frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Муборак васиятлар: Омонатга хиёнат қилмаслик

30.04.2021   10914   19 min.
Муборак васиятлар: Омонатга хиёнат қилмаслик

Инсонлардан беҳожат бўлиш

Васиятдаги: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам” сўзлари инсонлардан беҳожат бўлишга чақиради.

Ҳадиси шарифда айтилади:

قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّمَ: “أَحَبُّ النَّاسِ إلى النَّاسِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنِ النَاسِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِمْ مَنْ احْتَاجَ إِلَيْهِمْ وأَحَبُّ النَّاسِ إِلي اللهِ مَنْ احْتَاجَ إلي اللهِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنْهُ وَاحْتَاجَ إِلىَ غَيْرِهِ”

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одамлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва одамлар наздида энг ёмон кўрилган инсон уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлгани ва Аллоҳ наздида энг ёмон инсон эса, бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан ўзини беҳожат ҳисоблаганидир”.

Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ризқ қидириш керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿هُوَ ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ ذَلُولٗا فَٱمۡشُواْ فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُواْ مِن رِّزۡقِهِۦۖ وَإِلَيۡهِ ٱلنُّشُورُ١٥

«У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинг ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилинг! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).

Аллоҳ таоло ҳатто ийд-жума кунлари ҳам дам олмасдан меҳнат қилиш ва ризқ қидириш мумкинлигини айтган:

﴿فَإِذَا قُضِيَتِ ٱلصَّلَوٰةُ فَٱنتَشِرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَٱبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٠

«Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жума, 10).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат орқали тирикчилик қилишни яхши кўрганлар.

Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида бир киши ҳақида гап кетди: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, дейишди ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўладилар ҳамда унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг мақтовларини эшитмадилар ва: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?” деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга тиришишди ва ўз “араваларини ўзлари тортиш”га аҳд қилишди.

Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат қиладиган инсонлар мартабасини баланд қилиб қўйди:

﴿۞إِنَّ رَبَّكَ يَعۡلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدۡنَىٰ مِن ثُلُثَيِ ٱلَّيۡلِ وَنِصۡفَهُۥ وَثُلُثَهُۥ وَطَآئِفَةٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ مَعَكَۚ وَٱللَّهُ يُقَدِّرُ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَۚ عَلِمَ أَن لَّن تُحۡصُوهُ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنَ ٱلۡقُرۡءَانِۚ عَلِمَ أَن سَيَكُونُ مِنكُم مَّرۡضَىٰ وَءَاخَرُونَ يَضۡرِبُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ يَبۡتَغُونَ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَءَاخَرُونَ يُقَٰتِلُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنۡهُۚ وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَقۡرِضُواْ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗاۚ وَمَا تُقَدِّمُواْ لِأَنفُسِكُم مِّنۡ خَيۡرٖ تَجِدُوهُ عِندَ ٱللَّهِ هُوَ خَيۡرٗا وَأَعۡظَمَ أَجۡرٗاۚ وَٱسۡتَغۡفِرُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمُۢ٢٠

«(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз сиз ва сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверинг! У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг! Намозни баркамол адо этинг, закотни (ўз жойига) беринг ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга “қарзи ҳасана” беринг! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Муззаммил, 20).

Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. У ақлу фаросати билан нафақат ўзи, балки жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаши улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаган нарсангдан беҳожат бўл, ундан устун бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, унинг амири бўласан”.

Бировга қарам, асир бўлишдан сақланайлик.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бўлиб ўтган воқеани эслайлик, унда катта ибрат ва фойда бор. Али (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмо санаб берди. Мен хурмоларни олиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.

Али (розияллоҳу анҳу) меҳнатидан фахрланиб, кишиларга ибрат учун шундай шеър битган:

Одамлар миннати тоғлардан оғир,

Миннатни кўтариш қийинку ахир.

Баъзилар касб-корни санашади ор,

Аслида касб эмас, тиланчилик ор!

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ризқларини ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб топишган. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билгани ҳолда ҳам ҳунарсиз ўтиришмаган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан шуғулланган.

Шу ўринда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг Раббига қилган муножотини эслаб ўтайлик: “Эй Аллоҳ! Мендан олдингиларга насиб этмаган нарсани бердинг ва мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган нарсани сендан сўрайман, ато эт! Шукрингга ожиз қолсам, мендан ҳам шокирроқ бандангни кўрсат”. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “Эй Сулаймон! Касби билан очлигини кетказган ва авратини ёпган ҳамда менга ибодат қилган бандам сендан кўра шокирроқдир”. Сулаймон (алайҳиссалом): “Эй Парвардигор! Менга қўлим билан қиладиган касб ато эт!”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб унга хурмо дарахтларига ишлов беришни ўргатди. Сулаймон (алайҳиссалом) шу ишни ўзига касб қилиб олди.

 

Омонатга хиёнат қилмаслик

Аллоҳ таоло айтади:

﴿إِنَّا عَرَضۡنَا ٱلۡأَمَانَةَ عَلَى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَٱلۡجِبَالِ فَأَبَيۡنَ أَن يَحۡمِلۡنَهَا وَأَشۡفَقۡنَ مِنۡهَا وَحَمَلَهَا ٱلۡإِنسَٰنُۖ إِنَّهُۥ كَانَ ظَلُومٗا جَهُولٗا٧٢

«Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортди ва ундан қўрқди. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб, 72).

Ҳадисда: “Одам (алайҳиссалом) омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан, тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ ер юзида кезиб юргувчи фаришталарни яратиб қўйган, улар умматимнинг саломларини менга етказиб туради. Агар умматимнинг бирортаси менга бир кунда юз марта салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини раво қилади. Уларнинг етмиштаси охиратга, ўттизтаси бу дунёга тегишлидир”.

Аҳзоб сурасида айтилган омонатга келсак, баъзилар уни тавҳид, деган. У шаҳодат калимасидир. Бу калимани омонат дейишдан мурод, унинг улкан ҳақлари бўлиб, бу ҳақларни Аллоҳ одамларга омонат қилди. Бу омонатни ҳусни тоат билан қабул қилиш вожибдир, бу ҳақларга риоя қилиш ва уларни муҳофаза этиш шартдир.

Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасида йигирма тўртта ҳарф бор. Бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат бор. Агар банда бу калимани ихлос билан айтса, Аллоҳ: “Шубҳасиз, бу калима ҳурматидан сенинг каттаю кичик, ошкораю махфий, билиб-билмай қилган гуноҳларингни кечирдим”, дейди.

Бу омонат Одам (алайҳиссалом)га рўпара қилинганида: “Эй Раббим! Осмонлару ер ҳамда тоғлар буюклик ва улканликларига қарамай, бу омонатни кўтаришдан қўрқди ва бош тортди. Мен заифлигим билан қандай қилиб кўтараман?”, деди. Аллоҳ: “Кўтариш сен тарафдан, куч-қудрат Мен тарафдандир”, деди. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини Фираъвн ва унинг қавми кўзига улкан илон қилиб кўрсатди ва улар қўрқиб кетди. Мусо (алайҳиссалом) кўзларига эса таёқ қилиб кўрсатилди, ундан қўрқмадилар. Худди шунингдек, бу омонатни осмонлару ерга улкан қилиб кўрсатди, натижада улар омонатни кўтаришдан бош тортди ва қўрқди. Инсоннинг кўзига эса бу омонатни енгил қилиб кўрсатди. Шунда инсон уни зиммасига олди. Агар: “Осмонлару ер улкан бўлишига қарамай, бу омонатни қабул қилмагани ва инсон заиф бўла туриб уни зиммасига олишида қандай ҳикмат бор?” деб сўралса, “Улар жаннат лаззатини татиб кўришмаган, инсон эса ундан то­тиб кўрган. Шунинг учун инсон лаззатга етишиш учун уни ўз зим­масига олди”, деб жавоб берамиз.

Баъзи уламолар, бу омонатдан мурод, беш вақт намоз, деган фикрни билдиришган. Зеро, Аллоҳ: (Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз)  ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз” (Бақара, 238), деган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Намоз диннинг устунидир. Ким уни барпо этса, динини барпо қилибди, ким уни тарк этган бўлса, динини вайрон қилибди”, деганлар.

Ривоят қилинишича, Али (розияллоҳу анҳу) намоз вақти кирса, ранги ўзгараркан. У кишидан бунинг сабабини сўрашганида: “Осмонлару ерга ва тоғларга рўпара қилинганида улар бош тортган, мен эса заифлигимга қарамай... зиммамга олган омонатни адо этиш вақти келди, уни адо қила оламанми йўқми, билмайман”, деб жавоб берар экан.

Уламоларнинг баъзилари бу омонатдан мурод, тана аъзоларидир, деган. Кўз – омонат, уни ҳаромдан тийиш вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: (Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир”(Нур, 30), деган. Қорин – омонат, уни ҳаром луқма киришидан сақлаш вожибдир. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”(Нисо, 10). Тил – омонат, уни ғийбатдан, фаҳш сўзлардан тийиш вожибдир. Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”(Ҳужурот, 12), деган. Қулоқ – омонат. Уни мункар – тақиқланган нарсаларни эшитишдан сақлаш вожибдир.

Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, Қуръони карим”, дейишган. Бас, шундай экан, уни қироат қилиш, ўрганиш ва ўргатиш вожиб.

Баъзи уламолар бу омонатни рўза деб изоҳлаган. Рўза Ислом арконларидан бири бўлиб, ким уни барпо қилса, динини барпо қилибди. Ким уни тарк этса, динини вайрон қилибди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби  сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183), деган. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким рамазон рўзасини ишонч билан савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади”.

Яна бошқа уламолар омонатга закот, деган таъриф беришган: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5), дейди Аллоҳ таоло.

Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) бир куни хушу, хузу билан намоз ўқиётган киши олдидан ўтдилар ва: “Эй Раббим! Бу нақадар чиройли намоз ўқияпти”, дедилар. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо! Агар ҳар куни юз ракат намоз ўқиса, мингта қулни озод қилса ва минг марта ҳаж қилиб, мингта жанозага қатнашса ҳам, токи молининг закотини бермагунича қилган амаллари унга фойда бермайди”, деди.

“Омонатдан мурод, ҳаждир”, деган баъзи уламолар. Зеро, Аллоҳ таоло: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон, 97), деган.

Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, – барча омонатлар”, дейишган. Зеро, Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо, 58), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омонати йўқнинг (яъни, омонатга хиёнат қиладиганнинг) имони йўқ”, деганлар.

Молик ибн Сафвон айтади: «Менинг биродарим вафот этди. Сўнг уни тушимда кўрдим ва ундан: “Эй биродар! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?” деб сўрадим, у: “Раббим мени мағфират қилди”, деди. Мен унинг юзида қора нуқтани кўрдим ва ундан бунинг сабабини сўрадим. “Менинг ҳузуримда бир яҳудийнинг фалонча дирҳами омонат қўйилган эди. Мен уни адо қилмаганман. Бу нуқта шу сабаблидир, эй биродар! Сендан илтимос қиламан, ўша дирҳамларни фалон жойдан олиб, фалончига қайтариб бер”, деди у. Тонг отгач, унинг айтганини бажардим. Мен уни иккинчи бор тушимда кўрдим. Қарасам, қора нуқта юзидан кетибди. У: “Эй биродар! Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сен мени азобдан қутқардинг”, деди».

Уламоларнинг баъзилари омонатдан мурод, аҳли аёл ва фарзандлардир, дейишган. Уларни намозга буюриш ҳар бир кишига вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо, 132), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Болаларингиз етти ёшга етса, уларни намозга буюринг. Агар ўн ёшга етиб, намоз ўқимаса, уринг”, деганлар. Уларни ҳаромдан, бекорчи ўйин-кулгидан қайтариш вожибдир, чунки ота-она уларнинг тарбиясига масъул. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”, деганлар.

Ҳикоя қилинишича, орифлардан бири анча муддат Аллоҳга ибодат қилибди. Кунларнинг бирида таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқибди-да, бошини ва қўлини кўтариб: “Эй Раббим, ибодатларимни қабул эт”, деб дуо қилибди. Шунда Раҳмон тарафидан бир нидо қилувчи нидо қилибди: “Гапирма, эй малъун! Чунки сенинг тоат-ибодатинг мардуд – қайтарилгандир”. Шунда обид: “Эй Раббим! Нима сабабдан?” деб сўраганида, нидо қилувчи: “Чунки хотининг Аллоҳнинг амрига зид ишларни қилмоқда ва сен бунга розидирсан”, деб жавоб берибди.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар. Ваъда банда билан бандалар орасида бўлганидек, Аллоҳ билан бандалар орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган. Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф қилган бўлади. Яна омонат тоат-ибодатга буюришдир. Ким буни адо қилса, омонатни адо қилибди, ким буни тарк қилса, омонатга хиёнат қилибди.

Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар омонатдир”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтган: “Аҳдлар Қуръонда ҳалол-ҳаром, фарз қилинган ва ҳад қилиб, жорий этилган нарсалардир”.

Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.

Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло буюрган: Унинг Ўзигагина итоат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишингиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, мушриклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”».

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг битта хислати қолади. Гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмайди, омонатга хиёнат қилади ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қиёмат куни ҳар бир (аҳдини бузган) хиёнатчининг танитиб турадиган байроғи бўлади. Бу фалончининг хиёнати, дейилади” (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб (бирор нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб, роса ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман”, деди» (Имом Бухорий ривояти).

Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан омонатнинг нақадар оғир эканини билиб олдик. Бизга нима омонат қилинган бўлса, барчасини ўз вақтида адо этишга шошилайлик. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва фойдали илм ато этсин, омин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ:

Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;

Ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларга қараш;

Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилиш;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

18.08.2026   10182   8 min.
Учинчи Ренессанс: тарихий тажрибадан замонавий тараққиётга

Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.

Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.

Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий  математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.

Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.

Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.

Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.

Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.

Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.

Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.

Нафақат музей, балки интеллектуал платформа

Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.

Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.

Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш

Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.

Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.

Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.

Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.

«Маърифат билан жаҳолатга қарши»

Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.

Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.

Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.

Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.

Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси

Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.

Учинчи Ренессанснинг асосий кучи

Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.

Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.

Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.

Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.

Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.

Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари