Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Эътиқод дурдоналари: ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН (Умар розияллоҳу анҳу)

20.05.2021   3951   7 min.
Эътиқод  дурдоналари: ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН  (Умар розияллоҳу анҳу)

 

ТИЛИ ВА ҚАЛБИГА ҲАҚ ЖОРИЙ БЎЛГАН ИНСОН

36 - وَلِلْفَارُوقِ رُجْحَانٌ وَفَضْلٌ     عَلَى عُثْمَانَ ذِي النُّورَينِ عَالِى

 

Маънолар таржимаси:

Фаруқ (розияллоҳу анҳу) олий Усмон зиннуройн (розияллоҳу анҳу)дан ортиқ ва афзал бўлган.

 

Назмий баёни:

Фаруқнинг устунлик, ортиқлиги бор

Бўлса ҳам Зиннуройн, олий фидокор.

 

Луғатлар изоҳи:

لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.

الْفَارُوقِ – жор мажрур мубтадосидан олдин келтирилган хабар.

رُجْحَانٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо.

فَضْلٌ  – маътуф.

عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

عُثْمَانَ – жор мажрур  رُجْحَانٌва فَضْلٌ га мутааллиқ.  

النُّورَينِ ذِي – мажрур исмга сифат бўлгани учун ي ҳарфи билан эъробланиб турибди.

عَالِى – сифатнинг сифати.  

 

Матн шарҳи:

Абу Бакр розиялоҳу анҳудан сўнг валийларнинг улуғи Умар розияллоҳу анҳу ҳисобланади. Умар розияллоҳу анҳунинг насаби қуйидагича бўлган: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурут ибн Ризоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луъай. Куняси Абу Ҳафс бўлган. Умар розияллоҳу анҳу нубувватнинг олтинчи йилида Исломни қабул қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўттиз тўққизта эркак ва битта аёл киши Исломга кирган эдилар. Сўнгра Умар Исломга кирди ва улар қирқта бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом ушбу оятни олиб тушди:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ٦٤

“Эй Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир”[1].  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳақни Умарнинг тили ва қалбига жорий қилган, у Фаруқдир, Аллоҳ таоло унинг воситасида ҳақ билан ботил орасини ажратди”, – деганлар. Абу Умар Заквондан ривоят қилинади: “Оишага Умарни ким Фаруқ деб номлаган”, – дедим. У: “Набий алайҳиссалом номлаганлар”, – деди”.

 

Умар розияллоҳу анҳу асос солган ишлар

Умар розияллоҳу анҳу кўплаб улуғ ишларга асос солган:

– Биринчи бўлиб ҳижратнинг ўн олтинчи йили рабиул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган йилларидан бошланадиган ҳижрий йил ҳисобига асос солган;

– Биринчи бўлиб Қуръони каримни саҳифаларга жамлашга йўл бошлаган;

– Биринчи бўлиб таровеҳ намозининг жамоат бўлиб ўқилишини йўлга қўйган;

– Биринчи бўлиб Куфа, Басра, Шом, Миср ва Мусил каби шаҳарларнинг барпо этилишига асос солган;

– Биринчи бўлиб шаҳарларда одамларнинг ишларини ажрим қилиш учун қозиларни тайин қилган;

– Биринчи бўлиб девон, яъни рўйхат қилиш ишларини йўлга қўйган;

– Биринчи бўлиб Мисрдан кемаларда озиқ-овқат маҳсулотларини келтиришни йўлга қўйган. 

 

