Ўзбек ҳалқининг гўзал одатларидан бири маййит чиққан ҳонадон аҳлига таъзия изҳор этиб, ўтганлар ҳаққига Қуръон оятларидан тиловат қилиб, савобини бағишлашдир. Бу одат аслида ҳалқимизга Ислом дини таълимоти асосида кириб келган. Қуръон оятилари нафақат марҳумларга ҳатто уни ўқигувчиларнинг ўзига ҳам манфаатлидир. Аҳли суннат таълимоти бўйича, тириклар томондан қилинган яхши ишларнинг савоби албатта, марҳумларга етиб боради. Бу этиқод ҳалқимизнинг қон-қонига синггиб кетганки, ҳатто уни Ислом дини илмларидан тўлиқ хабари йўқлар ҳам билади. Маҳалла-кўй, таниш-билишлар орасида таъзия бўлса, дарҳол бориб ҳонадон эгаларига тасалли бериб, фотиҳа ўқиб келиш одати ҳам шундандир.
Аммо, кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, Қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси йўқ эмиш. Такфирчи салафийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, ибн Бознинг “Ал-фатава”, деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учратасиз:
“ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال”
Яъни, “мусулмонларнинг ўликларига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.
Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар жумлаи жаҳон аҳли сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-азкор” номли асарида айтади:
”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.
Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагича ривоят қилган:
ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا
Яъни, “маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.
Имом Шофеъийнинг бу сўзлари “тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издошлари ҳам ўқиб келишади.
Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
اقرءوا يـس على موتاكم
“Ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кун қабристондан ўтар экан, тўсатдан икки ёнма-ён қабр олдида тўхтайдилар ва асҳобларига бирон новда келтиришни буюрадилар. Асҳоблар дарҳол хурмо новдасини келтиради, Расулуллоҳ новдани иккига бўлиб, иккала қабр устига санчиб қўяди. Бу ҳолга ажабланиб қараб турган саҳобаларга Ул зот: “Шу икки қабр эгалари қабрида азоб чекишмоқда, уларнинг бири бавлидан сақланмас, иккинчиси эса бировларнинг айбини ташиб чақимчилик қилар эди. Зора, шу новда қуригунча уларнинг азоби енгиллашса..”, дедилар. Худди шу ҳадиснинг шарҳида имом Нававий айтганларки: “Оддий бир новданинг айтган тасбиҳларидан қабр аҳлига манфаат бўлса, инсон зоти ўқиган оятларнинг қандай нафи бўлмасин?! Албатта, Қуръон оятларининг нафи новданинг тасбиҳидан кўпроқ бўлади”.
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда салафийлар пайдо бўлди-ю уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Улар томондан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди сўнгра эса, аллома-ю авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик киритилди. Салафийларнинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.
Андижон вилояти
Тожибоев Ботиржон
Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.
Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.
Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.
Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.
Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.
Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.
Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни, яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.
Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.
Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.
Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби