Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси ва Миллий бирдамлик партиясининг шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Ал-Ҳож Муҳсин Донеш «Дунё» АА учун берган интервьюсида Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қадриятлар ва улуғ аждодлар меросини тарғиб этиш ва сақлаш йўналишида қилинаётган чора-тадбирларни эътироф этди.
– Ўзбекистонда диний-маърифий қадриятларни авайлаб асраш ва тарихий обидаларни тиклаш масаласида амалга оширилаётган ислоҳотлар диққатга сазовордир, - деди у. – Буни биз Ўзбекистонга қилган ташрифларимиз давомида, хусусан, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива ва Термиз шаҳарларида бўлганимизда ҳис қилганмиз.
Мамлакат раҳбарияти дунёда кечаётган турли мураккаб жараёнларга қарамасдан, ўз тараққиёт йўналишини тўғри танлаб олган ва бу йўлдан оғишмай ривожланишда давом этмоқда. Бу, жумладан, диний ва маданий соҳаларда яққол кўзга ташланяпти. Биз Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада жиддий ижобий ислоҳотлар амалга ошаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.
Кузатувларим давомида Ўзбекистонда диний ислоҳотлар икки йўналишда олиб борилаётганига шоҳид бўлдим. Биринчиси, диний экстремизм ва айримачиликнинг тарқалишига йўл қўймаслик учун ўз тажрибасига таянган ислоҳотларнинг амалга оширилаётганидир. Бу жараённи шахсан мен ижобий баҳолайман. Чунки дунё давлатларида кечаётган жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, диний экстремизм ва айримачилик давлат асосларига жиддий зарба етказадиган омиллардан бири ҳисобланади. Иккинчи йўналиш - бу диний ислоҳотлар натижаси — янги мадрасалар, илмий-тадқиқот марказлари, уламолар кенгаши ва кўплаб диний ташкилотлар очилаётганидир. Жумладан, ислом оламида юксак обрўга эга бўлган Имом Термизий тадқиқот маркази бунга яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистон ушбу ижобий ислоҳотлари билан ҳар қандай экстремизм ва айримачиликдан холи бўлган мўътадил соф ислом намунасини (Қуръони Каримдаги оятга мувофиқ “Ва казолика жаъалнаакум умматан васатан”, яъни “Биз Сизларни бир мўътадил уммат қилдик”) дунё ҳамжамиятига намойиш қилмоқда.
Ўзбекистонда диний бағрикенглик тамойилларидан оғишмасдан барча динлар бир-бирларини инкор қилмаган ҳолда мавжуд қонунлар асосида ривожланмоқда.
Яқин Шарқ мамлакатлари — Сурия ва Ироқдаги уруш ўчоқларига бориб қолган, оғир шароитга тушиб қолган фуқароларни Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва қатъияти билан Ватанга қайтариш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай инсонпарварлик тадбирлари ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати