Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Эътиқод дурдоналари: ШАФОАТ ТУШУНЧАСИ БАЁНИ

29.04.2021   4319   21 min.
Эътиқод дурдоналари: ШАФОАТ ТУШУНЧАСИ БАЁНИ

Шафоат тушунчаси баёни

28 - وَمَرْجُوٌّ شَفَاعَةُ أَهْلِ خَيْرٍ    لِأَصْحَابِ الْكَبَائِرِ كَالْجِبَالِ

 

Маънолар таржимаси:

Солиҳ бандаларнинг шафоати тоғлардек гуноҳи кабираларни қилганларга (ҳам) умид қилингандир.

 

Назмий баёни:

Солиҳлар шафоатидан, албат, умид бор,

Умидворлар бўлса ҳам тоғдек гуноҳкор.

 

Луғатлар изоҳи:

مَرْجُوٌّ – мубтадосидан олдин келтирилган хабар. Ражо калимаси луғатда “умидворлик” маъносида ишлатилади.

شَفَاعَةُ  – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Луғатда “жуфт қилмоқ”, “тарафини олмоқ” маъноларини англатади.

خَيْرٍ أَهْلِ – музофун илайҳ. Луғатда “яхшилик эгалари” маъносини англатади.  

لِ – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.

الْكَبَائِرِ أَصْحَابِ – гуноҳи кабираларни содир этган ва тавба қилмасдан вафот этган кишилар кўзда тутилган.

كَ – “ташбеҳ” (ўхшатиш) учун келган жор ҳарфи.

الْجِبَالِ – тоғлар ердан баланд кўтарилган ва узун чўзилиб кетган баҳайбат дўнгликлардир. Мусулмон киши ҳар қанча баҳайбат гуноҳларни содир этган бўлса ҳам шафоатдан умид узилмаслигини билдириб қўйиш учун айнан шу калима ишлатилган.

 

Матн шарҳи:

Хайр аҳли ҳисобланган солиҳ инсонларнинг гуноҳкорларни шафоат қилишлари, агар ўша гуноҳкорлар тоғлардек катта гуноҳларни содир этган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таолодан гуноҳларини афв этишини сўрашлари умид қилинадиган иш саналади.  Солиҳ инсонларнинг кимлар эканлиги қуйидаги ҳадиси шарифда баён қилинган:

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ الأَنْبِيَاءُ  ثُمَّ الْعُلَمَاءُ  ثُمَّ الشُّهَدَاءُ. رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ   

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида шафоат қиладиганлар учтадир: пайғамбарлар, сўнгра уламолар, сўнгра шаҳидлардир”, – дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.  

Яъни қиёмат кунида энг аввало пайғамбарлар шафоат қиладилар, сўнгра илмига амал қилган олимлар шафоат қиладилар, сўнгра Аллоҳ йўлида жонларини фидо қилган мухлис шаҳидлар шафоат қиладилар. Ҳадиси шарифда шаҳидларнинг олимларга  ثُمَّбилан атф қилинишида олимларнинг шаҳидлардан  юқори мартабада бўлишларига ишора бор.

Шафоатга луғавий жиҳатдан икки хил маъно берилган. Баъзилар шафоатни  شَفْعٌ яъни “жуфт қилмоқ” маъносида дейишса, баъзилар эса شَفَاعَةٌ яъни “ҳимоя қилмоқ”, “тарафини олмоқ” каби маъноларни билдиради, дейишган. Шунга кўра  шафоатга икки хил таъриф берилган:

  1. Шафоат луғатда “тоқни жуфт қилиш” маъносини англатади. Икки ракат намоз ҳам шу маънода “шаф” дейилади. Истилоҳда эса, яхшиликни жалб қилиш ёки зарарни даф этишда ўртада туришни шафоат дейилади. Демак шафоат деганда икки иш тушунилади:

а) яхшиликни жалб қилиш;

б) зарарни даф қилиш[1]”.

  1. Шафоат луғатда “васийла”, “сўров” каби маъноларни англатади. Урфда эса бошқадан бошқа биров учун яхшилик қилишни сўраш шафоат дейилади. Шунингдек шафоатда “жуфт қилиш” маъноси ҳам бўлиб, гўё шафоат қилувчи ўзининг сўровини шафоат қилинганнинг сўровига қўшган, яъни икки сўровни жуфтлаштирган бўлади.

 

Шафоатнинг шартлари

Қуръони каримда шафоатнинг қачон наф бериши шундай баён қилинган:

﴿۞وَكَم مِّن مَّلَكٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ لَا تُغۡنِي شَفَٰعَتُهُمۡ شَيۡ‍ًٔا إِلَّا مِنۢ بَعۡدِ أَن يَأۡذَنَ ٱللَّهُ لِمَن يَشَآءُ وَيَرۡضَىٰٓ٢٦

“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам – Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишиларга (шафоатга) изн бермагунича – фойда бермас”[2].    

Ушбу ояти каримада шафоат фақат икки шарт билан наф бериши айтилган:

  1. Аллоҳ таолонинг шафоат қилувчига шафоат қилиш изнини бериши. Чунки шафоат ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулки бўлиб, бу ҳақида шундай хабар берилган:

﴿قُل لِّلَّهِ ٱلشَّفَٰعَةُ جَمِيعٗاۖ لَّهُۥ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۖ ثُمَّ إِلَيۡهِ تُرۡجَعُونَ٤٤

“Айтинг: “Барча шафоат (оқлов) фақат Аллоҳникидир”[3].      

  1. Аллоҳ таолонинг шафоат қилингандан унинг тавҳид аҳли бўлгани сабабли рози бўлиши. Чунки мушрикка шафоатчиларнинг шафоатлари наф бермайди. Бу ҳақида шундай хабар берилган:

﴿فَمَا تَنفَعُهُمۡ شَفَٰعَةُ ٱلشَّٰفِعِينَ٤٨

“Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас”[4].   

Яъни Аллоҳдан уларни азобламасликни сўрайдиган шафоатчи бўлмайди. Агар бутун Ер аҳли уларни шафоат қилмоқчи бўлсалар ҳам, уларнинг шафоатлари қабул қилинмайди. Шафоат ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган:

عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ قَالْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ أَتَانِي آتٍ مِنْ عِنْدِ رَبِّي فَخَيَّرَنِى بَيْنَ أَنْ يَدْخُلَ نِصْفُ أُمَّتِي الْجَنَّةَ وَ بَيْنَ الشَّفَاعَةِ فَاخْتَرْتُ الشَّفَاعَةَ وَ هِىَ لِمَنْ مَاتَ لاَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Роббимнинг ҳузуридан бир келгувчи келди ва умматимнинг ярми жаннатга кирмоқлигини ёки шафоатни танлашимни сўради. Бас, мен шафоатни танладим. У Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай вафот этган киши учундир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

 

Шафоатнинг турлари

Шафоатни икки турга ажратиш мумкин:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос шафоатлар;
  2. Умумий шафоатгўйларнинг шафоатлари.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос шафоатлар

  1. Барча Пайғамбарлар орасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хос қилиб берилган улкан шафоат. Қуръони каримда ушбу шафоатга ишора келган:

﴿وَمِنَ ٱلَّيۡلِ فَتَهَجَّدۡ بِهِۦ نَافِلَةٗ لَّكَ عَسَىٰٓ أَن يَبۡعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامٗا مَّحۡمُودٗا٧٩

“Шоядки, Роббинг сени (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса”[5].   

Ояти каримада зикр қилинган “мақтовли мақом”ни жумҳур уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериладиган қиёмат кунидаги улкан шафоат, – дейишган.

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган қавмларни жаннатга киришлари учун қиладиган шафоатлари. Баъзилар бу шафоат тўғрисида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам, у зотдан бошқадан ҳам саҳиҳ хабар келмаган, – дейишган. Баъзилар эса ушбу оятни келтиришган:

﴿وَبَيۡنَهُمَا حِجَابٞۚ وَعَلَى ٱلۡأَعۡرَافِ رِجَالٞ يَعۡرِفُونَ كُلَّۢا بِسِيمَىٰهُمۡۚ وَنَادَوۡاْ أَصۡحَٰبَ ٱلۡجَنَّةِ أَن سَلَٰمٌ عَلَيۡكُمۡۚ لَمۡ يَدۡخُلُوهَا وَهُمۡ يَطۡمَعُونَ٤٦

“Аъроф (арасот) узра (жаннат ва дўзахдагиларнинг) ҳар бирини сиймолари (аломатлари)дан таниб оладиган кишилар (бўлур)[6].

Яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб қолган кишилар бир тафсирга кўра ушбу ояти кариманинг умумий маъносига кирадилар. Яъни яхшиликлари ва ёмонликлари тенг келиб, ўртада туриб қолган кишилар Расулуллоҳнинг шафоатлари билан жаннатга кирадилар, – дейишган.

  1. Дўзахга амр қилинган қавмларни унга кирмасликлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умумий қилиб айтган қуйидаги сўзларидир:

 عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ اللهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لِأَهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, – дедилар”. Имом Термизий ривоят қилган.

Шунингдек, дўзахга кирган баъзи кимсаларнинг у зотнинг шафоатлари сабабли ундан чиқарилиши ҳақида ҳам ривоятлар келган:

حَدَّثَنَا عِمْرَانُ بْنُ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ النَّارِ بِشَفَاعَةِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُسَمَّوْنَ الْجَهَنَّمِيِّينَ.  رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Бизларга Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганини гапириб берди: “Бир қавм Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари сабабли дўзахдан чиқиб, жаннатга кирадилар, “жаҳаннамийлар” деб номланадилар”. Бухорий ривоят қилган.

  1. Жаннатга кирганларни амалларининг савоблари тақозо қилган даражадан юқори даражага кўтариш учун қиладиган шафоатлари. Бунга ушбу ҳадис далилдир:

عَنْ أُمّ سَلَمَةَ قَالَتْ: دَخَلَ رَسُولُ اللّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَىَ أَبِي سَلَمَةَ وَقَدْ شَقّ بَصَرُهُ فَأَغْمَضَهُ ثُمّ قَالَ إِنّ الرّوحَ إِذَا قُبِضَ تَبِعَهُ الْبَصَرُ فَضَجّ نَاسٌ مِنْ أَهْلِهِ فَقَالَ لَا تَدْعُوا عَلَيَّ أَنْفُسِكُمْ إِلاّ بِخَيْرٍ فَإِنّ الْمَلاَئِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَىَ مَا تَقُولُونَ ثُمّ قَالَ اللّهُمّ اغْفِرْ لأَبِي سَلَمَةَ وَارْفَعْ دَرَجَتَهُ فِي الْمَهْدِيّينَ وَاخْلُفْهُ فِي عَقِبِهِ فِي الْغَابِرِينَ وَاغْفِرْ لَنَا وَلَهُ يَا رَبّ الْعَالَمِينَ وَافْسَحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ وَنَوّرْ لَهُ فِيهِ.  رَوَاهُ مُسْلمٌ

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саламанинг ёнига кирдилар, унинг кўзи бир томонга қараб қолган эди, уни ёпиб қўйдилар. Сўнгра: “Қачон руҳ қабз қилинса, кўз унга эргашади”, – дедилар. Унинг яқинлари йиғлаб юборишди. У зот: “Ўзларингизга фақат яхши нарсани тиланглар, албатта фаришталар айтаётган нарсаларингизга омийн деб турадилар”, – дедилар. Сўнгра: “Эй Аллоҳим, Абу Саламани мағфират қилгин, унинг даражасини ҳидоят қилинганлар ҳолатида кўтаргин,  унга аҳлидан ўринбосарлар қилгин, эй оламлар Роббиси, бизни ҳам, уни ҳам кечиргин. Унга қабрини кенг ва нурли қилиб бергин”, – дедилар”.  Муслим ривоят қилган. 

  1. Баъзи қавмларни жаннатга ҳисобсиз киришлари учун қиладиган шафоатлари. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисда хабар берилган:

عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ حَدَّثَنِي سَعِيدُ بْنُ الْمُسَيَّبِ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ حَدَّثَهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ يَدْخُلُ الْجَنَّةَ مِنْ أُمَّتِي زُمْرَةٌ هُمْ سَبْعُونَ أَلْفًا تُضِيءُ وُجُوهُهُمْ إِضَاءَةَ الْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ وَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ فَقَامَ عُكَّاشَةُ بْنُ مِحْصَنٍ الْأَسَدِيُّ يَرْفَعُ نَمِرَةً عَلَيْهِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ قَالَ اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ مِنْهُمْ ثُمَّ قَامَ رَجُلٌ مِنْ الْأَنْصَارِ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللَّهِ ادْعُ اللَّهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مِنْهُمْ فَقَالَ سَبَقَكَ بِهَا عُكَّاشَةُ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Менга Саъид ибн Мусаййаб гапириб берди, унга Абу Ҳурайра гапириб берган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаннатга менинг умматимдан юзларидан нур балқиб турган бир гуруҳ киради. Улар етмиш мингтадир. Уларнинг юзлари тўлин ой кечасидаги ойнинг зиёсидек нур таратиб туради”, – деяётганларини эшитдим. Абу Ҳурайра: “Шунда Уккоша ибн Миҳсон Асадий устидаги чакмонини кўтариб сакраб ўрнидан туриб кетди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг”, – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, уни ўшалардан қилгин”, – дедилар. Сўнгра ансорлардан бўлган бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўшалардан қилишини сўраб Аллоҳга дуо қилинг, – деди. У зот: “Уни Уккоша сендан олдин қўлга киритиб бўлди”, – дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.    

  1. Азобга гирифтор бўлиб қолганларнинг азобларини енгиллатиш учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَذُكِرَ عِنْدَهُ عَمُّهُ أَبُو طَالِبٍ فَقَالَ لَعَلَّهُ تَنْفَعُهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَيُجْعَلُ فِي ضَحْضَاحٍ مِنْ النَّارِ يَبْلُغُ كَعْبَيْهِ يَغْلِي مِنْهُ أُمُّ دِمَاغِهِ.  رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида амакилари Абу Толиб зикр қилинганида у зотнинг: “Шоядки қиёмат кунида унга менинг шафоатим наф берса, у оловнинг чуқур бўлмаган, икки тўпиғигагина етиб турадиган саёз жойига қўйилади. Ўша жой сабабли бош миясининг пардаси қайнаб туради”, – деганларини эшитган”. Имом Бухорий ривоят қилган.   

  1. Барча мўминларга жаннатга кириш изни берилиши учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَا أَوَّلُ شَافِعٍ فِى الْجَنَّةِ. رَوَاهُ  الدَّارِمِىُّ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен жаннатга эришиш учун аввалги шафоатчиман”, – дедилар”.   Имом Доримий ривоят қилган. 

Яъни у зот инсонларнинг жаннатга киришлари учун аввалги шафоатчидирлар.

  1. Гуноҳи кабира қилган умматлари учун қиладиган шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ جَابِرِ بنِ عَبْدِ الله قال قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ شَفَاعَتِي لِأَهْلِ الكَبَائِرِ مِنْ أُمّتِي. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан аҳли кабоирларга шафоатим бордир”, – дедилар”.  Термизий ривоят қилган. 

 

Умумий шафоатгўйларнинг шафоатлари

  1. Барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ўз умматларига қиладиган шафоатлари. Қуйидаги ҳадис бунинг далилидир:

 عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْفَعُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ثَلاَثَةٌ الأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الْعُلَمَاءُ  ثُمَّ الشُّهَدَاءُ.  رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ   

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида шафоат қиладиганлар учтадир, пайғамбарлар, сўнгра уламолар, сўнгра шаҳидлар”, – дедилар”.   Ибн Можа ривоят қилган. 

  1. Фаришталарнинг гуноҳкорларга шафоатлари. Ушбу оят бунга далилдир:

﴿۞وَكَم مِّن مَّلَكٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ لَا تُغۡنِي شَفَٰعَتُهُمۡ شَيۡ‍ًٔا إِلَّا مِنۢ بَعۡدِ أَن يَأۡذَنَ ٱللَّهُ لِمَن يَشَآءُ وَيَرۡضَىٰٓ٢٦

“Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам – Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишиларга (шафоатга) изн бермагунича – фойда бермас”[7].   

  1. Ёш болаларнинг ота-оналарига шафоатлари. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ عَلِيٍّ قَالَ قَالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إنَّ السقْطَ لَيُرَاغِمُ رَبَّهُ إذا دَخَلَ أبَواهُ النَّارَ فَيُقالُ أيُّها السِّقْط المُرَاغِمُ رَبَّهُ أدْخِلْ أبَوَيْكَ الجَنَّةَ فَيَجُرُّهُما بِسَرَرِهِ حَتّى يُدْخِلَهُما الجنّة.   رَوَاهُ اِبْنُ مَاجَّةَ   

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдак ота-онаси дўзахга кирганда, албатта, Роббисига (ота-онасининг дўзахга киритилишига) норозилик билдиради. Унга: “Эй Роббисига (ота-онасининг дўзахга киритилишига) норозилик билдираётган гўдак, ота-онангни жаннатга олиб кир”, – дейилади. У иккаласини узун киндиги билан жаннатга киргизгунича тортиб боради”, – дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.

  1. Аллоҳ йўлида шаҳид бўлганнинг ўз яқинларидан етмиш нафарини қиладиган шафоати. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:

  عَنْ الْمِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِلشَّهِيدِ عِنْدَ اللَّهِ سِتُّ خِصَالٍ يُغْفَرُ لَهُ فِي أَوَّلِ دُفْعَةٍ مِنْ دَمِهِ وَيُرَى مَقْعَدَهُ مِنْ الْجَنَّةِ وَيُجَارُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ وَيَأْمَنُ مِنْ الْفَزَعِ الْأَكْبَرِ وَيُحَلَّى حُلَّةَ الْإِيمَانِ وَيُزَوَّجُ مِنْ الْحُورِ الْعِينِ وَيُشَفَّعُ فِي سَبْعِينَ إِنْسَانًا مِنْ أَقَارِبِهِ.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Миқдам ибн Маъдийкариба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳид учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида олти хислат бўлади:

  1. Қони тўкилиши биланоқ мағфират қилиниб, жаннатдаги ўрни кўрсатилади;
  2. Қабр азобидан ҳимоя қилинади;
  3. Қиёмат қўрқинчидан омон қилинади;
  4. Иймон безаги билан безалади;
  5. Жаннат ҳурлари жуфт қилиб берилади;
  6. Қариндошларидан етмиш киши шафоат қилинади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.
  7. Қуръонни ёдлаган қорининг ўз оиласига қиладиган шафоати. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:

عَنْ عَلِيّ بنِ أَبي طَالِبٍ قالَ قالَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ قَرَأَ القُرْآنَ وَاسْتَظْهَرَهُ فَأَحَلّ حَلاَلَهُ وَحَرّمَ حَرَامَهُ أَدْخَلَهُ الله بِهِ الْجَنّةَ وَشَفّعَهُ فِي عَشْرَةٍ مِنْ أَهْلِ بَيْتِهِ كُلّهُمْ وَجَبَتْ لَهُ النّارُ.  رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръон ўқиган ва уни ёд олган бўлса, ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром деб билган бўлса, шу сабабли Аллоҳ уни жаннатга киргизади ва ҳар бирига дўзах вожиб бўлган ўнта яқинлари учун унинг шафоатини қабул қилади”, – дедилар”. Термизий ривоят қилган.

  1. Мўминларнинг бир-бирларига шафоатлари. Ушбу ҳадис бунга далилдир:

      عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اَللَّهُ عَنْهُمَا سَمِعْتُ اَلنَّبِيّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَا مِنْ رَجُلٍ مُسْلِمٍ يَمُوتُ فَيَقُومُ عَلَى جَنَازَتِهِ أَرْبَعُونَ رَجُلاً لاَ يُشْرِكُونَ بِاَللَّهِ شَيْئًا إِلاَّ شَفَّعَهُمْ اَللَّهُ فِيهِ.  رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирор бир мусулмон вафот этганда унинг жанозасига Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган қирқ киши қатнашса, албатта Аллоҳ уларнинг у ҳақидаги шафоатларини қабул қилади”, – деяётганларини эшитдим”. Муслим ривоят қилган.  

  1. Қуръони каримнинг ўз қорисига шафоати. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

  عَنْ زَيْدٍ أَنّهُ سَمِعَ أَبَا سَلاّمٍ يَقُولُ حَدّثَنِي أَبُو أُمَامَةَ الْبَاهِلِيّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ اقْرَأُوا الْقُرْآنَ فَإِنّهُ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ اقْرَأُوا الزّهْرَاوَيْنِ الْبَقَرَةَ وَسُورَةَ آلِ عِمْرَانَ فَإِنّهُمَا تَأْتِيَانِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ كَأَنّهُمَا غَمَامَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا غَيَايَتَانِ أَوْ كَأَنّهُمَا فِرْقَانِ مِنْ طَيْرٍ صَوَافٍّ تُحَاجّانِ عَنْ أَصْحَابِهِمَا، اقْرَأُوا سُورَةَ الْبَقَرَةِ فَإِنّ أَخْذَهَا بَرَكَةٌ وَتَرْكَهَا حَسْرَةٌ وَلاَ يَسْتَطِيعُهَا الْبَطَلَةُ.  رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Зайддан ривоят қилинади, у Абу Салломнинг менга Абу Умома Боҳилий гапириб берди деяётганини эшитган. У айтганки: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат кунида ўз соҳибларига шафоатчи бўлиб келади. Икки нур сочувчини, Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар, чунки бу иккаласи қиёмат кунида гўё икки булут каби, ёки гўё икки баланд соябон каби, ёки гўё саф тортган икки қуш тўдаси каби келадилар. Иккалалари ўз соҳиблари тарафидан (Забония билан) тортишадилар. Бақара сурасини ўқинглар, албатта, уни олиш баракадир, уни тарк қилиш ҳасратдир. Сохтакорларнинг унга тоқатлари етмайди”, – деганларини эшитганман”.  Муслим ривоят қилган. 

  1. Рўзанинг рўзадорга шафоати. Бунинг далили ушбу ҳадисдир:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ وَالْقُرْآنُ يَشْفَعَانِ لِلْعَبْدِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ يَقُولُ الصِّيَامُ: أَىْ رَبِّ مَنَعْتُهُ الطَّعَامَ وَالشَّهَوَاتِ بِالنَّهَارِ فَشَفِّعْنِى فِيهِ وَيَقُولُ الْقُرْآنُ مَنَعْتُهُ النَّوْمَ بِاللَّيْلِ فَشَفِّعْنِى فِيهِ قَالَ: فَيُشَفَّعَانِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандани шафоат қиладилар. Рўза: “Эй Роббим, мен уни кундузлари таомдан ва хоҳиш-истаклардан қайтардим, унинг учун менинг шафоатимни қабул қилгин”, – дейди. Қуръон: “Уни кечалари уйқудан қайтардим, унинг учун менинг шафоатимни қабул қилгин”, – дейди. Бас, иккалалари шафоатчи қилинадилар”, – дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.    

Шафоат ҳақида Сўфи  Оллоҳёр бобомиз қуйидаги ажойиб сўзларни ёзган:

Худо изн айласа рўзи қиёмат

Суюклук бандаси айлар шафоат.

*  *  *

Илоҳи, лутф қил ҳасратли соат

Ҳабибингдин насиб этгил шафоат.

*  *  *

Айурма яхшиларни(нг) орасидин

Йироғ этма ҳабибинг қорасидин[8].

Яъни Аллоҳ таоло хоҳлаган суюкли бандаларнинг қиёмат кунидаги шафоатлари  ҳақдир. Шунинг учун эй Роббимиз, ўша қийин вақтларда бизларни ҳам шафоатдан баҳраманд этгин, яхши зотлар билан бирга қилгин, дея дуо қиламиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ПАЙҒАМБАРЛАРНИНГ МАЪСУМЛИКЛАРИ БАЁНИ:

Пайғамбарларнинг хусусиятлари;

Пайғамбарлардан содир бўлган ишлар ҳақидаги қарашлар;

 

[1] Муваффиқ ибн Қудома. Шарҳу Ламъатул эътиқод, ўн тўртинчи жуз. “Мактабатуш шомила”. – Б. 3.

[2] Нажм сураси, 26-оят.

[3] Зумар сураси, 44-оят.

[4] Муддассир сураси, 48-оят.

[5] Исро сураси, 79-оят.

[6] Аъроф сураси, 46-оят.

[7] Нажм сураси, 26-оят.

[8] Сўфи Оллоҳёр. Саботул ожизин. – Тошкент: “Чўлпон нашриёти”, 1991. – Б. 34.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Янги Ўзбекистон диний бағрикенглик” мавзусидаги халқаро конференция хорижий мутахассислар нигоҳида

26.11.2024   1862   9 min.
“Янги Ўзбекистон диний бағрикенглик” мавзусидаги халқаро конференция хорижий мутахассислар нигоҳида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсида фаол ташқи сиёсат олиб бораётганлиги, қўшни давлатлар билан ҳар томонлама, ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантираётганлиги, эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга имкон бермоқда. 

Юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, таълим, илм-фан, маънавият ва маърифат, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва бағрикенглик тамойиллари ўзининг янги тарихий саҳифаларини очди. Яқин қўшни давлатлар билан олий ва юқори даражадаги алоқаларимиз сезиларли даражада фаоллашди.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Президентимизнинг муҳим таклифи асосида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Шуни алоҳида таъкидлш лозимки, мазкур резолюцияни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар якдил  қўллаб-қувватлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил 19 сентябрдаги 78-сессиясида илгари сурган ташаббуслари асосида жорий йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция юқори савияда ўтказилди.

Унда дунёнинг 22 та мамлакатидан 70 дан ортиқ хорижий меҳмонлар – уламолар, муфтийлар, исломшунос олимлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда юртимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу тадбир якуни бўйича мусулмон мамлакатларининг олим ва мутахассислари иштирокида экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши кураш самарадорлигини янада ошириш, илмий раддиялар бериш методологиясини такомиллаштириш масалалари бўйича Хива декларацияси қабул қилинди.

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни эса пойтахтимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Дин ишлари қўмитаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ундан кўзланган мақсад Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик омилларидан бири бўлган диний бағрикенглик, динлараро тотувлик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни ўрганиш, истиқболдаги вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Халқаро анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Корея, Туркия, Малайзия, Португалия, Арманистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатлардан мутахассислар, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, диншунос экспертлар, исломшунослар, миллий маданий марказлар, турли диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Анжуманнинг хорижий иштирокчилари бугунги таҳликали замонда Ўзбекистондаги динлараро ва миллатлараро тотувлик ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар хорижий давлатлар учун ўрнак бўлаётгани, бу ислоҳотлар ва ташаббуслар бошида Ўзбекистон Президенти турганини юқори баҳоладилар. Қуйида диний конфессия раҳбарлари ва диншунос мутахассисларнинг анжуман ҳақидаги таассуротларини келтирамиз:

Мустафа ДЕМИРЖИ, Туркиянинг Салжуқ университети Салжуқ тадқиқотлари институти мудири, профессор:

– Мазкур конференция Ўзбекистондаги 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакилларини бир мақсад йўлида бирлаштирди, деб айтиш мумкин.

Ушбу нуфузли анжуман орқали турли миллат вакиллари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини изҳор қилмоқдалар.

Тарихан ушбу макон Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, турли миллат ва халқлар бир ерда жамланган юрт ҳисобланади. Бу эса ўлканинг цивилизациялар туташган манзилига айлантирган. Бундай юрт дунёнинг бошқа жойида топилмайди.

 

Сергей КРЕТОВ, Новоапостол черкови Марказий Осиё округи раҳбари:

– Ҳозирда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари истиқомат қиладиган мултиконфессионал Ўзбекистон жамиятида бағрикенгликни тарғиб қилиш юрт ривожининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Биз Ўзбекистонда динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ўзига хос модели шаклланганининг гувоҳи бўлдик. Унинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар бир дин вакилига тенг ҳуқуқ ва эркинлик берилгани ва эмин-эркин ибодатларини амалга оширишга шароит яратилганидир.

Шуни айтиш муҳимки, кейинги йилларда янги Ўзбекистонда динлараро мулоқот соҳасида кўплаб ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз ва бу бизни мамнун қилади. Бугунги ўтказилаётган конференция ҳам фикримизнинг яққол мисоли бўлади.

Епископ Хосе Луис Мумбиела СЕРРА, Марказий Осиё католик епископлари конференцияси раиси, Қозоғистон:

– Ўзбекистонга аввал ҳам бир неча бор келганман. Бу ерда турли дин ва миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечираётгани, умуман, диний бағрикенгликнинг юксак маданияти шакллангани мени ғоятда ҳайратлантиради.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бугун мамлакатингизнинг тез суръатлар билан ривожланиб, халқаро миқёсдаги нуфузи тобора юксалиб боришида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити муҳим роль ўйнамоқда.

Бугунги турли низолар кузатилаётган вазиятда турли миллат, дин вакилларини бир жойга жамлаб, тинчлик, фаровонликни кўзда тутган муштарак мақсадлар илгари сурилаётгани жуда катта жасорат ва дунё ҳамжамиятига намунадир.

 

Митрополит ВИКЕНТИЙ, Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари:

– Президент Шавкат Мирзиёев барча одамлар тинчлик ва ҳамжиҳатликда яшашларини таъминлашини қўллаб-қувватлаб, тарғиб қилиб келмоқда. Бу эса диний бағрикенгликнинг муваффақият калитидир.

Кейинги йилларда Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга тобора очилиб бормоқда. Турли миллатлар ўртасида эзгулик, тинчлик ва тотувлик, бағрикенглик ва дўстлик сиёсатини тараннум этаётган мамлакат сифатида дунёда тан олинмоқда. Ушбу конференция эса диний бағрикенгликнинг ўзбекона модели сифатида эътироф этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг тинчлик ва ҳамжиҳатлик ташаббусини барчамиз қўллаб-қувватлашимиз керак. Шундай экан, бугунги байрам билан барчани табриклайман. Бундай қувончли кунлар ҳар доим ҳамроҳимиз бўлсин.

 

Владимир ПРОВОРОВ, Россия Евангел-Лютеран черкови архиепископи:

– Ўйлайманки, мазкур конференция Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув, умумжамият ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатларига ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон Президентининг миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига асосланган сиёсати мамлакатдаги турли миллат вакилларини бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бу янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ислоҳотларидан бири сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.

Абд Раҳман Моҳд РОСМИЗИ, Малайзия Ислом илмлари университети профессори:

– “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусидаги конференция сабаб Ўзбекистонда бўлганимдан жуда ҳам мамнунман. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу нуфузли анжуман ташкилотчиси ва ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига миннатдорлик билдириб қоламан. Бу каби тадбирларнинг бардавом бўлаётгани жуда қувонарлидир. Зеро, яхши биламизки, ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло инсонларни турли халқ ва миллатларга бўлиб яратган ва уларнинг асосий мақсади ер юзида ҳамжиҳатликда ва ҳамкорликда яшашдан иборат.

Бироқ бугун ер юзининг айрим ҳудудларида содир бўлаётган низолар, тўқнашувлар тинчлик-тотувликнинг қадрини янада оширмоқда. Шу нуқтаи назардан бугунги конференция долзарб аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртингиздаги диний конфессия вакилларининг фаолиятини ўрганиш, таҳлил этиш, Ўзбекистоннинг бағрикенглик сиёсатини жаҳон ҳамжамиятига намуна сифатида кўрсатиш анжуман қатнашчиларининг муҳим мақсади бўлиши керак. Ўз юртимизга қайтганимизда ҳам конференцияда кўтарилган инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини етказишни кўзда тутганмиз.

 

Санжит ДЖХА, МДҲ Ҳинд форуми раиси, Россия Ҳинд Кенгаши раиси:

– Бугунги ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” конференциясини ўз йўналишига кўра, дунёда ноёб ҳодиса деб ҳисоблайман.

Мен бир неча дин ва миллат вакиллари яшайдиган давлатларни биламан, лекин бугунгидек давлат раҳбари даражасида эътибор бериладиган бирорта мамлакатни билмайман.

Ўзим шахсан Кришна жамияти вакили ҳисобланаман. Қадимги санскрит тилида ёзилган ҳиндуийлик дини манбаларида “Бу дунё унда яшаётган дин ва миллат вакилларидан қатъий назар катта оиладир”. Мен айнан Ўзбекистонда бир нечта миллат ва элатларнинг аҳил ва иноқ оиладек яшаётганига гувоҳ бўлдим. Бундай нуфузли анжуманда иштирок этаётганимдан ғоятда мамнунман.

Фариде КАМАЛОВА, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети кафедра мудири:

– Инсоний қадриятларга асосланган динлараро мулоқотнинг асосий пойдевори бағрикенгликдир. Бағрикенглик турли фикрлар, эътиқодлар ва маданиятларни ҳурмат қилиш сифатида таърифланади ҳамда кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятларда тинч-тотув яшашнинг зарур шарти сифатида кўрилади.

Модомики шундай экан, ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф-одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Хорижий эксперт ва мутахассисларнинг фикрларидан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида мазкур жабҳада “ўзбек модели” ўзига хос намуна ўлароқ шаклланаётганлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг бир маконда эзгу ниятлар йўлида ўзаро ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, меҳнат қилиши бағрикенгликнинг энг ёрқин намунасидир. Дунёдаги вазият кескин ва мураккаб бўлиб бораётган бугунги кунда юртимизнинг тинчлиги ва равнақини таъминлаш, диний бағрикенгликни қарор топтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

ЎзА

МАҚОЛА