Инсонлардан беҳожат бўлиш
Васиятдаги: “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам” сўзлари инсонлардан беҳожат бўлишга чақиради.
Ҳадиси шарифда айтилади:
قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّمَ: “أَحَبُّ النَّاسِ إلى النَّاسِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنِ النَاسِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِمْ مَنْ احْتَاجَ إِلَيْهِمْ وأَحَبُّ النَّاسِ إِلي اللهِ مَنْ احْتَاجَ إلي اللهِ وَأَبْغَضُ النَاسِ إِلَيْهِ مَنْ اسْتَغْنَى عَنْهُ وَاحْتَاجَ إِلىَ غَيْرِهِ”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одамлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва одамлар наздида энг ёмон кўрилган инсон уларга муҳтож бўлганидир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлгани ва Аллоҳ наздида энг ёмон инсон эса, бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан ўзини беҳожат ҳисоблаганидир”.
Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ризқ қидириш керак.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿هُوَ ٱلَّذِي جَعَلَ لَكُمُ ٱلۡأَرۡضَ ذَلُولٗا فَٱمۡشُواْ فِي مَنَاكِبِهَا وَكُلُواْ مِن رِّزۡقِهِۦۖ وَإِلَيۡهِ ٱلنُّشُورُ١٥﴾
«У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган Зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверинг ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилинг! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).
Аллоҳ таоло ҳатто ийд-жума кунлари ҳам дам олмасдан меҳнат қилиш ва ризқ қидириш мумкинлигини айтган:
﴿فَإِذَا قُضِيَتِ ٱلصَّلَوٰةُ فَٱنتَشِرُواْ فِي ٱلۡأَرۡضِ وَٱبۡتَغُواْ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ كَثِيرٗا لَّعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٠﴾
«Бас, қачонки, намоз (жума намози) адо қилингач, ер юзи бўйлаб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз ва Аллоҳни кўп ёд этингиз, шояд (шунда) нажот топсангиз» (Жума, 10).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат орқали тирикчилик қилишни яхши кўрганлар.
Ривоят қилинишича, бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида бир киши ҳақида гап кетди: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, дейишди ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўладилар ҳамда унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашди. Лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларнинг мақтовларини эшитмадилар ва: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?” деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга тиришишди ва ўз “араваларини ўзлари тортиш”га аҳд қилишди.
Аллоҳ таоло ҳалол меҳнат қиладиган инсонлар мартабасини баланд қилиб қўйди:
﴿۞إِنَّ رَبَّكَ يَعۡلَمُ أَنَّكَ تَقُومُ أَدۡنَىٰ مِن ثُلُثَيِ ٱلَّيۡلِ وَنِصۡفَهُۥ وَثُلُثَهُۥ وَطَآئِفَةٞ مِّنَ ٱلَّذِينَ مَعَكَۚ وَٱللَّهُ يُقَدِّرُ ٱلَّيۡلَ وَٱلنَّهَارَۚ عَلِمَ أَن لَّن تُحۡصُوهُ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنَ ٱلۡقُرۡءَانِۚ عَلِمَ أَن سَيَكُونُ مِنكُم مَّرۡضَىٰ وَءَاخَرُونَ يَضۡرِبُونَ فِي ٱلۡأَرۡضِ يَبۡتَغُونَ مِن فَضۡلِ ٱللَّهِ وَءَاخَرُونَ يُقَٰتِلُونَ فِي سَبِيلِ ٱللَّهِۖ فَٱقۡرَءُواْ مَا تَيَسَّرَ مِنۡهُۚ وَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُواْ ٱلزَّكَوٰةَ وَأَقۡرِضُواْ ٱللَّهَ قَرۡضًا حَسَنٗاۚ وَمَا تُقَدِّمُواْ لِأَنفُسِكُم مِّنۡ خَيۡرٖ تَجِدُوهُ عِندَ ٱللَّهِ هُوَ خَيۡرٗا وَأَعۡظَمَ أَجۡرٗاۚ وَٱسۡتَغۡفِرُواْ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٞ رَّحِيمُۢ٢٠﴾
«(Эй Муҳаммад!) Албатта, Раббингиз сиз ва сиз билан бирга бир тоифа (саҳобаларингиз) кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (миқдори)ни Аллоҳ белгилар. У саноғига ета олмаслигингизни билиб, тавбаларингизни қабул этди. Энди (кечалари намозларингизда) Қуръондан (ўзингизга) осон бўлган даражада ўқийверинг! У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Аллоҳ йўлида жангга чиқиб кетишларини билган. Бас, (қийналмай Қуръондан) осон бўлган миқдорда ўқийверинг! Намозни баркамол адо этинг, закотни (ўз жойига) беринг ва (мискинларга эҳсон қилиш билан) Аллоҳга “қарзи ҳасана” беринг! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган яхшиликни (қиёмат куни) Аллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ мукофот ҳолида топурсиз. Аллоҳдан мағфират сўранг! Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Муззаммил, 20).
Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. У ақлу фаросати билан нафақат ўзи, балки жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаши улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаган нарсангдан беҳожат бўл, ундан устун бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, унинг амири бўласан”.
Бировга қарам, асир бўлишдан сақланайлик.
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бўлиб ўтган воқеани эслайлик, унда катта ибрат ва фойда бор. Али (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмо санаб берди. Мен хурмоларни олиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.
Али (розияллоҳу анҳу) меҳнатидан фахрланиб, кишиларга ибрат учун шундай шеър битган:
Одамлар миннати тоғлардан оғир,
Миннатни кўтариш қийинку ахир.
Баъзилар касб-корни санашади ор,
Аслида касб эмас, тиланчилик ор!
Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ризқларини ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб топишган. Улар ризқ Аллоҳдан эканини билгани ҳолда ҳам ҳунарсиз ўтиришмаган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан шуғулланган.
Шу ўринда Сулаймон (алайҳиссалом)нинг Раббига қилган муножотини эслаб ўтайлик: “Эй Аллоҳ! Мендан олдингиларга насиб этмаган нарсани бердинг ва мендан кейин ҳеч кимга берилмайдиган нарсани сендан сўрайман, ато эт! Шукрингга ожиз қолсам, мендан ҳам шокирроқ бандангни кўрсат”. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: “Эй Сулаймон! Касби билан очлигини кетказган ва авратини ёпган ҳамда менга ибодат қилган бандам сендан кўра шокирроқдир”. Сулаймон (алайҳиссалом): “Эй Парвардигор! Менга қўлим билан қиладиган касб ато эт!”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) келиб унга хурмо дарахтларига ишлов беришни ўргатди. Сулаймон (алайҳиссалом) шу ишни ўзига касб қилиб олди.
Омонатга хиёнат қилмаслик
Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّا عَرَضۡنَا ٱلۡأَمَانَةَ عَلَى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَٱلۡجِبَالِ فَأَبَيۡنَ أَن يَحۡمِلۡنَهَا وَأَشۡفَقۡنَ مِنۡهَا وَحَمَلَهَا ٱلۡإِنسَٰنُۖ إِنَّهُۥ كَانَ ظَلُومٗا جَهُولٗا٧٢﴾
«Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортди ва ундан қўрқди. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилувчи ва нодондир» (Аҳзоб, 72).
Ҳадисда: “Одам (алайҳиссалом) омонатни қабул қилиб олгач, кўп ўтмай жаннатда уни кўтара олмасдан, тақиқланган дарахт мевасидан еб қўйди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ ер юзида кезиб юргувчи фаришталарни яратиб қўйган, улар умматимнинг саломларини менга етказиб туради. Агар умматимнинг бирортаси менга бир кунда юз марта салавот айтса, Аллоҳ унинг юзта ҳожатини раво қилади. Уларнинг етмиштаси охиратга, ўттизтаси бу дунёга тегишлидир”.
Аҳзоб сурасида айтилган омонатга келсак, баъзилар уни тавҳид, деган. У шаҳодат калимасидир. Бу калимани омонат дейишдан мурод, унинг улкан ҳақлари бўлиб, бу ҳақларни Аллоҳ одамларга омонат қилди. Бу омонатни ҳусни тоат билан қабул қилиш вожибдир, бу ҳақларга риоя қилиш ва уларни муҳофаза этиш шартдир.
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасида йигирма тўртта ҳарф бор. Бир кеча-кундузда йигирма тўрт соат бор. Агар банда бу калимани ихлос билан айтса, Аллоҳ: “Шубҳасиз, бу калима ҳурматидан сенинг каттаю кичик, ошкораю махфий, билиб-билмай қилган гуноҳларингни кечирдим”, дейди.
Бу омонат Одам (алайҳиссалом)га рўпара қилинганида: “Эй Раббим! Осмонлару ер ҳамда тоғлар буюклик ва улканликларига қарамай, бу омонатни кўтаришдан қўрқди ва бош тортди. Мен заифлигим билан қандай қилиб кўтараман?”, деди. Аллоҳ: “Кўтариш сен тарафдан, куч-қудрат Мен тарафдандир”, деди. Аллоҳ Мусо (алайҳиссалом) ҳассасини Фираъвн ва унинг қавми кўзига улкан илон қилиб кўрсатди ва улар қўрқиб кетди. Мусо (алайҳиссалом) кўзларига эса таёқ қилиб кўрсатилди, ундан қўрқмадилар. Худди шунингдек, бу омонатни осмонлару ерга улкан қилиб кўрсатди, натижада улар омонатни кўтаришдан бош тортди ва қўрқди. Инсоннинг кўзига эса бу омонатни енгил қилиб кўрсатди. Шунда инсон уни зиммасига олди. Агар: “Осмонлару ер улкан бўлишига қарамай, бу омонатни қабул қилмагани ва инсон заиф бўла туриб уни зиммасига олишида қандай ҳикмат бор?” деб сўралса, “Улар жаннат лаззатини татиб кўришмаган, инсон эса ундан тотиб кўрган. Шунинг учун инсон лаззатга етишиш учун уни ўз зиммасига олди”, деб жавоб берамиз.
Баъзи уламолар, бу омонатдан мурод, беш вақт намоз, деган фикрни билдиришган. Зеро, Аллоҳ: “(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз” (Бақара, 238), деган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Намоз диннинг устунидир. Ким уни барпо этса, динини барпо қилибди, ким уни тарк этган бўлса, динини вайрон қилибди”, деганлар.
Ривоят қилинишича, Али (розияллоҳу анҳу) намоз вақти кирса, ранги ўзгараркан. У кишидан бунинг сабабини сўрашганида: “Осмонлару ерга ва тоғларга рўпара қилинганида улар бош тортган, мен эса заифлигимга қарамай... зиммамга олган омонатни адо этиш вақти келди, уни адо қила оламанми йўқми, билмайман”, деб жавоб берар экан.
Уламоларнинг баъзилари бу омонатдан мурод, тана аъзоларидир, деган. Кўз – омонат, уни ҳаромдан тийиш вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир”(Нур, 30), деган. Қорин – омонат, уни ҳаром луқма киришидан сақлаш вожибдир. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилган: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”(Нисо, 10). Тил – омонат, уни ғийбатдан, фаҳш сўзлардан тийиш вожибдир. Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”(Ҳужурот, 12), деган. Қулоқ – омонат. Уни мункар – тақиқланган нарсаларни эшитишдан сақлаш вожибдир.
Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, Қуръони карим”, дейишган. Бас, шундай экан, уни қироат қилиш, ўрганиш ва ўргатиш вожиб.
Баъзи уламолар бу омонатни рўза деб изоҳлаган. Рўза Ислом арконларидан бири бўлиб, ким уни барпо қилса, динини барпо қилибди. Ким уни тарк этса, динини вайрон қилибди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183), деган. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким рамазон рўзасини ишонч билан савоб умидида тутса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади”.
Яна бошқа уламолар омонатга закот, деган таъриф беришган: “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир” (Баййина, 5), дейди Аллоҳ таоло.
Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом) бир куни хушу, хузу билан намоз ўқиётган киши олдидан ўтдилар ва: “Эй Раббим! Бу нақадар чиройли намоз ўқияпти”, дедилар. Шунда Аллоҳ: “Эй Мусо! Агар ҳар куни юз ракат намоз ўқиса, мингта қулни озод қилса ва минг марта ҳаж қилиб, мингта жанозага қатнашса ҳам, токи молининг закотини бермагунича қилган амаллари унга фойда бермайди”, деди.
“Омонатдан мурод, ҳаждир”, деган баъзи уламолар. Зеро, Аллоҳ таоло: “Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон, 97), деган.
Уламоларнинг баъзилари: “Омонатдан мурод, – барча омонатлар”, дейишган. Зеро, Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Нисо, 58), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Омонати йўқнинг (яъни, омонатга хиёнат қиладиганнинг) имони йўқ”, деганлар.
Молик ибн Сафвон айтади: «Менинг биродарим вафот этди. Сўнг уни тушимда кўрдим ва ундан: “Эй биродар! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?” деб сўрадим, у: “Раббим мени мағфират қилди”, деди. Мен унинг юзида қора нуқтани кўрдим ва ундан бунинг сабабини сўрадим. “Менинг ҳузуримда бир яҳудийнинг фалонча дирҳами омонат қўйилган эди. Мен уни адо қилмаганман. Бу нуқта шу сабаблидир, эй биродар! Сендан илтимос қиламан, ўша дирҳамларни фалон жойдан олиб, фалончига қайтариб бер”, деди у. Тонг отгач, унинг айтганини бажардим. Мен уни иккинчи бор тушимда кўрдим. Қарасам, қора нуқта юзидан кетибди. У: “Эй биродар! Аллоҳ сенга раҳм қилсин, сен мени азобдан қутқардинг”, деди».
Уламоларнинг баъзилари омонатдан мурод, аҳли аёл ва фарзандлардир, дейишган. Уларни намозга буюриш ҳар бир кишига вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг! Сиздан ризқ сўрамаймиз, (аксинча), Биз сизга ризқ берурмиз. Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо, 132), деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Болаларингиз етти ёшга етса, уларни намозга буюринг. Агар ўн ёшга етиб, намоз ўқимаса, уринг”, деганлар. Уларни ҳаромдан, бекорчи ўйин-кулгидан қайтариш вожибдир, чунки ота-она уларнинг тарбиясига масъул. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида сўраласиз”, деганлар.
Ҳикоя қилинишича, орифлардан бири анча муддат Аллоҳга ибодат қилибди. Кунларнинг бирида таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқибди-да, бошини ва қўлини кўтариб: “Эй Раббим, ибодатларимни қабул эт”, деб дуо қилибди. Шунда Раҳмон тарафидан бир нидо қилувчи нидо қилибди: “Гапирма, эй малъун! Чунки сенинг тоат-ибодатинг мардуд – қайтарилгандир”. Шунда обид: “Эй Раббим! Нима сабабдан?” деб сўраганида, нидо қилувчи: “Чунки хотининг Аллоҳнинг амрига зид ишларни қилмоқда ва сен бунга розидирсан”, деб жавоб берибди.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дедилар. Ваъда банда билан бандалар орасида бўлганидек, Аллоҳ билан бандалар орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган. Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф қилган бўлади. Яна омонат тоат-ибодатга буюришдир. Ким буни адо қилса, омонатни адо қилибди, ким буни тарк қилса, омонатга хиёнат қилибди.
Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар омонатдир”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтган: “Аҳдлар Қуръонда ҳалол-ҳаром, фарз қилинган ва ҳад қилиб, жорий этилган нарсалардир”.
Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.
Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло буюрган: Унинг Ўзигагина итоат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишингиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, мушриклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”».
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кимда тўрт хислат бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлади. Кимда улардан биттаси бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг битта хислати қолади. Гапирса, ёлғон гапиради, аҳдлашса, аҳдида турмайди, омонатга хиёнат қилади ва агар баҳслашса, фожирлик қилади (ҳаддидан ошади)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Қиёмат куни ҳар бир (аҳдини бузган) хиёнатчининг танитиб турадиган байроғи бўлади. Бу фалончининг хиёнати, дейилади” (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб (бирор нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб, роса ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман”, деди» (Имом Бухорий ривояти).
Юқорида келтирилган оят ва ҳадислардан омонатнинг нақадар оғир эканини билиб олдик. Бизга нима омонат қилинган бўлса, барчасини ўз вақтида адо этишга шошилайлик. Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ва фойдали илм ато этсин, омин!
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
ОЛТИНЧИ ВАСИЯТ:
Камбағалларни севиш ва уларга яқин бўлиш;
Ўзидан юқоридагиларга эмас, ўзидан пастдагиларга қараш;
Қариндошларга, гарчи улар ёмонлик қилсалар ҳам, силаи раҳм қилиш;
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби