— Рамазон рўзасини қасддан бузган киши қандай каффорат тўлайди?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Рўзадор қасддан яъни, рўза тутгани эсида бўла туриб овқат еса, сув ичса ёки жинсий алоқа қилса, рўзаси бузилади. Бу ҳолатда ҳам қазо, яъни, бузган рўзасини тутиши, ҳам каффоратни адо этиши вожиб бўлади.
Рўзанинг каффорати қуйидагилардан иборат:
Бунда бир кун қазосидан ташқари икки ой ҳисобланади. Ҳозирги кунда қулдорлик йўқлиги сабабли қул озод қилишга қодир бўлмаслик табиийдир. Ушбу отмиш кун кетма-кет тутиладиган рўза шариатда рўза тутиш мумкин бўлмаган кунлар яъни, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари ва Қурбон ҳайити кунидан кейин уч кун, жами беш кунга тўғри келиб қолмаслиги керак.
Каффорат ҳақида фиқҳий манбаларимизда бундай дейилган: “Ким икки жинсий йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еса ёҳуд ичса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради (“Раддул муҳтор”).
Зиммасига каффорат лозим бўлган киши рўза тутишга қодир бўла туриб, таомлантириш йўли билан каффоратни адо қилмоқчи бўлса, каффорат адо бўлмайди. Чунки тартиб бузилган бўлади.
Каффорат рўзасини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоратни қайтадан бошламайди, балки узри кетгач давом эттиради. Нифос қонини кўрса, каффоратни қайтадан бошлайди. Чунки нифос қони бу масалада узр ҳисобланмайди (“Раддул муҳтор”).
Каффорат рўзасини тутаётган киши олтмиш кун ичида бирор кунни қолдирса, каффорат бузилади ва рўза тутишни бошидан бошлайди.
Рамазоннинг қазоси ва каффоратини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал мана шу рўзаларни тутишни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ёки каффорат рўзасини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади (“Фатавои Ҳиндия”). Рамазон рўзасидан бошқа рўзаларни бузишда каффорат йўқ.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Кеча, 6 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Йилнинг энг яхши ислом тарихи ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, вилоят бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, ҳайъат аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича баҳс олиб борди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадяҳёхон Маҳмудов 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов, 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Санжар Бердиевга 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Танловнинг қолган 10 нафар иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати