Кеча, 6 май куни Саудия Арабистони подшолигининг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари ҳамда Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли билан самимий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув пойтахтимиздаги "Ҳазрати Имом" мажмуасидаги "Мўйи муборак" музейида бўлиб ўтди. Дастлаб меҳмонлар музейда жойлашган "Ҳазрати Усмон мусҳафи"ни зиёрат қилишди.
Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда қилинаётган хайрия тадбирлари ва уларнинг давомий бўлишлиги ҳақида сўз юритишди.
Тадбир давомида элчихона вакиллари Саудия Арабистонида чоп этилган Қуръони каримнинг 20 000 нусхасини Вақф хайрия жамоат фондига беғараз тақдим этди. Бунинг учун Фонд раҳбари Яҳё қори Убайдуллоҳ ўғли меҳмонларга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бу каби хайрияларда ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлиги билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги “Тўхтабой” жоме масжидида адо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб йиғилган жамоатни яқинлашиб келаётган Рабиул-аввал ойи ва жума айёми билан муборакбод этиб, “Сарвари олам сийратларидан сабоқ олиш мавсуми!” мавзусида маъруза қилдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари суҳбат давомида мўмин-мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиул-аввал ойида у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш, гўзал хулқларидан намуналар олишга эътибор бериши лозимлигини таъкидладилар.
Маъруза асносида Қуръони каримдаги: “(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21) ояти каримаси ҳамда “Сизлардан бирортангиз мен унга боласидан, ота-онасидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ривояти), деган мазмундаги ҳадис шарҳлаб берилди.
Хулоса ўлароқ мавлид ойида оила даврасида сийратга оид китобларни мутолаа қилиб, фарзандлар қалбида Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатни уйғотиш гўзал амаллар сирасига кириши айтиб ўтилди.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, яқинлашиб келаётган Мавлид ойини хайрли ва баракали бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати