Индонезиянинг «Detik» янгиликлар сайтида «Карантинни жорий этишнинг асосий ғояси Абу Али ибн Сино томонидан ишлаб чиқилган» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мақолада карантин қадим замонлардан бери маълум бўлиб, уни Ибн Сино ишлаб чиққани таъкидланган.
«Абу Али ибн Сино (980-1037) замонавий тиббиётнинг отаси, деб эътироф этилади. У замонавий Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, вояга етган, турли илм-фан манбалари, жумладан, Афлотун асарларини чуқур ўрганган таниқли олимлардан биридир», дейилади мақолада.
Материалда таъкидланишича, Ибн Синодан қолган илмий мерос жуда бой. Унинг энг йирик асари - 1025 йилда биринчи марта нашр этилган «Тиб қонунлари» деб номланган 5 жилдли тиббиёт энциклопедиядир. У муҳим тиббиёт фанларини ўз ичига олади ва замонавий тиббиёт, шу жумладан, карантин асосини ташкил этади.
Мақолада Ибн Сино ўз амалиётида вабо касаллигига дуч келгани ҳақида маълумот берилган. У инфекцияларни камайтириш учун беморни 40 кунлик ўзини-ўзи яккалаб қўйиш концепциясини ишлаб чиққан. Араб тилида бу усул «ал-Арбаиния» деб номланади ва “40 кун” деган маънони англатади.
Кейинчалик «ал-Арбаиния» термини Европа олимлари томонидан бошқача шаклда талаффуз қилина бошланган.
Тарихчиларнинг тахмин қилишича, «ал-Арбаиния» “карантин” сўзига асос бўлиб хизмат қилган.
XIV ва XV асрларда «қора ўлим» вабоси тарқалган вазиятда Венеция шифокорлари ушбу касаллик билан курашиш жараёнида «Quarantena» деб аталадиган услубни қўллашган. Бу сўз итальян тилида “40 кун” маъносини англатади.
COVID-19 падемияси даврида SARS-CoV-2 вируси тарқалишининг олдини олиш учун карантин услубидан кенг фойдаланилмоқда. Олимлар бу услуб пандемия тарқалишининг олдини олишда исботланган йўл эканини яна бир бор исботлади, дея хулоса қилади «Detik» нашри.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси