Қирқ ёшда бўлсанг ёки яқинлашган бўлсанг ёхуд ундан ўтган бўлсанг билгинки, биргина қирқ ёшни Қуръон алоҳида дуо билан хослагандир. Аллоҳ таоло “Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ ишларни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман», деди" деган. У ўтган умр учун шукр, келажак учун дуо ва Ислом динига мансубликнинг эълонидир. Уламолар мазкур дуонинг барча учун, айниқса қирқ ёшга етганлар учун ўта аҳамиятли дуо эканини таъкидлайдилар. У амаллар қабул бўлишининг сабабларидан биридир. Чунки бу оятдан кейинги оятда Аллоҳ таоло “Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир” дейди.
Асарларда “Ким қирққа кирган бўлса энди у охират бозорига кирибди” деган ривоят келади.
Эй қирққа кирганлар, бу ёғига ўзингизни охиратга тайёрланг. Ҳадисларда умматнинг ёши кўп ҳолларда олтмиш билан етмиш орасида бўлиши айтилган. дейди.
Асарларда “Ким қирққа кирган бўлса энди у охират бозорига кирибди” деган ривоят келади.
Эй қирққа кирганлар, бу ёғига ўзингизни охиратга тайёрланг. Ҳадисларда умматнинг ёши кўп ҳолларда олтмиш билан етмиш орасида бўлиши айтилган. “Умматимнинг етмишга борадиган камдир”.
Қирқ ёки элликдан ўтган инсон билиши керакки, қолган умр ўтганидан кўра камроқ бўлишининг эҳтимоли юқоридир. Ўтгани ҳам қандай тез кетди, а? Кўз очиб юмгунча. Ўтгани кўз очиб юмгунча кетган бўлса ва қолгани ундан камроқ бўлса, у қанчалик тез ўтаркин? Қарабсизки, тупроқ остидасиз. Қирққа кирган инсонга огоҳлик қўнғироғи чалинди. Ундан қирқ ёз, қирқ қиш, қирқ баҳор ва қирқ куз ўтиб кетди. Ушбу ёшда умрининг ярми ўтиб инсон қуйидаги осон бўлмаган саволларга рўбару келади.
Ҳаётда муваффақиятга эришдингми?
Иш ва касбингдачи?
Оилавий ҳаётдачи?
Асосийси, Раббинг билан алоқангда нималарга эришдинг?
Ҳаётни етмиш, саксонга кирганлардан сўранг. “Туш кўргандекман. Кечагина ўйнаб юрган бола эдим. Бугун ўрилишга тайёрман. Учрашув куни яқин” деган жавобни оласиз.
Тўқсонга кирган инсоннинг вафотини кўриб қирқ ёки эллик ёшли одам бизга ҳали бор деб ўйлайди. Атрофидан қанчаси кетганини ҳис қилмайди. Барча нима биландир овора. Емоқ, ичмоқ билан. Касби кор ва ризқ билан. Хотин ва болалар билан. Тижорат ва сафарлар билан. Уй ва машиналар билан. Ваҳоланки, ўзи сезмаган ҳолда умри тугаб бормоқда.
Масалан, ўн кунлик сафарга борсангиз, еттинчи кундан қайтишни ўйлай бошлайсиз. Ишларни тезроқ битириш, билет олиш ва совға салом танлаш хаёлингизни банд қилади. Демак, еттинчи кунда ўйлар тамоман акс тарафга ўзгаради. Қирққа етганлар қайтиш тадоригини кўринг! Ҳақиқий жасорат ўлимдан қочиш эмас, унга тайёр туриш. Қачонгача ахир? Унга бурилиш вақти келмадими? Тавба ва истиғфор вақти келмадими? Қирққа кирганингда ҳам Раббингга қайтмасанг қачон қайтасан?
Қирқ ёш бандага Аллоҳдан юборилган элчидир. У “Эй бандам! Учрашув онлари яқинлашди. Учрашувга тайёрмисан” демоқда”.
Муҳаммад Ротиб Нобулсий раҳимаҳуллоҳ
Таржимон Ҳабибуллоҳ Жўрабоев, ТИИ ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолонинг раҳмати кенг, Унинг мағфират эшиклари биз учун ҳамиша очиқ. Мўмин-мусулмонлар беш маҳал намознинг ҳар бир ракатида “Фотиҳа” сурасининг: «(У) Mеҳрибон, Раҳмли» оятини тиловат қилганда, бир кунда 64 маротаба Аллоҳнинг Меҳрибон ва Раҳмли эканлигини зикр қиладилар.
Қуръони каримда “раҳмат” ва унга боғлиқ бўлган 315 дан ортиқ сўзлар учрайди. Ростгўйлик – 145 марта, сабр – 90 марта, афв – 43 марта, саҳийлик – 42 марта, тўғрилик – 40 марта, содиқлик – 29 марта, одиллик – 24 марта, беозорлик – 15 марта зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан биттасини жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша ила улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша ила ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ халойиқни халқ қилганда Ўз Китобига “Албатта раҳматим азобимдан ғолиб келадир”, деб ёзиб қўйди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, агар дуоингиз қабул бўлмаса маҳзун бўлманг. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир мусулмон гуноҳ қилмай, силаи раҳмни узмай туриб дуо қилса, албатта, унга уч нарсадан бирини беради. Ё сўраган нарсасини тезда беради. Ёки унинг мукофотини охиратга олиб қўяди. Ёхуд унга тенг ёмонликни ундан даф қилади", дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: "Ундоқ бўлса, кўпайтирилар экан-да?" дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кўпайтирувчироқ”, дедилар.
Агар касал бўлсангиз ёки бирор кўнгилсизликка дучор бўлсангиз, бу Аллоҳнинг сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди, балки бу ҳам раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ таоло бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларини мағфират этади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Агар бошингизга бирор мусибат тушса, бу Аллоҳнинг сизга ёмонликни исташи эмас, бу ҳам раҳмат. Бу билан Аллоҳ сизга ўзининг яхши кўрган бандаларидан бири бўлиш имконини берган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Агар бирор савобли амал қилсангиз ҳам буни Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила адо этганингизни унутманг. Лекин гуноҳ иш содир этсангиз дарҳол тавба қилиб, Аллоҳга истиғфор айтинг. Зеро, “Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир” (Бақара сураси, 143-оят.)
Даврон НУРМУҲАММАД