Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Mуборак васиятлар: Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш Шaйтонга осий бўлиш мўминнинг сифати

22.04.2021   4026   33 min.
Mуборак васиятлар: Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш Шaйтонга осий бўлиш мўминнинг сифати

БЕШИНЧИ ВАСИЯТ

بسم الله الرحمن الرحيم

عَنْ أَبي ذَرٍّ ومعاذ بنِ جبلٍ رضى اللهُ عنْهُما: أنَّ النَّبِىَّ صلَّى الله عليه وسلَّمَ قال: “سِتَّةَ أيَّامٍ ثُمَّ أعْقِلْ يا أبا ذَرٍّ ما يُقالُ لَكَ بَعْدُ”. فَلَمَّا كان الْيَوْمُ السَّابِعُ قال: “أُوْصيكَ بِتَقْوَى اللهِ في سِرِّ أمْرِكَ وعَلانِيَتِهِ وإِذَا أَسَأْتَ فَأَحْسِنْ وَلا تَسْأَلَنَّ أَحَدًا شَيْئاً وإِنْ سَقَطَ سَوْطُكَ وَلَا تَقْبِضْ أَمَانَةً” (رواه أحمد).

Абу Зарр ва Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Абу Зарр, олти кун ўтганидан сўнг сенга нима дейилиши ҳақида ақлингни ишлат”, дедилар. Еттинчи куни келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга яширин ҳолатда ҳам, ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳдан қўрқишни васият қиламан. Бир ёмон иш қилиб қўйсанг, дарҳол унинг ортидан яхши иш қил. Ҳеч кимдан ҳеч нарса, ҳатто қамчинг ерга тушиб кетса (олиб беришларини) ҳам сўрама. Омонатни ушлаб турма”, дедилар» (Имом Аҳмад).

Бу васиятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Зарр ва Муоз ибн Жабалга айтган гапларида олам-олам маъно ва сир-асрорлар мужассам. Васиятда Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)га нималар билан машғул бўлиш ва нималар ҳақида тафаккур қилиш айтилиб, бу билан вақтини зикрда ўтказиши ва “зокир” деган шарафли номга муносиб бўлиши назарда тутилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кимга нимани васият қилган бўлсалар, унда фақат фойда ва яхшилик бор. Муборак васиятлар ўз номи билан нима ҳақида экани маълум бўлса-да, лекин улар биз билган оддий васиятлар эмас. Бу васиятлар неча юз йиллар ўтса ҳам долзарблигини йўқотмаган. Худди бугун сизу бизга айтилгандек, ўқилгани сари янги-янги қирралари очилаверади.

Васиятларни ўқиган киши ўн беш аср ортга қайтиб, бугунги кунни англагандек бўлади. Васиятларда айтилган тавсиялар бизни беихтиёр маънавий ҳузур-ҳаловатга етаклайди. Шу маънода, васиятларни ўқиган киши кўнглига керакли нарсани топади ва хотиржамликка эришади.

 

Яширин ва ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳдан қўрқиш

Тақво Аллоҳдан қўрқишдир, учинчи васиятда айтилгани каби “Тақво – ҳар ишнинг боши ва ҳар ҳикматнинг асосидир”. Шунингдек, тақво гуноҳлардан тийилиш ва ёмонликлардан сақланишда муҳим воситадир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ إِن تَتَّقُواْ ٱللَّهَ يَجۡعَل لَّكُمۡ فُرۡقَانٗا وَيُكَفِّرۡ عَنكُمۡ سَيِّ‍َٔاتِكُمۡ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡۗ وَٱللَّهُ ذُو ٱلۡفَضۡلِ ٱلۡعَظِيمِ٢٩

«Эй имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир» (Анфол, 29).

Мўминнинг асосий мақсади ва орзуси шудир. Чунки тақво ўз эгасини махфий ҳолатда ҳам, ошкора ҳолатда ҳам Аллоҳдан қўрқишга чорлайди.

Ҳадиси шарифда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أنْ تعبُدَ اللهَ كأنَّكَ تَراهُ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فإِنَّهُ يَراك

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўролмасанг ҳам, У Зот сени кўриб турибди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Зуннун Мисрий айтади: “Бандани Аллоҳга етиштирувчи (восита) сидқ ва хилватдир. Уч нарса ихлос белгисидир: биринчиси, мақтов ва танқид унга баробар бўлади; иккинчиси, амалларини унутиб, гуноҳларини эслайди; учинчиси, Аллоҳдан бошқани кўнглидан чиқаради. Банда Аллоҳнинг амрларига итоат этмагунича ҳақиқий банда бўлолмайди. Шогирд устозларга итоат этмагунича устоз бўла олмайди”. Яна шундай ҳикмат бор: “Ким тақво қилса, Аллоҳга қочсин, ким Аллоҳга қочса, нажот топади”.

Улуғ валийлардан Жунайд Бағдодийнинг бир муриди бўлиб, уни шайх жуда севар, бошқа муридлар эса уни ёқтирмас эди. Муридларнинг бу ҳоли Шайх ҳазратларига маълум бўлди.

Хизматкорларига буюриб, йигирмата қуш келтирди, ҳар муридига биттадан бериб, бундай деди:

– Ҳар бирингиз бу қушларни ҳеч ким кўрмайдиган хилват бир жойда бўғизлаб келинг.

Ҳаммаси қушларни кимсасиз бир жойда сўйиб келтиришди. Ёлғиз ўша мурид қушни сўймасдан шундоғича келтирди. Жунайд:

– Нечун бўғизламадинг? – деди.

– Султоним, сиз қушларни ҳеч ким кўрмайдиган ерда сўйишни буюрдингиз, мен кимсасиз ҳеч жой топа олмадим. Ҳамма жойда Аллоҳ таолони ҳозиру нозир кўрдим, – деди.

Жунайд:

– Кўрдингизми, унинг қандай фаросати бор! – деди. Барча муридлари унинг фаросат бобидаги фарқига иқрор бўлишди.

Бу воқеа кишини қай ҳолатда ва қаерда бўлмасин, Аллоҳдан тақво қилишга ундайди. Аллоҳ таоло бизни тақволи бандаларидан қилсин, омин!

 

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш

Ҳақиқий мўмин биров ўзига ёмонлик қилса ҳам, яхшилик билан жавоб қайтаради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак васиятларида: “Бирон ёмон иш қилиб қўйсанг, дарҳол яхшилик қил”, дедилар. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَمِنۡهُم مَّن يَقُولُ رَبَّنَآ ءَاتِنَا فِي ٱلدُّنۡيَا حَسَنَةٗ وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِ حَسَنَةٗ وَقِنَا عَذَابَ ٱلنَّارِ٢٠١

«Яна шундайлари ҳам борки, улар: "Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин", – дейдилар» (Бақара, 201).

Ояти каримадаги икки яхшилик тўғрисида уламолар ҳар хил фикр айтган. Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Дунёдаги яхшилик – яхши хотин, охиратдагиси эса, ҳурлар” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б.).

Қатода (розияллоҳу анҳу) айтади: “Дунёдаги яхшилик етарлича мол-дунё ва саломатликдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 615-б).

Ҳасан (розияллоҳу анҳу) эса: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодатдир” (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).

Олимларнинг кўпчилиги икки яхшиликдан мурод: “Дунё ва охират саодати”, деган (“Тафсири Қуртубий”, 1-жилд, 616-б.).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир куни бир аёл олдимга келиб:

– Мен ҳам зино қилдим, ҳам зинодан туғилган боламни ўлдирдим. Энди шу гуноҳимдан тавба қилсам бўладими? – деб сўради.

– Сен учун тавба йўқ! Аллоҳ кўзингни кўр қилсин, ҳеч бир қулайлик бермасин, – дедим унга.

Шундан сўнг аёл йиғлаб, тиззаларига урганча чиқиб кетди. Эртаси куни бомдод намозини ўқиб бўлгач, бу воқеани айтган эдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

– Аёлга жуда ёмон жавоб берибсан. Сен ахир:

﴿وَٱلَّذِينَ لَا يَدۡعُونَ مَعَ ٱللَّهِ إِلَٰهًا ءَاخَرَ وَلَا يَقۡتُلُونَ ٱلنَّفۡسَ ٱلَّتِي حَرَّمَ ٱللَّهُ إِلَّا بِٱلۡحَقِّ وَلَا يَزۡنُونَۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ يَلۡقَ أَثَامٗا٦٨ يُضَٰعَفۡ لَهُ ٱلۡعَذَابُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَيَخۡلُدۡ فِيهِۦ مُهَانًا٦٩ إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ عَمَلٗا صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يُبَدِّلُ ٱللَّهُ سَيِّ‍َٔاتِهِمۡ حَسَنَٰتٖۗ وَكَانَ ٱللَّهُ غَفُورٗا رَّحِيمٗا٧٠

«Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа “илоҳ”га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлар)ни (имонсиз ҳолда) қилса, гуноҳга (уқубатга) учрар, қиёмат кунида унга азоб бир неча баробар зиёда қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. Илло, ким (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир» (Фурқон, 68–70), мазмунли оятларни ўқимаганмидинг, деб марҳамат қилдилар.

Шундан сўнг дарҳол аёлни чақиртириб, унга бу оятларни ўқиб бердим. Аёл севинганидан ўша заҳоти сажда қилди ва:

– Менга қутилиш эшигини очган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин, – деди”.

Гуноҳнинг савобга айлантирилиши хусусида турлича фикрлар бор. Масалан, олдинги гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиши; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши; Аллоҳ тавфиқ бериб, тоат-ибодат ва хайрли ишлар қилишга ўтиши ва ҳоказо (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Ҳадисда баъзи мўминларнинг улкан гуноҳлари кечирилиб, кичик гуноҳлари яхшиликка айлантирилиши ҳақида башорат қилинган (Имом Муслим ривояти).

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ):“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин)(Бақара, 201), оятини бундай тафсир қилади: “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса жаннатдир”.

Бир донишманддан: “Қайси нарсаларни тўпласам, яхши бўлади?” деб сўрашганида, “Кема ҳалокатга учраганида ўзинг билан қоладиган нарсани тўпла”, деб жавоб берди. Бу билан илм назарда тутилди.

Умар (розияллоҳу анҳу) халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баравар кўрадиган ҳукмдор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) ўзларидаги нарсаларни одамларга бериб юборар ва уларни тўйдириб, ўзи оч қолар эди. Одамларнинг уйларидан, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турарди. Бу ҳақидаги қиссалар маълум ва машҳурдир.

Бир кун у киши бозорда садақа сўраётган қарияни кўрди ва: “Эй шайх, нима қиляпсан?” деб сўради. Қария: “Мен ёши улуғ одамман, жизя учун тиланчилик қиляпман”, деди. У Мадинада яшовчи яҳудий эди. Буюк инсоний хислат эгаси бўлган Умар (розияллоҳу анҳу) унга: “Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя олиб, қариганингда ташлаб қўйдик”, дедида, унинг қўлидан ушлаб, уйига олиб борди. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этди. Хазиначига: “Бу киши ва унга ўхшаганларнинг ўзи ва оиласига етарли маблағ ажрат”, деб буюрди.

Бир гал Умар (розияллоҳу анҳу) Мадина кўчаларида юрган эди, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолди. Қиз гоҳ турар, гоҳ йиқиларди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу): “Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?” деди. Ўғли Абдуллоҳ: “Танимадингизми, эй мўминлар амири?” деганида, у киши: “Йўқ”, деди. Абдуллоҳ айтди: “Бу – набираларингиздан бири!”

