Юртимизда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бу диний соҳани ҳам четлаб ўтмаяпти. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўъмин-мусулмон халқимиз ибодатларини беками-кўст адо этиши учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш бўйича кўламли ишлар қилмоқда. Бунда марказий жойлардаги масжидлар билан бирга чекка ҳудудлардаги жомеларни ҳам обод этишга эътибор берилмоқда.
Ана шундай масжидлардан бири Балиқчи туманидаги “Мирзақосим ҳожи” жоме масжиди катта қурилиш-таъмирлаш ишлари остонасида турибди. Уни обод қилиш ишлари бевосита Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳомийлигида амалга оширилади.
Айни мақсадда жорий йил 30 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Искандар домла Ҳалилов ушбу масжид қурилиш режаси ва лойиҳаси билан танишиш мақсадида “Мирзақосим ҳожи” жомесида бўлди.
Ташриф жараёнида Искандар домла масжид имом-хатибига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қурилиш ишларига ажратилган маблағларнинг махсус сертификатини топширди. Шунингдек, Диний идора ҳомийларни жалб қилган ҳолда, умумий киймати 70 миллион сўмга якин бўлган 500 квадрат метр туника, 3 минг квадрат гипсакартон, шпакловка маҳсулотлари берилади.
Шундай қилиб Балиқчи туманидаги “Мирзақосим ҳожи” жоме масжиди қайта қурилмоқда. Лойиҳага кўра, масжид хонақоҳи 70х40 метр, айвони 20х70 метр қилиб қурилиб, уч ярим минг мўмин-мусулмон намоз ўқишига мўлжалланмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси яқин вақт ичида вилоятдаги Избоскан туманидаги “Қоровул ота” ва Хўжаобод туманидаги “Эркабой девона” жоме масжидларининг том қисмлари ҳомийларни жалб қилган ҳолда ёпиб берилди. Умумий ҳисобда вилоятдаги уч масжидга 140 миллион сўмлик кўмак берилди.
Ушбу хурсандчиликдан барча, масжид намозхонлари ва меҳмонлар бирдек қувонди. Сўнг тадбир қатнашчилари жамоат намозини адо этиб, дуои хайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД