмагани учун ибодат қабул бўлмайди.
Аслида “қабул” сўзи Аллоҳ таоло қабул қилган амалга ишлатилади. Намозхон ибодатни “қабули исобат” билан, яъни фиқҳий қоидалар асосида адо қилган бўлса-да, унга риё аралаштирса, Аллоҳ қабул қилмаган бўлади, бунда “қабули ижобат” топилмаган ҳисобланади.
Матндаги “ла туқбалу – қабул қилинмайди” деган жумлани “қабули исобат” ёки “қабули ижобат” деб тақсимлашга ҳожат йўқ. Чунки “ла туқбалу” “мардуд” маъносида, яъни намоз таҳоратсиз рад қилинади, деганидир.
Ҳадисда Абу Ҳурайра таҳоратни бузадиган икки нарсани санади, у зотнинг наздида шу икковигина таҳоратни бузадими, дейилса, бунга уламолар жавоб беришади:
Биринчи эҳтимол: Ҳа, фақат шу иккиси бўлиши мумкин;
Иккинчи эҳтимол: Аломма Кашмирий айтади, бу савол-жавоб масжидда бўлган. Масжидда эса таҳорат синиши шу иккиси билан бўлади. Ва яна одамларни наздида бу иккиси таҳорат синдирадиган нарса эмас, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Шу иккинчи эҳтимол уламолар наздида биринчи эҳтимолдан рожиҳ – афзалроқ.
Демак, таҳорат намозни дуруст ё нодуруст бўлишига сабаб бўлиб, ҳар бир намозхон таҳоратга катта эътибор қаратиш лозим.
Абдулбосит Мелибоев,
Тошкент Ислом институти талабаси.