Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Январ, 2025   |   17 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:46
Пешин
12:38
Аср
15:40
Шом
17:24
Хуфтон
18:42
Bismillah
17 Январ, 2025, 17 Ражаб, 1446

Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташрифи

21.05.2021   1927   1 min.
Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташрифи

2021 йил 21 май куни Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида диний соҳа вакиллари билан учрашув бошланди.

Тадбир доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев  Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этишмоқда.

Даставвал, мартабали меҳмонлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта-махсус таълим муассасаси фаолияти, яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, ислом дини равнақи ҳамда Ислом цивилизацияси ривожига беназир ҳисса қўшган Муҳаммад Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Варроқ Термизий ва бошқа термизийларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган бугунги тадқиқотлар натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Айни дамда марказнинг кичик мажлислар залида учрашув давом этмоқда.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази МАТБУОТ ХИЗМАТИ

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умавийлар даври

13.01.2025   5510   7 min.
Умавийлар даври

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).

Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.

Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.

Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.

Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.

Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш

Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану ­Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.

Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:

1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.

2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.

3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.

4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.

5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.

6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.

Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.

Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.

Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.

Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.

Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.

2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.

3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.

4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.

Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди