frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Даврий нашрларда: Тараққиётдан тўсувчи иллат

19.05.2021   2295   3 min.
Даврий нашрларда: Тараққиётдан тўсувчи иллат

Ислом дини инсонни доим эзгуликка чақиради. Уни камолот сари чорлаб, яхшиликка етаклайди. Пировардида Яратганнинг розилигини топиб, дунё ва охиратнинг бахту саодатига эришиш учун жамият билан адолатда бўлишга тарғиб этади. 

Аллоҳ таоло: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг» (Моида сураси, 8-оят), деб амр қилган. Адолат нафақат Исломнинг, балки ҳар қандай жамиятнинг асосий мезонидир. Шунинг учун Раббимиз бизларни доимо адолатга буюради: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтаради. У сизларга ваъз қилур. Шояд, эсласангиз» (Наҳл сураси, 90-оят).  

Адолатнинг асосий кушандаси порахўрликдир. У қайси жамиятда авж олса, ўша жойда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўлаверади. Ундай жамиятда на банданинг ҳақига, на жамоатнинг ҳақига риоя қилинмайди. Порахўрлик инсонни, жамиятни тараққиётдан тўсади.

Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида айни шу масалага жиддий эътибор қаратиб, жумладан, бундай таъкидлади: “Мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балоси... Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.

Исломнинг гуркираган даврига назар солсак, инсонпарварликнинг асосий мезони адолатда барқарор бўлганини кўрамиз. Адолат шу даражада қарор топган эдики, бунда халқу раҳбарият, мусулмону номусулмон барчаси тенг кў риларди.

Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розий аллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу билан баҳслашиб қолди. Ҳукм чиқариш учун Мадинаи мунаввара қозисининг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:

– Ассалому алай кум, эй мўминларнинг амири, – деб Умар розий аллоҳу анҳуга илтифот кўрсатди. Сўнг унга Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳудан кўра юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтирғизди-да, яна халифага юзланди:

– Эй мўминларнинг амири, афв этгай сиз.. Шунда халифа ғазабланиб, қозига қаттиқ дашном берди:

– Қачондан бери ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Эй мўминларнинг амири, мана бу жойга ўтиринг, афв этгайсиз”, дейсан!

Улар бошқа қозини ҳакам қилишди...

Бу иллат бутун халққа – зиёли, оддий ишчи ёки мактаб ўқувчиси – барчага тенг офат келтирувчи балодир. Ҳар қандай жамиятда порахўрликни йўқотиб, адолат тикланмас экан, у жамиятда тараққиёт, осойишталик мустаҳкам асосга эга бўла олмайди.

Порахўрликка қарши курашиш нафақат масъуллар, балки жамият аъзоларининг ҳам бирламчи бурчларидандир.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ, 
Асака тумани бош имом-хатиби
 

“Ҳидоят” журналининг 4-сонидан

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   533   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари