Бирлашган Араб Амирликларида фаолияти шариат қонунларига тўла мос келадиган биринчи RIZQ / BARAKA рақамли ислом банки очилди, деб хабар бермоқда Arab News.
Банк корпоратив ва хусусий мижозлар учун рақамли хизматларни бирга олиб боради. Банк Швейцария Zurich Capital Funds Group молиявий холдинг компанияси томонидан ташкил этилган.
У шариат қонунчилигига мувофиқ операцияларни ўтказади.
Хизматларни мобиль телефон ёки компьютер ёрдамида рақамли форматда олиш мумкин бўлади. Махсус дастурни Apple Store ёки Google Play орқали юклаб олиш имконияти бор.
BUSINESS EMIRATES маълумотларига кўра, Банк яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги мижозларга хизмат кўрсатади. Келгусида банк таъсисчилари Австралия, Озарбайжон, Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Индонезия, Мавритания, Малайзия ва Ўзбекистондаги банклар ва бошқа молия институтларига ўз фаолиятларини кенгайтириш ниятида.
Zurich Capital Funds бошқаруви раиси Фаҳид Ал Мерҳебининг сўзларига кўра, бу банк шариатга меъёрларига мос платформа ишга туширилгандан кейинги сўнгги рақамли ғояларидан биридир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати