Миллатлар, ирқлар, динлараро муносабатларда барча динларнинг эзгулик манбаи эканлигини англата билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, жорий йил 27 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Марказий Осиё мамлакатларида диний эркинликлар” мавзусида минтақавий видео-конференция ташкил этилди.
Мулоқотда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва турли диний конфессия вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакилларидан иборат экспертлар қатнашдилар.
Анжуманда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ижобий ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, диний конфессия вакилларига бўлган эътибор йилдан-йилга ошиб, бу, айни пайтда, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ўз аксини топаётгани, хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам бунинг ёрқин намунаси экани қайд этилди.
Хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа вакиллари иштирокида қизғин муҳокамаларга бой бўлган конференцияда Ўзбекистонда диний бағрикенгликни қарор топтиришнинг сиёсий-ҳуқуқий аспектлари, фуқаролар эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини таъминлашнинг асослари ҳам муҳокама этилди.
Таъкидлаш керакки, юртимиздаги инсонпарварлик сиёсати натижасида жамиятда динлар, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантиришда диний ташкилотлар билан ўзаро узвий муносабат шаклланган. Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси йилдан-йилга ижобий аҳамият касб этиб бормоқда.
Бу каби конференциялар эса ушбу йўналишдаги ишларни минтақага тараннум этишда катта аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғон тўқиш қандай гуноҳ?
У зот айтмаган гапни "айтдилар" дейиш-чи?!
Келинг ушбу мавзуни биргаликда кўриб чиқамиз. Ҳақиқатда динимизда ҳадис ёд олиш, ўрганиш ва уни қолганларга етказиш жуда катта савобли иш, буни ҳаммамиз биламиз. Бу ҳақида Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда қуйидагича марҳамат қиладилар:
"Биздан ҳадис эшитган сўнг уни эшитганидек (бошқаларга) етказган кишининг юзини Аллоҳ нурли қилсин", дедилар (Имом Доримий ривояти).
Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларини бошқаларга етказган кишини дуо қиляптилар. Демак, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини бошқаларга етказиш саодат манбаи экан. Хўш, мазкур дуо ичига кимлар кириши мумкин, деб ўйлайсиз. Буни билиш учун, мазкур ҳадиси шарифда келган баъзи калималарга эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ҳадиси шарифда "Биздан ҳадис эшитган" ибораси зикр қилинди. Аввало ҳадис ўзи нима эканлигини билиб олсак. Ҳадис уламолар наздида "Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган (у зотга тегишли) сўз, феъл, тақрир (бир нарса ёки ҳолатни тасдиқлаш) ва сифат".
Демак, бунда у зотдан бошқалардан ривоят қилинган сўз, ҳикоя ва бошқа нарсалар чиқиб кетар экан. Яна ҳадиснинг давомида "эшитганидек" дейилди. Бундан ҳадиси шарифни айтишликда жуда ҳушёр бўлиш, яъни бепарволарча ҳадисга зиёда ёки нуқсон киргизмаслик, имкон қадар ёд олишга ҳаракат қилиш маънолари келиб чиқади. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида "ва ёд олса" ибораси ҳам келган. Ҳа, ким ҳадиси шарифни эшитса ва уни эшитганидек ўзгаларга етказса юзи нурли, қалби порлоқ ва ҳаёти соф бўлар экан. Чунки юз қалбнинг аксидир, агар қалб покланса унинг асорати юзида кўринади.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар...", деганлар. Ҳа Расулимизнинг ҳадисларидан озгина бўлса ҳам, ҳатто икки калима бўлса ҳам етказишимиз керак. Лекин, шу амалга тарғиб қилиш муқобилида, суистеъмол қилиб, ҳаддидан ошганларга қандай ваъидлар келганини ҳам кўриб чиқайлик.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ " رواه مسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин", дедилар.
Бу ҳадисни саксондан ортиқ саҳобалар ривоят қилишган. Саҳиҳ нақлга кўра бу мутавотир ҳадисдир.
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: "Ёлғон қасддан ёки хато қилиб бир нарсани унинг аксига кўра хабар беришдир". Қасддан ёлғон тўқиш ҳаром, гуноҳи кабира, агар бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлса, гуноҳи бошқаларга нисбатан ҳаромлиги жуда катта бўлади. Ёлғон асли ҳам шаръан, ҳам ақлан мумкин бўлмаган ишлардан ҳисобланади. Нафақат мусулмонлар балки бошқа дин вакиллари, ҳатто динга эътиқод қилмайдиганлар наздида ҳам ёлғон катта айб ҳисобланади.
Энди бу икки олам сарвари, Аллоҳ таолонинг Расулига нисбатан бўлса қандай бўлиши мумкин? Мазкур ёлғон умумийдир, хоҳ у яхшиликка тарғиб қилиш, ёмонликдан қайтариш учун бўлсин, хоҳ шахсий манфаат учун, хоҳ бошқа маънода барчаси мумкин эмас.
Санусий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Шак йўқки, баъзи ҳолатдан ташқари қасддан ёлғон тўқишнинг ҳаммаси ҳаромдир. Ва бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан хабар беришда ҳаромлиги янада қаттиқ бўлади. Чунки у аслида Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади. Сабаби Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам "У ҳаводан нутқ қилмас. У ваҳийдан бошқа нарса эмас" (Нажм сураси 3-4 оятлар).
Ким ёлғондан: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фалон нарса дедилар" деса, гўёки Аллоҳ таоло у зотга шуни ваҳий қилган деб даъво қилган бўлади. Шундан кейин ҳам, кимки Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқиса, бас, ана ўшалар золимлардир (Оли Имрон сураси 94-оят). Жумҳур уламолар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғон нисбат бериш энг катта гуноҳлардан деганлар".
Ҳадиси шарифда "қасддан" қайди ишлатилди: бундан хато қилиб, янглишиб, тили тойилиб ёлғон нисбатини бериб юборганлар истисно қилинади.
Уламолар: "Агар олим ёки толиби илм хатолигини билиб туриб ёлғонни хабар берса, мазкур ҳадисга дохил бўлади", деганлар. Лекин шунда ҳам эҳтиёт йўлини тутиб жуда пухта билмаган ҳадисни айтмаслик авло бўлади. Саҳобалар ҳам ушбу ҳадисни эшитиб у зотга ёлғон нисбат бериб қўйишдан қўрқиб жуда ҳушёр ҳолатда, ёдида мустаҳкам ўрнашган ҳадисларинигина ривоят қилишган.
Бу борада қуйидаги ривоят мисол бўла олади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг номимдан қасддан ёлғон гапирса ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин – мени сизларга кўп ҳадис айтишимдан тўсиб турибди", дедилар.
Улар қасддан ёлғон гапирмасалар-да, лекин эҳтиёт йўлини тутиб юқорида айтганимиздек кам ривоят қилганлар. Саҳобалардан бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп. Ҳатто ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу баъзи ўринларда саҳобалардан айтган ҳадисига гувоҳ келтиришни ҳам талаб қилганлар. Имом Заҳабий Умар розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолларида қуйидагиларни келтиради: "У муҳаддисларга нақлда пухта бўлишликни жорий этган зотдир".
Лекин кейинги даврга келиб ўз манфаатлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан ёлғон хабар тарқатадиганлар чиқа бошлади. Кўплари ҳадис толиби илмларини ўзига жалб қилишлик учун, баъзилари дунёвий ғаразда омма – халқни ўзига қаратиш учун ва қолганлари раҳбарларга ёқиш илинжида ҳадис тўқий бошладилар. Лекин ҳар даврда шариат, суннат ҳимоячилари бўлганидек, ўз ўрнида муҳаддис, уламолар буни фош қилиб келдилар ва келмоқдалар. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъжизаларидан бўлиб юқорида келтирилган ҳадиси шарифни айтиб мўмин-мусулмонларни бундан огоҳ этдилар.
Ҳа, бугунги кунимизга ҳам назар ташласак Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган хабарларни у зот айтганлар деб хабар тарқатадиганлар оз эмас. Баъзилар яхшиликка тарғиб қиляпман деган даъво билан ёлғон тарқатадилар. Лекин яхшиликнинг ҳар бир жабҳасини Аллоҳ ва унинг расули батафсил баён қилиб кетганлар. У зотга нисбатан ёлғон тарқатишга ҳожат йўқ. Агар бу эшик очилса ҳар ким хоҳлаган нарсасини хоҳлаганча айтаверади. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадислар билан айтмаганларини ажратиш машаққатли бўлиб қолади.
Ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқаб кетади. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Ким рамазон кирганининг хушхабарини берса, фалон-фалон ажр бўлади, фалон-фалон гуноҳлари кечирилади"; "ким фалон куни фалон ракат намоз ўқиса фалонча гуноҳи кечирилади"; "фалончини тушига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирибдилар ва умматларига қуйидагиларни етказишни айтиб огоҳлантирибдилар"; "бу хабарни тарқатинглар, тарқатмаганлар фалон бўлади...", деган хабарлар тарқаляпти. Ушбу ҳадис айни мана шундай ёлғон тарқатадиганларга дўзах вожиб бўлишлигини айтиб огоҳлантиряпти. Яна ҳар ким ҳар қандай хабарни ҳадис экан деса текширмасдан эргашиб кетавермаслик керак. Аллоҳ таоло: "Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар...", деган (Ҳужурот сураси 6-оят).
Энди ҳадиси шарифда келган баъзи сўзларни кўриб чиқсак. Ҳадисда "ўрнини дўзахдан тайёрлайверсин" дейилди. Баъзилар, “бу буйруқ лафзи билан бўлган дуо” дедилар.
Бошқалар: “буйруқ лафзи билан бўлган хабар яъни ана шунга ҳақли бўлади, ўзини шунга тайёр қилсин”, деган маънода талқин қилишади. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: "У зотга ёки у зотдан бошқасига нисбатан ёлғон тўқиган кимсанинг ҳаққидаги жазо тенг эканлигидан, иккисинг ҳам қарор топган жойлари бир эканлиги ёки (дўзахда) узоқ туришлиги тенг эканлиги келиб чиқмайди (яъни иккисининг ўртасида катта тафовут бор). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг "тайёрлайверсин" деган сўзлари у ерда узоқ туришлигига далил бўлади...".
Ўрни келганда шуни ҳам айтиш лозимки, юқорида айтганимиздек аввалари қиссахонлик урф бўлган. Ва натижада ҳар хил – мавзу, тўқима ҳадисларни ҳам қўшиб юбориш кузатилган. Бугунги кунда ҳам ваъз иршод давраларда бундай хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш керак. Одатда одамлар нодир, ғаройиб хабарларга қизиқади, эргашади. Шу сабабли бу хабарлар тўқиб оммага тақдим этилган. Ҳадисларни оммага етказишда нақли саҳиҳ бўлган китоблардан фойдаланиш керак. Қанча-қанча саҳиҳ ҳадис китобларда ваъз ва иршодга доир ҳадислар бор. Бу ҳадисларни қайта-қайта одамларга етказиш фойдадан холи бўлмайди.
Одатда тўқима ҳадислар ғаройиб бўлганлиги учун, ундаги ваъдалар катта бўлганлигидан эргашиб кетилади. Яна шунга ҳам эътибор бериш керакки, ҳадиси шарифни яхши тушунмасдан бошқа маънони ифодаловчи фикрлар билан уни шарҳлаб ҳам бўлмайди. Бу маънони Аллоҳ таолонинг китоби, Қуръонга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Аллоҳ таоло Юнус сурасида айтади: "Аллоҳга ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, жиноятчилар нажот топмаслар’’.
عَنْ جُنْدُبٍ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ قَالَ فِي كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ بِرَأْيِهِ فَأَصَابَ فَقَدْ أَخْطَأَ ".
Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби борасида ўз фикри билан гапирса ва тўғри топса ҳам хато қилибди", дедилар.
Бундан келиб чиқадики, гап Аллоҳ ва унинг Расули ҳақида кетар экан ўз фикри билан уни тушуниш ва тушунтириш хатодир. Балки аввало салафларнинг фаҳмлари ила ва уламоларнинг сўзлари билан уни тушуниш ва тушунтириш лозим. Шунинг учун ҳар ким дин-диёнат, ҳалол-ҳаром, охират масъаласи ҳақида гап кетганда хушёр бўлишлиги лозим. Инсон бир оғиз гап билан жаннатий бўлганидек, бир оғиз гап билан дўзахий бўлиб кетишлиги ҳеч гап эмас. Аллоҳ таоло ҳаммамизни юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифга амал қилишлигимизни насиб этсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғон тўқишдан ўзи сақласин!
Муҳаммад Али Иброҳимзода,
Ҳадис илми мактаби талабаси.