Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Ибрагимов билан уюштирилди.
Ислом динида ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда аввал оғиз очиб, кейин шом намозини адо этар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин оғзиларини ҳўл хурмолар билан очардилар...» (Имом Абу Довуд ривояти).
Демак, рўзадор шом намозининг вақти кириши билан оғзини очиб, чанқоғини қондириб олгандан кейин шом намозини адо этишга киришиши мақсадга мувофиқ экан.
Ифторни тезлатиш афзаллиги борасида Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар оғиз очишни тезлаштирсалар, яхшиликда бардавом бўладилар», деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: Бандаларимнинг менга энг суюклиси, уларнинг тезроқ оғиз очганларидир», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилган).
Ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, фуқаҳоларимиз қуёш ботиши билан намоздан олдин оғиз очиш мустаҳабдир, деганлар («Раддул муҳтор»). Ушбу ҳукм барча фарз ва нафл рўзаларнинг барчасига тегишли. Чунки бу борада ворид бўлган ҳадислар фарз рўзаларга хосланган эмас.
Одамлар орасида рўзадор киши кундузи ювиниши ҳақида бир бирига мутлақо зид икки хил қараш бор. Бири рўзадор киши кундуз куни мутлақо ювиниши мумкин эмас, дейди. Бошқаси кундуз куни рўзадор ҳам бемалол ювиниш мумкинлигини таъкидлайди.
Бу мавзуда сўз бошлашдан аввал, кундуз куни эҳтилом бўлиб қолган рўзадор ғусл қилиши вожиблиги, албатта, ювиниши шарт эканини таъкидлаймиз ва бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Бизнинг мавзумиз ғусл қилиши вожиб бўлмаган рўзадорнинг ювиниши ҳақида бўлади.
Бу мавзуда «Ал-Фатовол Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинишича, рўзадор таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиши макруҳдир. Шунингдек ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш ҳам макруҳдир. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: ‘Юқорида саналган ишлар макруҳ эмас’. Мана шу гап устунроқ, ‘Муҳити Сарахсий’ китобида шундай келган».
Демак, жиддий зарурат бўлмаганда, таҳоратдан бошқа пайтларда оғиз ва бурун чайиш, ғусл қилиш (чўмилиш), бошига сув қўйиш, сувга шўнғиш, намланган кийимга ўраниш каби ишларни қилинмаса, бу ишларни ифтордан кейинга қолдирилса, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига амал қилинган бўлади.
Лекин, масалан, кун жуда исиб кетганида ва бошқа шу каби ҳолатларда юқоридаги ишларни қилиш зарурати туғилса ва ибодатдан безор бўлиш маъносида эмас, балки ибодатга ёрдам олиш маъносида бу ишларни қилинса, имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига, кейинги уламолар устун кўрган сўзга амал қилинган бўлади, макруҳ бўлмайди.
Зарурат бўлса, рўзадор одам оғизини оҳиста чайиши мумкин. Лекин ғарғара қилиб, оғиз чайиш макруҳ бўлади. Чунки бунда сув ютилиб кетиб, рўзани очиб юбориш хавфи бор. Агар қаттиқ чайиш оқибатида ичга сув кетиб қолса, рўзаси бузилади ва Рамазондан кейин қазосини тутиши шарт бўлиб қолади. Валлоҳу аълам.
Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.
Махлуқотлар ичида энг мукаррам зот қилиб яратилган инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири исрофдан сақланиш, Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган берган неъматларни ўринсиз, беҳуда сарфламасликдир. Бу фазилат ҳар биримизнинг эзгу одатларимиздан бирига айланса, шубҳасиз, ҳаётимиздаги жуда кўп муаммоларнинг энг мақбул ечимини топган бўлар эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг яқиндагина эълон қилинган мурожаатини ўқиб, бунга яна бир карра амин бўлдим ва беихтиёр бунда роппа роса бир юз ўн йил муқаддам, яъни 1915 йилда таниқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Тўй” шеърини эсладим. Унда, жумладан, қуйидаги мисралар бор:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб,
Этди сарф токи тандаги жон тўй...
Минг таассуфлар бўлсинки, бу ҳолатлар бугунги кунимизда ҳам давом этмоқда. Энг ачинарлиси, йилдан йилга тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар тури янада кўпайиб, сарф-харажати ошса-ошяптики, камаймаяпти. Абдулла Қодирий бобомиз таъкидлаганларидек, “Боён тўйиға ерлилар қараб, Этди сарф токи тандаги жон тўй” бўлмоқда. Кўпинча, бор-будини сарфлаб, тўй қилган кишидан шу кунгача нечта китоб ўқиб чиққанлиги ёки фарзандларига қайси китобларни олиб берганлигини сўрасанг, жавоб бера олмайди. Уйида фарзандлари китоб ўқиши, вазифа тайёрлаши учун шароит ҳам яратиб берилмаган. Айримлар билан суҳбатлашсангиз, мактаб учун зарур бўлган дафтар-қалам кабиларнинг нархи ошиб кетганидан, китоблар қимматлигидан нолийди, лекин қизининг бир кунлик тўй либосига, ўнлаб машиналар саф тортган никоҳ кортежига, дабдабали тўй базмига ғинг демай миллионларни сарфлаб юборишга тайёр.
Йиллар давомида, кўпинча, хорижда ишлаб топганини ана шундай беҳуда, бу дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳеч қандай манфаат келтирмайдиган ишларга сарфлаб юборади-да, қарзларини узиш учун яна четга отланади ёки умуман ўша ердан туриб, тўйни “молиялаштиради”, минг орзу-ҳаваслар билан қилган тўйида ўзи иштирок этмайди. Тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчиликлар замиридаги энг катта муаммолардан яна бири айрим оилада фарзандлар вояга етиши билан уларни ўқитиб олим қилиш учун эмас, балки пул топиш учун хорижга жўнатишдир.
Бугун бундай ёшларимизнинг кўпчилиги бирор соҳани танлаб, чуқур ва ҳар тарафлама билим олиш учун ўқиш ўрнига хорижда касбсиз-ҳунарсиз кимларнингдир қўлига қарам бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатда “...бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда” дея таъкидланишдан мақсад тўй-маъракаларимизнинг худди ана шу жиҳатларига эътибор қаратишдир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат диққатимни ўзига тортди: “Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ!” – дейилади унда.
Дарҳақиқат, бу муаммоларни ҳал этиш бир-икки кишининг қўлидан келадиган иш эмас. Унга барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир тан, бир жон бўлиб киришишимиз, ёшларимизга бугунги хатти-ҳаракатлари, куч-ғайратлари, билимларини бир-икки кунлик тўй-томоша учун маблағ топиш, сўнг ҳамманинг “ҳавасини келтирадиган” тўй учун эмас, балки келажакда ўзининг бировга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун интилишга қаратишлари зарурлигини уқтиришимиз керак.
Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Ҳотами Той” ҳақидаги ҳикояти эсга тушади. Унда айтилишича, ўзининг ўта сахийлиги билан донг таратган Ҳотами Тойдан: “Сиз ўзингиздан ҳам ҳимматлироқ кишини кўрганмисиз?” – деб сўрашибди. Шунда у бир куни юз туя ва ҳисобсиз қўй-қўзиларни сўйиб, элни чорлаб, жуда катта зиёфат уюштирганини, орада бироз нафас ростлаш учун кўчага чиққанини ва елкасида бир боғ ўтин, қўлида ҳасса билан ҳар қадамда бир нафас ростлаб келаётган қарияни кўрганини айтади. Ўзининг унга: “Ўзингни бунча қийнаб нима қиласан. Эшитмадингми, бугун Ҳотами Той жуда катта базм уюштириб, бутун элни чорлаб, зиёфат бермоқда. Ташла ўтинингни, кир, сен ҳам бу зиёфатдан баҳраманд бўл!” – деганини айтади. Шунда қариянинг жавобини тингланг:
...К-эй солибон ҳирс аёғингға банд,
Озу тамаъ бўйнуга боғлаб каманд.
Водийи ғайратға қадам урмағон,
Кунгури ҳимматға алам урмағон.
Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.
Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки биров берса ганж...
Демак, ҳақиқий ҳиммат кимгадир қарам бўлиш, кимлардандир ниманингдир илинжида яшаш эмас, балки ўз кучи, ғайрати, билими билан ҳаётдаги орзу-мақсадларига эришишдир. Шу ўринда орзу-мақсадларнинг ҳам қандай бўлишига эътибор қаратиш зарур.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўй-томоша, турли тадбир ва маъракаларни эл кўзига, “одамлар нима дейди” учун ташкил қилиш эмас, балки, ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, ортиб қолган маблағни ўзининг, фарзандларининг илм олишлари учун сарфлашни мақсад қилиш айни муддао бўлар эди. Чунки Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади...» дедилар».
Демак, биз нимани ният қилиб, ишга киришсак, шубҳасиз, ўша мақсадимиз амалга ошади. Ҳотами Той бировларнинг миннатли таомидан кўра, ўз меҳнати билан топган бир дирҳамни афзал кўрган ана шу ўтинчи чолни ўзидан кўра ҳимматлироқ ҳисоблаган экан. Албатта, ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг орамизда ҳам у ёки бу сабаб туфайли соғлом кишилар билан бирга имконияти чекланган кишилар борлиги айни ҳақиқат. Бироқ кўриб турибмизки, бундай кишиларнинг ҳаммаси ҳам кимларгадир муҳтож бўлиб яшашни эмас, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда билим олиш, касб-ҳунарга эга бўлиш ва ўз эҳтиёжларини ўзи қондиришни афзал кўрмоқдалар. Аксинча, баъзида тўрт мучаси соғлом кишилар камбағалликни ўзига “имтиёз” санаб, тинимсиз равишда турли идораларга “шикоятлар” ёғдирмоқдалар. Мурожаатда таъкидланган хайру саховатни амалга оширишда бундай “имтиёз” эгалари эмас, ҳақиқатан ҳам шунга муҳтож оилаларни излаб топиш ва “оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш” зарур. Ҳа, айни кўмаклашиш, яъни уларни хайру саховатга ўргатиб, кимларнингдир елкасига юклаб қўйиш эмас, балки келажакда тўғри йўл топиб олишлари учун моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак.
Албатта, ҳар бир ҳудудда ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар бор. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бундай оилаларнинг сони ошиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги хайру саховатли инсонлар эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатдан кўзланган яна бир хайрли мақсад шуки, имом-хатибларимиз ўз ҳудудларидаги ана шундай саховатпеша инсонларни яхши танишади ва билишади. Шунинг учун уларни ўз ҳисобларидан ёшларимизнинг илм олишларига кўмаклашиш, бунинг учун мактабларимизни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга чақириш ҳам савобди ишлардан биридир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат биз имом-хатиблар учун жуда муҳим эканлигини эътироф этиш керак деб, ўйлайман. Унда “имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш” белгилаб қўйилган. Бу вазифани амалга оширишда, аввало, ҳар бир имом-хатибнинг ўзи шахсий намуна кўрсатиши, ўзлари қилаётган, шунингдек, масжидлар ҳудудида ўзлари иштирок этаётган тўй-маросимларини ортиқча дабдабаларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказилишига эришиши керак. Шундан кейин тарғибот олиб борилса, кўнгилдагидек бўлади. Акс ҳолда халқ орасида турли миш-мишлар, фитналар авж олиши ва натижада қош қўяман деб, кўз чиқариши ҳам ҳеч гап эмас.
Сўзимга якун ясар эканман, Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни эслашни лозим топдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яримта хурмо (ни инфоқ қилиб) бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ ҳар биримизни хайру саховатли бандаларидан қилсин!
Алишер домла НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари