Шу кунларда мўмин-мусулмон халқимиз узоқ йиллардан буён истеъмолида қўллаб келган Рамазон ҳайитидан аввалги кунни “Арафа” дейиш масаласида турли баҳс-мунозаралар кенг тарқалмоқда.
Кейинги пайтларда диний ва урфий мавзуларда одамлар ўртасида турли тушунмовчиликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Куннинг мавзусига келадиган бўлсак, Рамазон ойи ниҳоясидаги кунни арафа дейишни рад этиш ҳақида чиқишлар кўпайиб кетди.
Маълумки, Қурбон ҳайитидан олдинги кун алоҳида Арафа куни деб номланади. Бу ҳаммага аён, қўшимга изоҳга эҳтиёж йўқ. Аммо, Рамазон ҳайити олдидаги кунни арафа куни дейилиши урфга биноан айтилади. Халқимизда, нафақат Рамазон ҳайити олдидан, балки тўй арафасида, байрам арафасида, имтиҳон арафасида ва ҳоказо ибораларни ишлатиш одат тусига кирган.
Демак, Рамазон ҳайитидан бир кун олдинни “ҳайит арафаси” маъносида “Арафа”, дейиш ҳудди бирор муҳим воқеа-ҳодисага яқин фурсатни “фалон воқеа арафасида” деб айтиш кабидир. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ҳам “Арафа” сўзи Макка шаҳри яқинидаги тоғ номи, Қурбон ҳайитидан одинги кун каби маъноларни ифодалаш билан бирга байрам ёки бирор тантанали кундан олдинги кун сифатида ҳам келиши баён этилган.
Хуллас, Рамазон ҳайитидан аввалги кунни арафа дейиш ва яхши одатларни қилиш урфда мавжуд. Урф эса, шариатга зид бўлмаса эътиборга олинади. Бу кунда қўшнилар бир-бирларига таом улашиши каби яхши одатлар ҳам бор. Зеро, улуғ алломаларимиз “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Ҳадиси шарифда “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир”, дейилган.
Шу билан бирга мўмин-мусулмонларнинг Рамазон ҳайити арафаси билан ўзаро бир-бирларини муборакбод этишларида ҳам шаръий монелик йўқ. Зеро, бу худди жума билан муборакбод этиш каби хайрли одатлардан саналади.
Шундай экан, улуғ айём кайфияти кезиб юрган файзли дамларда турли мавзуларни кўтариб чиқиб, инсонларни байрам тадоригидан чалғитиш дуруст эмас. Аксинча Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга байрам қилиб берган икки ийдни ҳар қанча кенг нишонласак, мўмин-мусулмонларга хурсандчилик улашсак, шунча манфаатли бўлади, инша Аллоҳ.
Ҳақ таоло Рамазон ҳайитини муборак айласин, беҳуда ишлардан Ўзи сақласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати