Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Январ, 2025   |   9 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:31
Шом
17:15
Хуфтон
18:34
Bismillah
09 Январ, 2025, 9 Ражаб, 1446

Ўзбекистон зиёрат туризмига назар

21.05.2021   1177   9 min.
Ўзбекистон зиёрат туризмига назар

Маълумки, сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда сайёҳлик жабҳасини равнақ топтиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Бунда зиёрат туризмини ривожлантириш алоҳида ўрин тутади, хабар бермоқда «Дунё» АА.

Ўзининг бой тарихи, маданияти, жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб олим ва мутафаккирлари, бетакрор маданий мероси, кўҳна меъморий обидалари, пазандачилик ва халқ амалий санъатига эга бўлган Ўзбекистон зиёрат сайёҳлиги йўналишида ҳам улкан салоҳиятга эга экани халқаро миқёсда ўз эътирофини топган.

Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мамлакатимизда сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Республикамиз ҳудудида турли динларга оид маданий мерос объектларининг мавжудлиги Ўзбекистонда зиёрат туризмини кенг тарғиб қилишга, бу йўналишда хорижий сайёҳлар оқимини оширишга сабаб бўлаётган муҳим омиллар сирасига киради. Мамлакатимиздаги зиёрат туризми учун ҳар жиҳатдан мос келадиган жами 622 та маданий мерос объектининг 595 таси ислом динига, 19 таси насронийлик, 8 таси эса буддавийлик динига мансубдир.

Мамлакатимиз ҳудудида яшаб ижод қилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбандий, Хўжа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, мусулмон оламидаги бошқа қатор машҳур аллома ва мутафаккирлар мақбаралари мусулмон динига эътиқод қиладиган кўплаб сайёҳларнинг диққат-эътибори марказида бўлган қадамжолар ҳисобланади.

– Ўзбекистон дунё сайёҳлари учун муҳим манзил бўлган диёрдир, - деб таъкидлади «Damga» газетаси муҳбири Мурат Палавар (Туркия). - Мамлакат зиёратчиларни жозибадор муҳити билан ҳайратга солади. Феруза ранглар билан жилоланган тарихий масжидлар, мадрасалар, тарих қаърига элтувчи карвонсаройлар ҳар қандай сайёҳни ром этиши табиий. Мамлакат туризм имкониятлари билан бир қаторда асрлар оша сайқаллашиб келаётган миллий урф-одатлар ва қадриятлар ҳам меҳмонлар эътиборини тортади.

Шуни қайд этиш жоизки, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ўзининг амалий самараларини бермоқда. Бунга сабаб бўлаётган омиллар эса талайгина.

Энг аввало, юртимизга зиёратчи сайёҳларни жалб қилиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларга биноан, қатор мамлакатларга визасиз режимнинг жорий этилганини қайд этиш жоиздир. Бунинг натижасида 2018-2019 йилларда Ўзбекистонга Индонезиядан келган сайёҳлар сони 170 фоиз, Малайзиядан 158 фоиз, Туркиядан 154 фоиз ва БААдан 153 фоизга ўсди.

Шунингдек, ҳалол туризм бўйича Сингапурда жойлашган жаҳоннинг нуфузли ташкилоти бўлган “Crescent Rating” агентлиги билан 2018 йилда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Crescent Rating ва Mastercard ташкилотлари томонидан ҳар йили эълон қилиндиган “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида мамлакатимиз 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилди ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 та мамлакат қаторидан ўрин олди.

“Crescent Rating” агентлиги маълумотномаларида қайд этилишича, 2026 йилга қадар дунё бўйлаб ҳалол туризм йўналишида 230 миллион сайёҳ бўлиши тахмин қилинмоқда. “Pew Research Center” тадқиқот маркази 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг деярли 30 фоизи мусулмонлардан иборат бўлишини ҳисоблаб чиққани ҳам назарда тутилар экан, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш қай даражада муҳим эканлиги яна бир бор аён бўлади.

– Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий округи мусулмонлари диний идораси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан зиёрат туризми, ислом қадамжоларини зиёрат қилиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар фаол ривожлантирилмоқда, - деди Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари диний идораси раиси шайх Равиль ҳазрат Панчеев. – Шу маънода Ўзбекистон ўзининг тарихий ва муқаддас обидалари билан алоҳида мавқега эга. Мамлакатингизда Бухоро, Самарқанд, Хива ва бошқа зиёрат қилинадиган табаррук шаҳарлар кўп.

Мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш ва ушбу йўналишда хорижий мутахассислар тажриба алмашиш мақсадида 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида I Халқаро зиёрат туризми форуми ўтказилди. Мазкур анжуманда 130 дан зиёд мамлакатнинг туризм ҳамда дин соҳаси олимлари ва мутахассислари иштирок этди. Форум тадбирлари дунёнинг 20 дан зиёд ОАВ ва интернет тармоқлари орқали кенг ёритилди. Тадбир якунида қабул қилинган “Бухоро декларацияси”да Ўзбекистон зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилди.

– Ўзбекистон очиқ осмон остидаги музейга ўхшайди, - дейди Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори, мотуридийшунос олим Сўнмез Кутлу (Туркия). - Бу заминда ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсиз. Мен Ўзбекистонга борганимда ўзимни худди туғилиб ўсган Эрзинжан вилоятида юргандек ҳис қилдим. Мамлакатдаги ҳар бир гўша ва анъаналар қадрдондек, танишдек туюлаверади. Мен барча дўстларимга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан Ўзбекистонга боришни, ушбу юртдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни тавсия этаман.

Шу билан бирга, 2020 йилда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро “Ислом олами маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан онлайн шаклда илмий конференция ва мулоқотлар ҳам ўтказилди.

Сўнгги йилларда хорижий мамлакатлардаги тасаввуф йўналиши вакилларининг юртимиздаги “Етти пир” ва Нақшбандия тариқатига оид зиёратгоҳларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Малайзияда жойлашган “World Sufi Centre” жамияти билан биргаликда 2018-2019 йилларда анъанавий тарзда ўтказилган Нақшбандия фестивалига хориждан 500 дан ортиқ иштирокчи келди. Кейинги йилларда янада кўпроқ хорижий сайёҳни жалб қилиш мақсадида ушбу зиёратгоҳларда кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди, уларда зиёрат амалларини бажариш учун таҳоратхоналар, замонавий информацион технологиялар, сенсорли инфокиосклар ўрнатилди, янги музей ва кутубхоналар, овқатланиш шохобчалари барпо этилди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа сайёҳлик объектларида ҳам зиёратчилар учун тегишли шароитлар ва қулайликлар яратилмоқда. Меҳмонхона ва овқатланиш масканларини “ҳалол” сертификатлаш йўлга қўйилди. Республиканинг халқаро аэропортлари ва темир йўл вокзалларида ибодат қилиш ва таҳорат олиш учун махсус жойлар ташкил қилинди. Шу тариқа мустақил зиёратчилар ёки “Умра+” каби катта гуруҳдан иборат сайёҳларни кутиб олиш имкониятлари яратилди.

Мамлакатимизнинг Ислом цивилизацияси маркази сифатидаги обрў-эътиборини тарғиб этиш бўйича ҳам халқаро миқёсда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Дубай, Аланья, Қозон, Жакарта ва Сингапур шаҳарларида ўтказилган кўргазма ва конференциялар доирасида, шунингдек, Туркиянинг «TRT Avaz», Индонезиянинг «Trans7», «NetTV», «SCTV», Малайзиянинг «AlHijrah», Сингапурнинг «HalalTrip» ва бошқа хорижий медиа-платформалар орқали тарғибот ишлари амалга оширилди. Натижада, “Mastercard-Crescentrating Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида Ўзбекистон янги трендга асос солган мамлакат сифатида бутун дунёга эълон қилинди.

Афсуски, коронавирус пандемияси туризм соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Шунга қарамасдан давлатимиз раҳбарияти томонидан пандемия шароитида мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш ва пандемия билан боғлиқ муҳитнинг юмшаши билан мамлакатимизга сайёҳларнинг ташрифини жадаллаштириш йўналишида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, зиёрат мақсадида ташриф буюрувчи сайёҳлар учун шарт-шароит ва қулайликлар яратиш, туристик объектларни қайта таъмирлаш, ҳалол овқатхона ва яшаш жойларини яратиш, сайр қилиш ҳудудларини тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат. Мамлакатимизда зиёрат туризмини изчил равишда ривожлантириш мақсадида турли мамлакатлар мусулмонлари, яъни салоҳиятли зиёратчиларнинг мамлакатимизнинг муқаддас жойлари тўғрисидаги хабардорлигини оширишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатия ваколатхоналарида мунтазам равишда кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, виза тизими бекор қилинган қатор мамлакатларда тарғибот ишларини жадаллаштириш мақсадида “Ўзбекистонннинг туризм бренди элчиси” институти жорий этилди. Унга мувофиқ, Хай Давидов (Исроил), Софи Ибботсон (Буюк Британия), Махд Асри Заинал Абидин (Малайзия), Хасиб Ур Раҳмон (Покистон), Эко Шри Маргианти (Индонезия) туризм элчиси ва зиёрат туризм элчиси мақомига эга бўлди. Улар ўз мамлакатларида Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб қилиш, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида турли мақола ва интервьюлар чоп этиш ҳамда юртимизга сайёҳларни жалб этишга хизмат қиладиган бошқа муҳим ишларни амалга оширмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда комил ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш ва хорижий сайёҳларни жалб бўйича дунёда етакчи мамлакатлардан бирига айланмоқда. Сайёҳлик жабҳаси доимий изланиш, инвестиция киритиш, замонавий технологиялардан унумли фойдаланишни талаб этади. Шу боис Ўзбекистон учун ушбу стратегик муҳим бўлган соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз бағрида жойлашган тарихий ва маданий меросни кўз қорачиғидек авайлаб асраш фавқулодда муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   1388   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар