Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Зикриё Бобораҳимов билан уюштирилди.
Савол: Cавдо соҳасида ишлайман. Нисобдан ошган молим бор. Деярли ҳар куни алмашиниб сотилади. Мол отамнинг ихтиёрида. Бунга закот ҳукми қандай бўлади? Отамга вожиб бўладими ёки менгами?
Жавоб: Мол кимники бўлса, ўша киши закот беради. Бу ҳақда Имом Сарахсий шундай дейдилар: «Закот молнинг эгасига вожиб бўлади» («Ал-Мабсут» китоби).
Закот қуйидаги нарсаларда вожиб бўлади:
Закотни ҳисоблаганда тилло, кумуш, қоғоз пуллар, қимматли қоғозлар ва тангаларга тижорат молларининг қийматини қўшиб ҳисоблайди. Бир кишининг тилла, кумуш, қоғоз пуллар, қимматли қоғозлар ва тижорат моллари энг камида 85 грамм тилло ёки унинг қийматига етса ҳамда яна бир йил ҳожатдан ортиқча бўлиб, камаймасдан турса, молининг 40 дан бирини закот сифатида бериш шарт бўлади.
Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй, мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз, зора (шунда) раҳм қилинсангиз» (Нур сураси, 56-оят).
Тижорат моли ҳар куни янгиланиб турса ҳам, нисобга етганидан бир йил ўтгач, унинг қирқдан бирини закот сифатида муҳтожларга чиқариш фарздир. Валлоҳу аълам.
Савол: Ҳар йил Рамазонда закот берадиган одам 2020 йил декабрь ойида ўзига тегишли дўконни сотувга қўйиб, 2021 йил март ойида сотди. Энди 2021 йил Рамазонда закот бераётганда бу дўкон савдосидан келган пулни ҳам қўшиб закот чиқарадими ёки бу пул бир йил айлангандан кейин закот вожиб бўладими?
Жавоб: Агар мазкур сотилган дўконнинг пулини қўшмасдан олдин ҳам маблағингиз нисобга етарли бўлса, унга дўконнинг сотувидан тушган пулни ҳам қўшиб закот берасиз. Агар сизнинг маблағингиз фақатгина мазкур дўконнинг пулидан иборат бўлса, ундан бир йил ўтгандан сўнг закот вожиб бўлади.
Бу ҳақида фиқҳий манбаларимизда шундай дейилади: «Йил давомида муайян нисоб жинсидан орттирилган нарсалар ўз жинсига қўшилади. Яъни, нисобнинг бирор турига эга бўлган кишилар йил мобайнида мазкур нисоб жинсидан мол орттирсалар, ўша нисобга қўшиб закот берадилар» («Дурарул ҳукком» китоби). Валлоҳу аълам.
Албатта, закот бериш керак. Бунда битмай қолган бинонинг айни вақтдаги қийматини ҳисоблаб, тижорат моли бўлгани учун тилла, кумуш ва қоғоз пулларига қўшиб ҳисоблайди ва жами маблағнинг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида муҳтожларга беради.
Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда шундай дейилган: «Тижорат (яъни сотиш ниятида олинган) моллари нима бўлишидан қатъий назар, улардан закот бериш вожиб бўлади» («Жавҳаратун наййира» китоби). Валлоҳу аълам.
Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.
Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.
“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.
Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.
Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).
Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).
Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.
Даврон НУРМУҲАММАД