«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Поль Погба мусулмонлар учун Рамазон ойида фарз амал ҳисобланган рўза тутиш ҳақида гапириб, бу унинг ўйинларига ҳеч қандай салбий таъсир қилмаслиги ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда tribuna.uz манбаси хабар берди.
Унинг таъкидлашича: «Узоқ йиллардан буён рўза тутиб келаётганим боис, машғулот ва ўйинлар пайтида ҳам бу менга салбий таъсир қилмайди. Қолаверса, бизда профессионал диетолог ҳам бор, у Рамазон ойи давомида кўпроқ нималар истеъмол қилиш зарурлигини тавсия қилиб келади. Айтайлик, машғулот ва майдонда етарлича кучга эга бўлиш учун кўпроқ оқсиллар ёки яна қандайдир маҳсулотлар истеъмол қилишимни назорат қилади. Яна бир жиҳати Манчестерда эканлигим ҳам омадим. Рамазон ойида бу ерда бошқа мамлакатлардек иссиқ эмас, ёмғир кўп ёғади. Шу боис рўза тутиш менга оғирлиқ қилаётгани йўқ», дейди франциялик яримҳимоячи клуб расмий сайтига.
Англия Премьер-лигаси 33-тури доирасида «Лидс»га қарши учрашув Погбанинг «МЮ»даги 200-ўйинига айланади.
«Лидс»га қарши баҳс менинг «Юнайтед»даги 200-ўйиним бўлади? Қойил, буни билмасдим. Бу жамоада 200 ўйинлик маррани забт этиш катта фахр. «МЮ» ва «Лидс» ўртасидаги тарихий қарама-қаршилик ҳақида жуда яхши хабардорман. Уларга қарши ўйинда майдонга тушишни интизорлик билан кутаяпмиз», - дейди Погба клуб расмий сайтига берган интервьюсида.
Маълумот учун, АПЛ 33-тури доирасидаги «Лидс» - «МЮ» учрашуви бугун, якшанба куни соат 18:00да бошланди.
islom.uz
عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَكُونُوا إِمَّعَةً تَقُولُونَ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَحْسَنَّا وَإِنْ ظَلَمُوا ظَلَمْنَا، وَلَكِنْ وَطِّنُوا أَنْفُسَكُمْ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَنْ تُحْسِنُوا وَإِنْ أَسَاءُوا فَلاَ تَظْلِمُوا» (رواه الترمذي)
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд, беўй бўлмасин. Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифнинг арабча матнида келган إِمَّعَةٌ [иммаъатун] сўзи “лоқайд”, “фикрсиз”, беўй”, “ким нима деса, ўйлаб кўрмасдан унинг ортидан эргашиб кетаверадиган”, “журъатсиз”, “қатъиятсиз”, “субутсиз”, “ўзгарувчан”, деган маъноларни англатади.
Ўзининг қатъий фикри, тутуми йўқ, бурдсиз одамларни огоҳлантириш мақсадида Набий алайҳиссалом: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд бўлмасин», деганлар. Чунки бундай одамлар, Аллоҳ асрасин, ўзга дин вакиллари билан сафарда ёки бошқа сабаб билан бирга бўлиб қолса, ўзи тушуниб-тушунмаган ҳолда муомала-муносабатларда, ибодатларда уларга тақлид қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бу жуда хавфлидир.
Алий Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадиси шариф орқали ахлоқ-одоб, юриш-туриш, муомалада ҳам ўзга маданият, дин вакилларига тақлид қилишдан қайтардиларми, демак, ақида ва ибодат масалаларида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки ақида ва ибодат масалалари жуда нозик. Мўмин киши бир сўз билан иймонидан ажраб қолиши мумкин”.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунани Термизий” асарига ёзилган “Туҳфатул Аҳвазий” китобида мазкур ҳадис шарҳланиб: «Одамлар нима деса, шунга эргашиб кетаверадиган кимса “муқаллид” дейилади. Мулоҳазасиз, фикри йўқ, беўй одамдан эҳтиёт бўлиш керак. Мўмин киши ҳеч қачон эътиборсиз бўлмайди. Ҳар бир ишини мулоҳаза билан Яратганнинг розилигини кўзлаб амалга оширади. Айниқса, ақида ва ибодат масалаларида ҳар доим ихлосли бўлади.
“...Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг”, яъни яхши иш қилишга ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар, эзгуликни давом эттиришга одатланишимиз керак. Одамлар бировларга зулм қилса, уларга эргашиб кетиш мўминнинг иши эмас. Зулм қилмасликнинг ўзи яхшиликдир.
Ҳадиси шарифда ёмон хулқларга кўр-кўрона эргашиш чиройли хулқни тақиқлашнинг бир белгиси экани эслатилган. Аллоҳ ва Расули эзгуликни яхши кўради. Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилишни васият этганлар.
Манбалар асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан олинди.