Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади. Бу борада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларига ёрдам беришга чақириб, бундай марҳамат қилади: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Демак, динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало, ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:
Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.
Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.
Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.
Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.
Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.
Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда бундай деганлар:
Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдур – қилсанг огоҳ.
Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда, хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш – ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.
Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш – ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳақлари бир қанча бўлиб, қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
Аллоҳ таоло барчамизга ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин!
Бугун мамлакатимизда Ёшлар куни кенг нишонланмоқда. Асосий байрам тадбирлари Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон ёшларини табриклаш ва қўллаб-қувватлаш учун бу ерга Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.
Конгресс марказига кираверишда ёшларнинг турли соҳалардаги лойиҳалари, кашфиёт ва ютуқлари тақдимот қилинди. Масалан, “Ёш инноваторлар” кўргазмасида муҳандислик, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, учувчисиз қурилмалар намойиш этилган. “Яшил” ташаббуслар” майдончасида экология, муқобил энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга оид ишланмалар кўрсатилган. “Креатив лойиҳалар” бўлимидан ҳунармандлик, дизайн, тасвирий санъат, видео ва продюсерлик фаолиятидаги ютуқлар ўрин олган. “Ёшлар тадбиркорлиги ва стартаплар” майдончасида ушбу йўналишдаги муваффақиятли лойиҳалар ҳақида маълумот берилган.
Жумладан, тошкентлик Рустам Ҳамдамовнинг “Billz” дастури кичик ва ўрта бизнесни автоматлаштиришга ёрдам беради. Ҳозиргача бу лойиҳага Буюк Британия, Сингапур, Туркия ишбилармонлари 6 миллион 600 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган.
Қорақалпоғистонлик ёш фермер Шерзод Ниязимбетов органик помидорлар етиштириб, қуёшда қуритиб ва қадоқлаб, Италия ҳамда Франция каби давлатларга экспорт қилмоқда. Унинг корхонасида 200 нафарга яқин ходим ишламоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2019 йилдаги қарори билан ташкил этилган Ёшлар академияси бугунги кунда 7 мингдан зиёд ёш олимларни бирлаштирган. Кўргазмада улар учун кенг ўрин ажратилган. Тошкентлик Сайфулло Қодиров экин майдонларини рақамли хариталаш ва юқоридан дори сепиш имконини берувчи дронлар ясаган.
Олимлар орасида “Рақамли авлод қизлари” танлови ғолибалари кўплиги ҳам диққатга сазовор. Хоразмлик Лобар Абдуллаева онкологик касалликларга сунъий интеллект орқали ташхис қўйишга мўлжалланган “AI Scan” дастурини ишлаб чиққан. Қорақалпоғистонлик Қумара Сагидуллаева қуёш энергиясида юрувчи кичик трактор, тошкентлик Абдуллоҳ Жамолиддинов боғни автоматик суғориш тизимини ихтиро қилган.
Давлатимиз раҳбари мазкур тақдимотлар билан танишиб, уларнинг ташаббускорлари билан мулоқот қилди.
– Ёшларимизнинг ҳар бир муваффақияти биз учун куч-қудрат, мамлакатимиз келажагига таянч. Бугун фарзандларимиз замонавий йўналишларни эгаллаб, анча илгарилаб кетяпти. Уларни қўллаб-қувватласак, сифатли таълим бериб, шароит яратсак, бундан ҳам катта натижаларга эришади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мутасаддиларга ихтирочи ёшларни тегишли вазирликларга бириктириб, лойиҳаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.
Юртимизда бундай иқтидорли ўғил-қизлар кўп. Бу таълим соҳасига, айниқса, STEAM йўналишларига қаратилаётган эътибор натижаси. Сўнгги йилларда математика, физика, кимё ва ахборот технологияларига ихтисослашган кўплаб мактаблар ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг йигит-қиз ўқитилди.
Ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. Стартапларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилган.
Байрам муносабати билан ўтган учрашувда Президентимиз ёшлар учун янада кенг имкониятларни белгилаб берди.
Манба: https://president.uz