– Бу қайси бири?

– Умар ўғли Абдуллоҳнинг қизи фалончи.

– Эсиз, бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди?

– Нафақа берилиши тўхтатиб қўйилгани!

– Аллоҳга қасам, менда мусулмонлик ҳақингдан бошқа нарса йўқ. Бу – мен ва ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир, – деди Умар (розияллоҳу анҳу).

Мадинага савдо карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (розияллоҳу анҳу) Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)га: “Бу кеча уларга қўриқчилик қиласизми?”, деди. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Фарз намозларни ўқишди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) бир гўдакнинг йиғисини эшитди ва ўша томонга юрди. Унинг онасига: “Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара”, деди, сўнг ўрнига қайтди. Шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: “Аллоҳдан қўрқ ва болангга яхши қара”, деди-да, жойига қайтди. Тун охирлаганида, яна унинг йиғисини эшитди. Онасига бориб: “Хайф сенга, яхши она эмас экансан! Болангга нима бўлди, туни билан тинчимади?”, деди. Аёл мўминлар амири гапираётганини билмай: “Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни мажбурлаб кўкракдан ажратмоқчиман, у эса кўнмаяпти”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Нима учун?”, деб сўради. У айтди: “Чунки Умар фақат кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни, фарзандлари кўкракдан ажраган оталаргагина ҳақ беради). Умар (розияллоҳу анҳу): “Бунинг ёши нечада?”, деди. У: “Мана шунча ойлик”, деб жавоб қилди. Умар (розияллоҳу анҳу) эса: “Эсиз, шошмай тур”, деди-да, бомдод намозини ўқишга киришди. Йиғи кучлилигидан қироатлари одамларга яхши эшитилмади. Шунда салом бериб, деди: “Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлишди...” Сўнг бир жарчига: “Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз”, деб нидо қилишга буюрди. Бу хабар билан ҳамма томонга чопар юборилди.

Ким нима яхшилик қилса, мукофотини ва ким қандай ёмонлик қилса, жазосини кўради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿فَمَن يَعۡمَلۡ مِثۡقَالَ ذَرَّةٍ خَيۡرٗا يَرَهُۥ٧

«Бас, ким (дунёда) зарра мисқолича яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7–8).

Муқотил (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу икки оят икки киши ҳақида нозил бўлган. Улардан бири олдига овқат сўраб бир киши келса, хурмо, бир парча нон, ёнғоқ каби нарсаларни арзимас санаб, беришни истамас ва: “Булар ҳеч нарса эмас, ўзимиз яхши кўриб, бировга берган каттароқ нарсаларимиз учун савоб оламиз”, дер эди. Иккинчиси бўлса, ёлғончилик, ғийбат ва номаҳрамга назар қилиш каби гуноҳларни енгил санар, булардан менга ҳеч қандай жазо бўлмайди, Аллоҳ катта гуноҳлар учун дўзах билан қўрқитган, дер эди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди ва уларни яхшиликнинг озгинасини ҳам қилишга, гуноҳларнинг энг кичикларидан ҳам эҳтиёт бўлишга ундади” (“Асбобун нузул”, 398-б.).

“Зарра” қуёш шуъласидагина кўринадиган майда жисмдир. Ким шу зарра миқдорича савоб иш қилса, охиратда мукофотини олади. Ким заррача ёмонлик қилса, жазосини кўради.

Қатода (розияллоҳу анҳу) Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан қилган ривоятда айтилади: “Бирор кофир зарра миқдорича яхшилик қилса, шу дунёда нафси, аҳли, молида унинг савоби тезлатилади. Ҳатто бу дунёдан кетаётганида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдоричалик яхшилиги бўлмайди. Бирор мўмин зарра миқдорича ёмонлик қиладиган бўлса, шу дунёда нафси, аҳли, молида уқубати тезлатилади, ҳатто бу дунё ҳовлисидан чиқиб кетаётганида, Аллоҳ ҳузурида зарра миқдорича ёмонлиги қолмайди”.

Маъмар Зайд ибн Асламдан қилган ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсани менга ҳам ўргатинг, деди. Уни Қуръон ўргатувчи бир устозга юбордилар. У Залзала сурасини ўргатиб, охирги ояти, яъни, “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8)га етганида, ўша киши шунинг ўзи менга кифоя қилади, деди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хабар берилганида: “У фақиҳ бўлди”, дедилар».

Ажлаз Абу Исҳоқдан, у эса хотинидан қилган ривоятда бундай дейилган: “Мен ва Абу Суфённинг хотини иккимиз Ойша онамиз ҳузурига кирганимизда бир тиланчи келиб, бир бош узум сўради. Мен ундан бир шингил олдим-да, қолганини тиланчига бериб юбордим. Шунда бир-биримизга маъноли қарадик ва берилган эҳсоннинг катта-кичиги бўлмаслигига ояти карима далил бўлишини эсладик. Сўнгра “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар” (Залзала, 7–8) оятини ўқидим”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га токи ўзимиз тўла амал қилмагунимизча яхшиликка буюрмайликми ва ўзимиз тўла четланмагунимизча ёмонликдан қайтармайликми?” дедик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхшиликка буюраверинглар, тўла амал қилмасангиз ҳам. Гарчи ўзларингиз тўла четлана олмаган бўлсангиз ҳам, ёмонликдан қайтараверинглар”, дедилар».

Имкон борида кўнгли ўксикларни шод этиб, уларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек, “Табассум қилиб бўлса ҳам”, савобга эришиб олайлик.

 

Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати!

Мусулмон киши бирор ёмон иш қилиб қўйса, дарҳол яхшилик қилиши лозим. Чунки яхшилик ёмонликни ювиб кетади. Хоҳлаймизми-йўқми, имонли кишини ҳар доим шайтон васваса қилиб туради. Бу бизга, таъбир жоиз бўлса, Одам (алайҳиссалом)дан қолган “мерос”. Шайтон Аллоҳнинг амрига итоат этмай, Одам (алайҳиссалом)га сажда қилмади. Жаннатдан қувилганида одамзодни душман, деб билди ва қиёматгача унинг авлодини йўлдан оздиришга онт ичди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿قَالَ فَبِعِزَّتِكَ لَأُغۡوِيَنَّهُمۡ أَجۡمَعِينَ٨٢

«(Иблис) айтди: "Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман"» (Сод, 82).

Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: «Шайтон алайҳиллаъна Аллоҳга айтди: “Эй Раббим! Иззатинг ва жалолингга қасам, модомики бандаларинг руҳлари жасадларида экан, мен уларни адаштириш, куфр ва маъсиятга бошлаш ҳаракатида бўламан”. Аллоҳ таоло айтди: “Эй малъун! Иззатим ва жалолимга қасам. Бандаларим Мени зикр қилишда ва Мендан истиғфор сўрашда бардавом бўлар экан, Мен ҳам уларни кечиришда давомли бўламан».

Яна ояти каримада бундай дейилади:

﴿قَالَ فَبِمَآ أَغۡوَيۡتَنِي لَأَقۡعُدَنَّ لَهُمۡ صِرَٰطَكَ ٱلۡمُسۡتَقِيمَ١٦ ثُمَّ لَأٓتِيَنَّهُم مِّنۢ بَيۡنِ أَيۡدِيهِمۡ وَمِنۡ خَلۡفِهِمۡ وَعَنۡ أَيۡمَٰنِهِمۡ وَعَن شَمَآئِلِهِمۡۖ وَلَا تَجِدُ أَكۡثَرَهُمۡ شَٰكِرِينَ١٧

«У (аламидан) деди: “Қасамёд этаман, мени янглиштирганинг боис Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра уларни (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг кўпчилигини шукр қилувчи ҳолда топмайсан”» (Аъроф, 16–17).

Шайтони лаъин мўмин кишини шундай боши берк кўчаларга етаклар экан, бундан сақланишда қўрғон бўлувчи нарсаларни ҳам билиб олиш мақсадга мувофиқдир.

Каъбул Ахбор (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: “Мўминларга шайтондан ҳимояланиш учун учта қўрғон бор: масжид; Аллоҳни зикр қилиш; Қуръон ўқиш”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир куни масжиддан чиқдилар. Қарасалар, эшик олдида шайтон турибди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сени масжид олдига нима олиб келди, эй малъун?!” дедилар. У: “Эй Муҳаммад! Мени Аллоҳ юборди”, деди. “Нима учун?” деб сўраганларида, “Сиз хоҳлаган масала ҳақида мендан сўрамоғингиз учун”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шайтондан биринчи сўраганлари намоз ҳақида бўлди:

– Эй Иблис! Нима учун умматимни жамоат билан намоз ўқишдан қайтарасан?

– Агар умматингиз намозга келса, мен иситмалай бошлайман. Бу иситма улар тарқалгунича мендан аримайди.

– Нима учун умматимни Қуръон қироатидан қайтарасан?

– Улар қироат қилаётган вақтларида мен қўрғошиндек эриб тугайман.

– Нима учун умматимни ҳаждан қайтарасан?

– Улар ҳажга борса, бўйним ва қўл-оёқларимга занжир солинади. Агар улар садақа берса, бошимга арра қўйилиб, ўтин арралангандек арраланаман”».

Ҳикоя қилинишича, қадим замонда Иблис (алайҳилаъна) одамларга кўринар экан. Шунда бир киши унга: “Эй Абу Мурра! Нима қилсам, сендек бўламан?” дебди. У: “Сенга вой бўлсин! Бирор кимса мендан буни талаб қилмаган эди, сен нима учун буни сўраб қолдинг?” дебди. “Мен сени яхши кўраман”, дебди ҳалиги киши. Шунда шайтон: “Агар менга ўхшашни хоҳласанг, намозга бепарво бўл ва ёлғондан ҳам, ростдан ҳам қасам ичавер”, дебди. Кейин у кимса: “Аллоҳга қасам, энди ҳеч намозни тарк қилмайман ва қасам ҳам ичмайман”, дебди. Иблис айтибди: “Сендан ўзга бирор кимса ҳийла билан мендан насиҳат олмаган эди. Энди бирор кимсага насиҳат қилмайман”.

Донишмандлар айтган экан: “Ким орифлардан бўлишни ва шайтондан қутулишни истаса, тўрт нарсани билиб олиши лозим: Иблис ва у хоҳлаган нарсани; нафс ва унинг хоҳишини; ҳавойи хоҳиш ва у истаган нарсани; дунё ва унинг хоҳишини. Иблис дининг кетишини ва ўзи билан бирга абадий дўзахда қолишингни хоҳлайди. Нафс эса, гуноҳларни ва ибодатни тарк этишингни истайди. Ҳавойи хоҳиш шаҳватларни ва ижтиҳод таркини истайди. Дунё эса дунё ишларини охират амалларидан афзал кўришингни хоҳлайди. Ким бу нарсаларни билиб олса, орифлардан бўлади. Ким шайтонга итоат қилса, шайтон каби дўзахда абадий қолади. Ким нафсга итоат қилса, маълум муддат азобланади. Ким ҳавои хоҳишга эргашса, ҳисоби қаттиқ бўлади. Ким дунёга итоат қилса, дунёю охиратда ҳасратда қолади”.

