Дарахтзорлар – юртга чирой берадиган, ҳаёт сифатини оширадиган манбалардан. Шу мақсадда шаҳар ва туманларимизда янги боғ ва сайилгоҳлар ташкил этилмоқда. Бундай “яшил ҳудудлар” сўнгги йилларда кўплаб қурилишлар бўлиб, тобора ривожланиб бораётган Тошкент шаҳри учун, айниқса, муҳим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтимиз яқинида улкан манзарали боғ барпо этилмоқда. 25 февраль куни ушбу боғ лойиҳаси муҳокама қилинган эди. Бугун унга илк кўчатлар экилди.
Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.
– Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги боғ нафақат манзараси, ландшафти, балки мазмуни билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Боғнинг умумий кўриниши худди улкан дарахтнинг бешта шохи шаклида бўлади. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодалайди.
Боғни оддий парк эмас, энг аввало, юксак маданият ва маънавият масканига айлантириш мақсад қилинган. Бу ерда одамлар табиат қўйнида осуда дам оладиган сўлим ҳудудлар яратилади. Каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.
Президентимиз бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади.
- Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади, - деди давлатимиз раҳбари.
Президент Шавкат Мирзиёев бу боғ Ўзбекистоннинг янги қиёфасини, улкан салоҳиятини, кўпмиллатли халқимизнинг жипслиги ва аҳиллигини намоён этадиган мажмуа бўлиши кераклигини таъкидлади. Шуни ҳисобга олиб, бу муҳташам боққа “Янги Ўзбекистон” деб ном беришни таклиф этди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боққа кўчатлар ўтқазди.
Аввал хабар қилинганидек, мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати