ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН
36 - وَلِلْفَارُوقِ رُجْحَانٌ وَفَضْلٌ عَلَى عُثْمَانَ ذِي النُّورَينِ عَالِى
Маънолар таржимаси:
Фаруқ (розияллоҳу анҳу) олий Усмон зиннуройн (розияллоҳу анҳу)дан ортиқ ва афзал бўлган.
Назмий баёни:
Фаруқнинг устунлик, ортиқлиги бор
Бўлса ҳам Зиннуройн, олий фидокор.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.
الْفَارُوقِ – жор мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабар.
رُجْحَانٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.
فَضْلٌ – маътуф.
عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
عُثْمَانَ – жор мажрур رُجْحَانٌва فَضْلٌ га мутааллиқ.
النُّورَينِ ذِي – мажрур исмга сифат бўлгани учун ي ҳарфи билан эъробланиб турибди.
عَالِى – сифатнинг сифати.
Матн шарҳи:
Абу Бакр розиялоҳу анҳудан сўнг валийларнинг улуғи Умар розияллоҳу анҳу ҳисобланади. Умар розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурут ибн Ризоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луъай. Куняси Абу Ҳафс бўлган. Умар розияллоҳу анҳу нубувватнинг олтинчи йилида Исломни қабул қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўттиз тўққизта эркак ва битта аёл киши Исломга кирган эдилар. Сўнгра Умар Исломга кирди ва улар қирқта бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом ушбу оятни олиб тушди:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ٦٤﴾
“Эй Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир”[1].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳақни Умарнинг тили ва қалбига жорий қилган, у Фаруқдир, Аллоҳ таоло унинг воситасида ҳақ билан ботил орасини ажратди”, – деганлар. Абу Умар Заквондан ривоят қилинади: “Оишага Умарни ким Фаруқ деб номлаган”, – дедим. У: “Набий алайҳиссалом номлаганлар”, – деди”.
Умар розияллоҳу анҳу асос солган ишлар
Умар розияллоҳу анҳу кўплаб улуғ ишларга асос солган:
– Биринчи бўлиб ҳижратнинг ўн олтинчи йили рабиул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йилларидан бошланадиган ҳижрий йил ҳисобига асос солган;
– Биринчи бўлиб Қуръони каримни саҳифаларга жамлашга йўл бошлаган;
– Биринчи бўлиб таровеҳ намозининг жамоат бўлиб ўқилишини йўлга қўйган;
– Биринчи бўлиб Куфа, Басра, Шом, Миср ва Мусил каби шаҳарларнинг барпо этилишига асос солган;
– Биринчи бўлиб шаҳарларда одамларнинг ишларини ажрим қилиш учун қозиларни тайин қилган;
– Биринчи бўлиб девон, яъни рўйхат қилиш ишларини йўлга қўйган;
– Биринчи бўлиб Мисрдан кемаларда озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришни йўлга қўйган.
Умар розияллоҳу анҳунинг оилалари
Албатта, ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган.
Умар розияллоҳу анҳунинг фазллари
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: Умар ибн Хаттоб тўртта ишда инсонлардан афзал бўлди:
﴿لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ٦٨﴾
“Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечириши тўғрисидаги) битиги бўлмаганида, албатта, сизларга олган (товон)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди”[3].
﴿ وَإِذَا سَأَلۡتُمُوهُنَّ مَتَٰعٗا فَسَۡٔلُوهُنَّ مِن وَرَآءِ حِجَابٖۚ ﴾
“Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз!”[4].
Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланиши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёзма равишдаги васиятига биноан бўлган. Тарихда “Умари одил” дея ном қолдирган бу зот милодий 644 йилда намоз ўқиб турган пайтида мажусий қул Абу Луълуъанинг суиқасди туфайли қаттиқ яраланган ва ўша куни кечқурун вафот этган. Ёши олтмиш учда бўлган. Васиятига биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг ёнларига дафн қилинган.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН
[1] Анфол сураси, 64-оят.
[2] Умар розияллоҳу анҳунинг Абдурраҳмон исмли учта, Зайд исмли иккита ўғиллари бўлган.
[3] Анфол сураси, 68-оят.
[4] Аҳзоб сураси, 53-оят.
1. Олимнинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий.
2. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади.
3. Абу Мансур Мотуридийнинг қайси йилда туғилгани аниқ маълум эмас. Аммо устози Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилгани тахмин қилинади.
4. Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган. Қуйидагилар уларнинг энг машҳурлари:
5. Ушбу олимлар Имом Мотуридийни Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳгача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади.
6. Имом Мотуридийнинг шогирдлари унинг илимй меросини давом эттириб, бу таълимотни ривожлантирганлар. Масалан:
7. Абу Мансур Мотуридий тафсир, усулул фиқҳ ва ақоид каби шаръий илмларнинг турли йўналишлари бўйича асарлар таълиф этган.
8. Тафсир йўналиши бўйича “Таъвилоту аҳли сунна” номли тафсир ёзган.
9. Усулул фиқҳ йўналишида “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган.
10. Уламолар Абу Мансур Мотуридий ақоид илми бўйича ёзган асарларини ўрганиб чиқиб, уларни уч турга ажратганлар:
11. Абдулҳай Лакнавий “ал-Фавоидул-баҳия” асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
12. Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
13. Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тахминан тўқсон беш ёшида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.
14. 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази” ташкил этилган.
15. Шунингдек, 2025 йил март ойида Давлатимиз раҳбари томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.