Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Январ, 2025   |   16 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:39
Шом
17:23
Хуфтон
18:41
Bismillah
16 Январ, 2025, 16 Ражаб, 1446

Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташрифи

21.05.2021   1909   1 min.
Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташрифи

2021 йил 21 май куни Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида диний соҳа вакиллари билан учрашув бошланди.

Тадбир доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этишмоқда.

Даставвал, мартабали меҳмонлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта-махсус таълим муассасаси фаолияти, яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, ислом дини равнақи ҳамда Ислом цивилизацияси ривожига беназир ҳисса қўшган Муҳаммад Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Варроқ Термизий ва бошқа термизийларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган бугунги тадқиқотлар натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Айни дамда марказнинг кичик мажлислар залида учрашув давом этмоқда.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

13.01.2025   2847   3 min.
Деструктив ахборот тарқатишнинг хатарлари

Бугунги глобаллашув даврида ахборот тарқатиш тезлиги беқиёс даражада ошди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиладиган маълумотлар жамиятнинг турли қатламларига кучли таъсир кўрсатмоқда. Афсуски, бу имкониятлар баъзан миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатиш учун ҳам ишлатилади. Бундай хатти-ҳаракатлар жамият бирдамлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солади.


Деструктив, яъни бузғунчи, низоли ахборот тарқатишнинг асосий хатарлари қуйидагилар:

1. Жамиятда адоват ва нафрат уйғотиш. Миллатлар ва диний конфессиялар ўртасида адоватли ахборот тарқатиш жамиятда нафрат уйғотади. Бундай маълумотлар одамлар ўртасида ишончсизликни кучайтиради, ўз навбатида, ижтимоий бирдамликка путур етказади;

2. Жамоат хавфсизлигини бузиш. Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот жамоат тартибининг бузилишига олиб келади. Натижада тартибсизликлар ёки ҳатто можаролар келиб чиқиши мумкин;

3. Беқарорликни кучайтириш. Деструктив ахборотлар бошқарув ва ҳокимият тизимларини заифлаштириши мумкин. Миллий ва диний бўлиниш давлат барқарорлигига таҳдид солади, чунки аҳоли ўртасидаги зиддиятлар бошқарувга салбий таъсир кўрсатади;

4. Ёш авлодга салбий таъсири. Бундай ахборотлар ёшлар ўртасида миллатчилик ёки диний радикализмга мойилликни кучайтириши мумкин. Бу эса келажак авлодни ҳам бузилишга олиб келади.

Сабаб ва оқибатлар

Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборотлар аксар ҳолларда уйдирмалар, ёлғон янгиликлар ёки атрофдаги воқеаларнинг бўрттирилиши орқали тарқатилади. Бу ахборотлар қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

  • Тинч аҳоли орасида ёмон муносабатлар шаклланади;
  • Жамиятда иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт секинлашади;
  • Хорижий ёки манфаатдор гуруҳлар томонидан беқарорлик, низолар учқуни алангалатиши мумкин.

Қандай чоралар кўриш керак?

1. Ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш. Ҳар бир шахс тарқатилаётган маълумотнинг ҳақиқийлигини текшириш маданиятини ўзида шакллантириши зарур;

2. Қонунчиликка риоя қилиш ва жавобгарлик. Миллий низо ва диний бўлинишга сабаб бўладиган ахборот тарқатган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши муҳим;

3. Таълим ва тарбия орқали онгни ошириш. Мактаб ва олий таълим муассасаларида ахборот хавфсизлиги ва жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган маълумотларни танқидий баҳолаш бўйича билим бериш керак;

4. Ижтимоий тармоқлар таҳлили. Ижтимоий тармоқларда ёйилаётган ахборотларни таҳлил қилиб, зарарли контентларни тезкорлик билан аниқлаш механизмларини ишга тушириш зарур.

Хулоса

Миллий ва диний бўлинишга сабаб бўлувчи ахборот тарқатиш нафақат жамият, балки мамлакатлар барқарорлигига катта таҳдид солади. Ҳар бир фуқаро ва жамоат ташкилотлари бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Ахборот тарқатиш маданиятини шакллантириш орқали, жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминланади.

Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, "Шайх Қосим бобо" жоме масжиди имом-хатиби.