Кеча, 6 май куни Саудия Арабистони подшолигининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли билан самимий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув пойтахтимиздаги "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги "Мўйи муборак" музейида бўлиб ўтди. Дастлаб меҳмонлар музейда жойлашган "Ҳазрати Усмон мусҳафи"ни зиёрат қилишди.
Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда қилинаётган хайрия тадбирлари ва уларнинг давомий бўлишлиги ҳақида сўз юритишди.
Тадбир давомида элчихона вакиллари Саудия Арабистонида чоп этилган Қуръони каримнинг 20 000 нусхасини Вақф хайрия жамоат фондига беғараз тақдим этди. Бунинг учун Фонд раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли меҳмонларга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бу каби хайрияларда ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлиги билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу йилнинг 9 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов раҳбарлигида Вобкент туманида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиб, имом-ноиб, маҳалла домлалари ва нуроний отахонлар иштирокида сайёр йиғилиш бўлиб ўтди.
Сайёр йиғилиш давомида барча имом-хатиб ва имом-ноиблар ўзларига бириктирилган МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиши, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш кабиларни алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг барча имом-хатиблар маҳалла нуронийлари билан ўзларига бириктирилган маҳаллаларга чиқишди.
Шу куннинг ўзида сайёр қабул иштирокчилари 50 дан ошиқ хонадон ҳолидан хабар олди. Жумладан, Кўлиодина маҳалласида яшовчи юз ёшни қаршилаган меҳнат фахрийларини зиёрат қилди. Сўнгра шу маҳаллада истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногиронлари, моддий кўмакка мухтожлар, ижтимоий кўмакка муҳтожларнинг хонадонларидан хабар олиниб, маънавий-маърифий суҳбатлар уюштирилди ва ҳомийлар иштирокида моддий жиҳатдан кўмаклар берилди.
Шунингдек, Вилоят бош имоми раҳбарлигида ҳамда Вобкент туманидаги имом-хатиблар иштирокида 2024 йил замонавий лойиҳалар асосида қурилган 120 ўринли 12-мактабгача таълимда ватанимиз келажаги бўлмиш жажжи болалар билан учрашиб, уларга хурсандчилик улашилди.
Куннинг иккинчи қисмида вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов тумандаги Абдулазизхон жоме масжидида пешин намозида бўлиб, йиғилган жамоатга "Шукроналик", "Соф ислом таълимоти", "Тинчлик неъмати" мавзуларида маъвиза қилди ва кенг жамоат иштирокида юртимиз ҳаққига дуои хайрлар сўралди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати