2024 йил 9 февраль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган Мусулмон донишмандлар кенгаши йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгашга қабул қилинганлари эълон қилинди.
Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб жаноблари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини ушбу нуфузли кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирди. Аҳмад Тоййиб жаноблари ўз сўзида Марказий Осиё минтақасида ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси аъзо қилинганига алоҳида урғу қаратди.
Йиғилишда иштирок этаётган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинганлари тарихий воқеа бўлганини таъкидлаб, юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни юксак эътироф этдилар.
Аллоҳга шукрки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланиб, кўп томонлама муносабатлар йўлга қўйилди. Айниқса, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилди, турли давлатлар диний идоралари билан меморандумлар имзоланди, хориждаги илмий конференциялар, Қуръон мусобақалари ва кўргазмаларда вакилларимиз муносиб иштирок этди. Ўз навбатида, таклиф ва ташаббусларимиз мусулмон дунёси томонидан қўллаб-қувватланиб, нуфузли тадбирлар ҳамда анжуманларга мамлакатимиз мезмонлик қилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилинганлари юртимизда давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида амалга оширилаётган кенг кўламли диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофи бўлди.
Муфтий ҳазратлари ўз навбатида Кенгаш раиси Аҳмад Тоййиб жаноблари, Бош котиб Муҳаммад Абдуссалом ва аъзо уламоларга билдирилган ишонч учун самимий ташаккур айтдилар. Шунингдек, муштарак мақсадлар бўлмиш Ислом дини, мусулмон умматига хизмат қилиш, башарият муаммоларини биргаликда ҳал этиш, халқлар манфаатларини таъминлаш, тинчлик йўлидаги мулоқотларни кенгайтириш ва аждодлар меросини тадқиқ этиш борасида бор билим-тажриба ҳамда имкониятларни сафарбар этишларини маълум қилдилар. Шунингдек, нуфузли Кенгашга аъзолик шараф бўлиш билан бирга катта масъулият эканини сўзладилар.
Таъкидлаш жоизки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг фазли ҳамда ёрдами билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги сермаҳсул меҳнатлари самарасидир.
Аллоҳ таолодан Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига Мусулмон донишмандлар кенгашидаги фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, тафаккур билан афзал этиб яратди. Инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан халқ этди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб бундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир».
Умр бу – Аллоҳ таолони ҳар бир бандасига ўлчаб берган бир муддатидир. Инсон дунёга келганидан кейин неча йил умр кўришини ўзи билмайди, бу ғайб илми бўлиб, уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди.
Аслида Аллоҳ бандага умрни нима учун берган? Инсон бу умрда нималар қилиши керак? деган саволлар туғилиши табиийдир: Ушбу саволларга жавобан Ҳақ таоло Қуръони каримнинг Мулк сурасида бундай марҳамат қилади: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир”.
Ушбу муборак ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда-беҳуда ишлар, кайфу сафо ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани ойдинлашади.
Умрнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Умрни беҳуда ишлар, гаплар билан ёки ғафлат билан ўтказмаслик керак.
Инсон шу дунёда ҳам бахтли бўлиши учун, охиратда ҳам саодатманд Аллоҳнинг бандалари қаторидан жой олиши учун берилган азиз умрнинг қадрини билиб, фақат фойдали нарсаларга, ўзига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдаси тегадиган эзгу ишларга сарф қилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: қариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва ўлимингиздан аввал ҳаётингизни”, дедилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси – ёшликдаврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси – мол-дунёни қай йўсинда (ҳалол йўл биланми, ҳаром йўл биланми) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси – ўрганган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади» (Баззор ва Табароний ривояти).
Инсон умрининг ҳар бир давридан умумий равишда, ёшлик давридан эса, ўзига хос шаклда сўралади. Ёшлик-йигитлик умрнинг бир бўлаги, лекин унинг бошқа даврлардан ажралиб турувчи ўзига хос қийматдор тарафи бор. У – ҳаёти ғайрату шижоатга, ўткинчи мақсадга тўла ёшдир, ҳамда (ёшлик) икки заифлик – гўдаклик ва кексалик – орасидаги жисмоний қувватга тўлишган бир даврдир. Рум сурасининг 54-оятида бундай дейилади: “Аллоҳ шундай зотдирки, У сизларни ночор нарсадан (яъни, бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) ночорликдан кейин куч-қувват (пайдо) қилди, сўнгра куч-қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди...”.
Кишининг гўдаклиги заиф бўлган давридир. Кексалиги ҳам заифлик даври.
Демак, ўртада оз муддатга ёшлик-йигитлик деб аталмиш куч-қувватли давр берилар эканки, унинг қадрига етиш, бу оз муддатни яхши ишларга сафарбар қилиш, ҳалол касбкор қилиш, илм олиш, фарзандларини келажакда элу юртига хизмат қиладиган, жамиятга манфаат келтирадиган олим, фозил, ҳунарманд, тадбиркор, солиҳ кишилар бўлиб вояга етишларини таъминлашга ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида шундай буюради: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраганлар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.
Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имонли, эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.
Инсон ёшлигидан имон-эътиқодли ҳамда тақволи бўлса, унинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам Аллоҳ таоло баракотли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси, 2-3 оятлар).
Ҳадисларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида:
“Аллоҳнинг ибодати-тоатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади)” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Одатда, кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги шаҳвоний истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда шаҳвоний истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади.
Улар ўзларидаги гуноҳ, шаҳвоний ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.