Тобеин олимлардан Абул Асвад ад-Дуалий ҳикоя қилади: Ҳазрати Умарнинг халифалик йилларининг бирида Мадинага боргандим. Ўша кунларда Мадинада бир касаллик пайдо бўлганди, инсонлар бир-бирининг ортидан ўлаётган эдилар. Ҳазрати Умарнинг ёнида ўтиргандим. Шу вақт у ердан бир тобут кўтардилар. Шу ерда ҳозир бўлганлар ўлган одам ҳақида чиройли сўзларни сўзладилар. Шу чокда ҳазрати Умар: "Қабул бўлди”, деди. Сўнгра яна бир тобут кўтарилди. Бу тобутдаги одам ҳақида ҳам чиройли гапларни айтдилар. Ҳазрати Умар яна: “Қабул бўлди”, деди. Ундан кейин учинчи тобут кўтарилди. Бу сафар мусулмонлар ўлган одам ҳақида ёмон гапларни гапирдилар. Ҳазрати Умар яна: "Қабул бўлди”, деди. Мен ундан ажабланиб:
- Нима қабул бўлди, эй мўминларнинг амири? - деб сўрадим. Ҳазрати Умар бундай жавоб берди:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлари каби сўзладим. У зот бундай марҳамат қилган эдилар: "Ҳар қандай мусулмон ҳақида тўрт киши "яхши одам эди", деса Аллоҳ уни жаннатига киритади". Шу гапни айтганларидан кейин у зотга бир неча саволлар берган эдик.
– Уч киши унинг яхши одам эканини сўзласа нима бўлади, ё Расулуллоҳ?
– Уч кишининг яхши дейиши ҳукми ҳам шундай бўлади, - дедилар.
- Икки киши яхши деса-чи? - деб сўрашда давом этдик.
– Икки кишининг яхши дейиши ҳам шу ҳукмдадир, - дедилар. Кейин Пайғамбар алайҳиссаломдан бир кишининг яхши дейиши-чи? деб сўрашдан ҳаё қилдик.
«Саҳобадан 101 хотира» китобидан.
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов