Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Май, 2025   |   8 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:43
Қуёш
05:14
Пешин
12:25
Аср
17:19
Шом
19:29
Хуфтон
20:54
Bismillah
06 Май, 2025, 8 Зулқаъда, 1446

РЎЗАСИНИ ҚАСДДАН БУЗГАННИНГ КАФФОРАТИ

30.04.2021   1817   2 min.
РЎЗАСИНИ ҚАСДДАН БУЗГАННИНГ КАФФОРАТИ

— Рамазон рўзасини қасддан бузган киши қандай каффорат тўлайди? 

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффоратни адо этиши вожиб бўлади.

Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:

  • Бир қул озод қилиш.
  • Агар бунга қодир бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш.

Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.

  • Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмишта фақир кишига фидя миқдорича таом беради ёки таомнинг қийматини беради. Бир фақир кишига олтмиш кун таом берса ҳам бўлади. Аммо бир фақирга отмиш кунлик таомни бир кунда берса жоиз бўлмайди.

Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган: “Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради (“Раддул муҳтор”).

Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.

Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).

Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса, каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.

Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади (“Фатавои Ҳиндия”). Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Усмон мусҳафи зиёрати

05.05.2025   3532   2 min.
Усмон мусҳафи зиёрати

#Ноёб_фотолар

• Беш республика муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, диний назорат масъул котиби Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамроҳлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари II қурултойи делегатлари ҳамда Россия, Шимолий Кавказ ва Озарбайжондан келган уламолар Усмон мусҳафини зиёрат қилмоқда.

1948 йил, Тошкент

•Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврларида милодий 651 йили, ҳижрий 24 йили Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг расмда тасвирланган ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. 
 

• Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафи дастлаб Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарлари, таниқли олимлар Шайх Исмоил Махдум Саттиев, Шайх Юсуфхон Шокиров, шунингдек, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.


• Усмон мусҳафи руслар бостириб келгунга қадар ҳижрий 1285 йилгача Самарқандда турди.


•1869 йилнинг майида Туркистон бош губернатори Фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада сақланади. 


• Ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Усмон Мусҳафи Туркистон мусулмонларига 1924 йилда қайтарилди. 


Мусҳафи шариф бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди, сўнг Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг IV қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига қайтариб берилди. 


• Ҳозирда Мусҳаф Ҳазрати Имом мажмуасининг Мўйи муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.


• Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама Германиядан келтирилган. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади. 

t.me/muftiylaruz

Ўзбекистон янгиликлари