Муқаддас Ислом динида биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Жахли чиққанда ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик халол эмас. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажр (савоб)га шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаб юриши ҳалол эмас. Учрашганларида униси ҳам юз ўгиради, буниси ҳам юз ўгиради. Уларнинг яхшиси аввал салом берганидир", дедилар".
Аразлашган икки киши кўчада учрашиб қолиб, бир-биридан юз ўгириб ўтиб кетиши халол эмас. Мана шу икки кишининг кай бири аввал салом берса, шуниси яхшироғи бўлади.
Абу Дардодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам:
«Сизларга намоз, рўза ва садақадан ҳам афзалроқ даражани айтиб берайми?» дедилар.
«Ҳа! Айтиб беринг!» дейишди.
«Икки томоннинг орасини ислоҳ қилиш. Икки томоннинг орасини бузиш қирувчидир», дедилар».
Шарҳ: Уришиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилишнинг даражаси нафл рўза тутгандан, нафл намоз ўқигандан, нафл садақа қилгандан юқоридир.
Икки томоннинг ораси бузилиши ҳалокатга олиб борадиган нарсадир. Бу худди устара сочни қиргандек, жамиятни қириб, расво қиладиган нарсадир.
Бунинг акси, яъни аразлашиб, жанжаллашиб қолган томонларнинг орасини ислоҳ қилиш эса юксак даражадаги савобли ишдир.
Ҳар биримиз аразлашиш ва қариндошлардан узоқлашиш, гина-адоват, нафрат, адоватни авж олдирувчи шайтоннинг фитнасидан паноҳ тилашимиз лозим. Аллоҳ мўминларнинг қалбини иймон билан поклади. Қуръон ва суннатда баён қилинган одоблар кишининг қалбидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлайди. Қуръон ва суннат мусулмонларни яқинларига нисбатан ишончда бўлиши учун бир-бирларига ўзаро муҳаббат ва меҳр-оқибат изҳор қилишга буюрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши бир-биридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши жоиз эмаслигини марҳамат қиладилар. Зеро, гина-араз яқин кишилар ўртасида меҳр-оқибат йўқолишига олиб келади. Шайтонга мўминлар орасида низо солиши учун қулай фурсат туғилади. Мусулмоннинг араз қилиши уч кеча-кундуздан ортиқ бўлса, бу иш гуноҳи кабирадир. Чунки бу одамларнинг ораси бузилиб кетишига олиб келади. Шунинг учун уч кундан кейин саломлашиб, ярашиб олиш буюрилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: "Аллоҳга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. То бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунча мўмин бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо қиладиган нарсани айтиб берайми - ораларингизда саломлашишни ёйинглар" (Бухорий ва Абу Муслим ривоятлари).
Кимдир оила даврасида кўп эркалик кўрганидан, улғайганида ҳам унга ҳамма жойда шундай муносабатни кутади. Аммо ҳамма ҳам бировнинг эркалигини кўтаравермайди. Шундай экан, ҳар нарсага аразлаб, яқинлари билан неча кунлаб гаплашмай юриш мўминнинг иши эмас. Аллоҳга хуш келмайдиган бундай ишлардан тийилайлик. Шунда яқинларимиз ҳурматига сазовор бўлиб, осуда ҳаёт кечирамиз.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман Имом Султон жомеъ масжиди имом хатиби
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.