Умар розияллоҳу анҳунинг оилалари

  1. Зайнаб бинти Мазъун. Бу аёлидан Абдуллоҳ, Абдурраҳмон (каттаси)[2], Ҳафса розияллоҳу анҳолар туғилган.
  2. Умму Кулсум бинти Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳо. Бу аёли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг неваралари, яъни Фотима розияллоҳу анҳонинг қизлари бўлган. Ушбу аёлларидан Зайд (каттаси) ва Руқойя исмли фарзандлари туғилган.
  3. Умму Кулсум бинти Жарвал. Бу аёлидан Зайд (кичкинаси) ва Убайдуллоҳ исмли фарзандлари туғилган. Умар розияллоҳу анҳу билан Умму Кулсум бинти Жарвалнинг ораларини Ислом ажратган.
  4. Жамила бинти Собит. Бу аёлининг олдинги исми Осия бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Жамила деб ўзгартирганлар. Бу аёлларидан Осим исмли фарзанди туғилган.
  5. Луҳаййа. Бу аёл “умму валад”и бўлган. Бу аёлдан Абдурраҳмон (ўртанчаси) исмли фарзанди туғилган. Ушбу Абдураҳмоннинг лақаби Абул Мужбир бўлган.
  6. Умму валад чўрилари. Бу аёлнинг исмини баъзилар Факиҳа бўлган дейишган, лекин баъзилар Факиҳа бошқа чўриси бўлган, дейишган. Бу чўрисидан Абдурраҳмон (кичиги) исмли фарзанди туғилган.
  7. Умму Ҳаким бинти Ҳорис ибн Ҳишом. Бу аёлидан Фотима исмли қизи туғилган.
  8. Факиҳа. Бу аёл яманлик бўлиб, Умар розияллоҳу анҳунинг “умму валад”и бўлган. Бу чўридан Зайнаб исмли қизи туғилган. Зайнаб Умар розияллоҳу анҳунинг энг кичик фарзанди бўлган.
  9. Отика бинти Зайд. Бу аёлидан Иёз исмли фарзанди туғилган.

Албатта, ушбу аёлларнинг тўрттадан кўпи битта никоҳда жамланмаган. 

 

Умар розияллоҳу анҳунинг фазллари

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: Умар ибн Хаттоб тўртта ишда инсонлардан афзал бўлди:

  1. Бадр куни асирлар тўғрисида айтган фикри тўғри экани Қуръон оятлари билан собит бўлди:

﴿لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ٦٨

“Агар Аллоҳнинг (тақдирда хатони кечириши тўғрисидаги) битиги бўлмаганида, албатта, сизларга олган (товон)ларингиз учун улкан азоб етган бўлур эди”[3].      

  1. Ҳижоб тўғрисида айтган гапи Қуръон оятлари билан тасдиқланган. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ёпинчиққа ўранишларини буюрган эди. Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳо: “Эй Хаттобнинг ўғли, бизнинг уйимизга ваҳий тушиб турган бўлса-ю, сен бизга буйруқ қиласанми”, – деди. Кўп ўтмай қуйидаги оятлар нозил бўлди:

﴿ وَإِذَا سَأَلۡتُمُوهُنَّ مَتَٰعٗا فَسۡ‍َٔلُوهُنَّ مِن وَرَآءِ حِجَابٖۚ

“Қачонки, сизлар улардан (пайғамбар аёлларидан) бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўрангиз!”[4]

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақида шундай дуо қилганлар: “Эй Аллоҳим, Исломни Умар билан қувватлагин”.
  2. Абу Бакр розияллоҳу анҳу тўғрисидаги фикри билан. Бу зот Абу Бакр розияллоҳу анҳуга биринчи бўлиб байъат қилиб катта фитнанинг олдини олган эди”.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланиши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ёзма равишдаги васиятига биноан бўлган. Тарихда “Умари одил” дея ном қолдирган бу зот милодий 644 йилда намоз ўқиб турган пайтида мажусий қул Абу Луълуъанинг суиқасди туфайли қаттиқ яраланган ва ўша куни кечқурун вафот этган. Ёши олтмиш учда бўлган. Васиятига биноан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуларнинг ёнларига дафн қилинган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ФАРИШТАЛАР ҲАЁ ҚИЛГАН ИНСОН

 

[1] Анфол сураси, 64-оят.

[2] Умар розияллоҳу анҳунинг Абдурраҳмон исмли учта, Зайд исмли иккита ўғиллари бўлган.

[3] Анфол сураси, 68-оят.

[4] Аҳзоб сураси, 53-оят.

Кутубхона
Бошқа мақолалар

"Ли ийлафи қурайш" сураси

8.01.2025   4478   2 min.

"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради. 

Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.

Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди. 
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.

Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.

Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