2021 йил 21 май куни Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида диний соҳа вакиллари билан учрашув бошланди.
Тадбир доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этишмоқда.
Даставвал, мартабали меҳмонлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта-махсус таълим муассасаси фаолияти, яратилган имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, ислом дини равнақи ҳамда Ислом цивилизацияси ривожига беназир ҳисса қўшган Муҳаммад Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Варроқ Термизий ва бошқа термизийларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган бугунги тадқиқотлар натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.
Айни дамда марказнинг кичик мажлислар залида учрашув давом этмоқда.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази МАТБУОТ ХИЗМАТИ
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси