Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2024   |   28 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:08
Хуфтон
19:20
Bismillah
01 Октябр, 2024, 28 Рабиъул аввал, 1446

Қатар Миллий кутубхонаси билан тажриба алмашилди

4.05.2021   1449   3 min.
Қатар Миллий кутубхонаси билан тажриба алмашилди

Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази (ЎИЦМ) раҳбарияти ва Қатар Миллий кутубхонаси (ҚМБ) нинг онлайн учрашуви ташкил этилди.

Тадбир давомида Қатар томони Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва унинг янги биноси қуриш лойиҳаси билан танишди. ЎИЦМ яратилишининг ташаббускори Президент Шавкат Мирзиёев эканлиги алоҳида таъкидланди.

Онлайн учрашувда марказнинг асосий мақсади маърифатли исломни ўрганиш, Ўзбекистон олим ва мутафаккирларининг буюк мероси, жумладан, диний-маърифий тадбирлар ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали аҳоли ва халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини оширишдан иборат экани атрофлича маълум қилинди. Марказ ушбу соҳаларда Қатар томони билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди.

ҚМБ стратегик режа ва лойиҳалар департаменти директори Лолва Ал-Наимий Қатар Миллий кутубхонасининг ташкил этилиши ва фаолияти тарихи, унинг китоб ва илмий жамғармаси ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, ҚМБ таълим, фан ва ижтимоий ривожланиш бўйича Қатар жамғармасига асосланган бўлиб, унинг президенти Шайх Моза бинт Носир ал-Миснад ҳисобланади.

Миллий кутубхонада Қатар ва минтақа тарихи билан боғлиқ архив материаллари мавжуд бўлиб, таълим ресурсларини ўз ичига олган университет ва илмий-тадқиқот кутубхонаси ва маҳаллий жамоатчиликка хизмат қилувчи оммавий кутубхона фаолият кўрсатади.

Ташриф буюрувчилар 3D принтерлари ва мусиқа асбоблари каби кўплаб ижодий воситаларнинг кенг спектрини таклиф қилувчи индивидуал ва гуруҳли ўқув жойлари, компьютер лабораториялари, монтаж заллари ва инновация марказларидан фойдаланишлари мумкин. Кутубхона мамлакатнинг ўтмиши ва келажагини рамзий тарзда боғлашга мўлжалланган бўлиб, бу бўлиниш тасодифий эмас.

Қатар Миллий кутубхонасининг Нодир коллекциялар бўлими директори Стефан Иперт турли даврлардаги Куръонлар, илмий қўлёзмалар ва ислом дунёсининг буюк мутафаккирларининг асарлари намойиш этиладиган нодир коллекциялар кўргазмалар зали иши ҳақида маълумот берди. Ушбу кўргазмалар залида Имом Бухорий, Ибн Сино, Хоразмий, Фарғоний ва бошқа ўзбек мутафаккир ва олимларининг асарлари, китоблари алоҳида ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, Қатар томони учрашув иштирокчиларини кутубхонада сақланаётган қўлёзмалар ва асарларни каталоглаштириш ва рақамлаштиришнинг йўлга қўйилган самарали тизими билан таништирди.

Учрашув натижасида илмий қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш, ўзбек олим ва мутафаккирлари асарларининг рақамли материаллари билан алмашиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ўрганиш соҳасида тажриба алмашиш, қўшма илмий анжуман ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, томонлар ўртасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаш борасида келишувларга эришилди. Доханинг 2021 йилда Ислом дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилиниши доирасида қўшма тадбирлар, хусусан, Ислом фанлари тарихи бўйича вебинар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида томонлар делегациялар алмашишга, жумладан, Қатар Миллий кутубхонаси Президенти доктор Ҳамад бин Абдулазиз ал-Куварийнинг яқин келажакда Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Овқатланиш одоблари

24.09.2024   935   3 min.
Овқатланиш одоблари

Овқатланиш одобларини ҳар бир му­сулмон киши фарзандига кичиклигидан ўргатиши шарт. Аллоҳ таоло бизни ҳалол луқма ва ичимликлар билан ризқ­лантирган. Бу неъматларнинг шукрини адо қилишимиз зарур. Бу одобларга риоя қилиш саломатлигимиз гаровидир.
 

1. Анас ибн Молик розияллоҳу ан­ҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким Аллоҳ уйининг баракасини кў­пайти­ришини хоҳласа, таом ҳозир бўлганида ва йиғиштирилганида (қў­лини) ювсин”, деганларини эшитганман» (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳа­қий ривояти).
 

Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғуборлар ўрнашган бўлиши мумкин.


2. Таомни айбламаслик. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таомни айб­ламас эдилар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”.


Онамиз ёки аёлимиз тайёрлаган таомдан айб изламаслигимиз керак. Бу ҳам муҳим суннатдир.


3. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жой­дан ейиш. Имом Муслим Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқин жойдан егин”, дедилар».


Болаларда чап қўлда таом ейиш ҳо­латлари кузатилади. Буни ота-оналар болалари ўнг қўлда тановул қилишни ўргатишлари керак.


4. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш. Имом Муслим “Саҳиҳ”ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга таомланганимизда, у зот қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”, деди.


Турли тўй-ҳашам ва давраларда ўтир­ганимизда ёшлар катталардан аввал дас­турхонга қўл узатганига кўзимиз тушган. Бу ҳам амал қилишимиз зарур бўлган суннат. Аввал катталар бошлаб бериши­ни кутишимиз керак.


5. Неъматни исроф қилмаслик. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Шайтонга ташламасин”, дедилар». Баъзида дастурхонимиздан егуликлар тушган ҳолатлар бўлиб туради. Уларни исроф қилмасдан, балки тановул қилишимиз керак.


Динимиз мукаммал, биз муҳим санамаган амаллар ҳақида ҳам тўлиқ тушунчалар берилган. Аллоҳ таолога бизни ризқлантириб мўмин-мусулмон қилгани учун ҳамд айтамиз.

Эргашбой ҲАМИДОВ,

Бекобод шаҳар “Оқ масжид” жомеи

имом-хатиби