Жунайд Бағдодий айтади: “Банда билан Аллоҳ ўртасида тўрт денгиз бор, уларни кечиб ўтмагунча Аллоҳ розилигига етишиб бўлмайди. Бири – дунё, унинг кемаси зуҳддир; иккинчиси – халқ, унинг кемаси узлатдир; учинчиси – иблис, унинг кемаси душманлигини билиб, ундан сақланишдир; тўртинчиси – нафсдир, унинг кемаси тилаганини бермасликдир”.

Шайтон инсонга ҳар хил томондан ва ҳар кўринишда келиши мумкин. У хоҳлаган нарсанинг суратига кира олади. Мўмин киши шайтон ва унинг зурриётлари ёмонлигидан ҳамиша паноҳ тилаб юриши лозим.

Умар (розияллоҳу анҳу) айтди: “Шайтон зурриёти тўққизтадир: Залитун, Васийн, Лақус, Аъвон, Ҳаффоф, Мурра, Мусаввит, Досим, Валҳон.

Залитун бозордаги ҳолатларда инсонларни йўлдан уради. Васийн мусибат чоғи васваса қилади. Аъвон салтанат ишида султонга васваса қилади. Ҳаффоф маст қилувчи ичимлик ичганда йўлига солади. Мурра сурнай чалганда шериклик қилади. Лақус ўт-оловда шериклик қилади. Мусаввит тарқатган пуч хабарларни инсонлар оғиздан-оғизга олиб юришади, аслида у хабарнинг асли бўлмайди. Досим киши уйига кирса, салом ҳам бердирмайди, Аллоҳ исмини ҳам зикр эттирмайди. Одамлар орасига низо солиб талоқ, жанжал, уруш кабиларни келтириб чиқаради. Валҳон таҳорат, намоз ва бошқа ибодатларда васваса қилади”.Шайтонга эргашиш хорлик ва фақирликдан бошқа нарсага олиб бормайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿ٱلشَّيۡطَٰنُ يَعِدُكُمُ ٱلۡفَقۡرَ وَيَأۡمُرُكُم بِٱلۡفَحۡشَآءِۖ وَٱللَّهُ يَعِدُكُم مَّغۡفِرَةٗ مِّنۡهُ وَفَضۡلٗاۗ وَٱللَّهُ وَٰسِعٌ عَلِيمٞ٢٦٨

«Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди. Аллоҳ (эса) сизларга Ўзидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара, 268).

Шайтон инсонга душманлиги туфайли уни Аллоҳ йўлида эҳсон-садақалар қилишдан қайтаради ва шунинг билан бирга уни ёмонлик, фаҳш ва гуноҳ ишларга пул, бойлик сарфлашга буюради.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу оятда икки нарса Аллоҳдан ва икки нарса шайтондандир” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.). Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон одам боласига ҳамроҳлик қилади ва фаришта ҳам одам боласига ҳамроҳлик қилади. Шайтоннинг ҳамроҳлиги ёмонликка ундаш ва ҳақиқатни инкор этишдир. Фариштанинг ҳамроҳлиги яхшиликка ундаш ва ҳақиқатни тасдиқлашдир. Ким бунга йўлиқса, уни Аллоҳдан деб билсин ва ким бошқасини кўрса, шайтондан паноҳ тиласин”, дедилар ва Бақара сураси 268-оятни ўқидилар» (Имом Термизий), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 214-б.).

Наққош айтади: “Оятдан маълум бўлади, фақирлик бойликдан афзалдир. Чунки шайтон инсонни эҳсон қилсанг, камбағал бўлиб қоласан, деб (бойларни) қўрқитади” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.). Ибн Атийя айтади: “Оятда фақир бўлиб қолишга қатъий ҳужжат йўқ, балки фақирликка қарши кучли далил бор” (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Ривоят қилинишича, Тавротда бундай дейилган: “Бандам, менинг ризқимдан инфоқ қил, сенга кенгчиликни инъом этаман, чунки Мен сахийларнинг сахийиман”. Бу сўзнинг тасдиғи Қуръони каримда ҳам зикр қилинган:

﴿قُلۡ إِنَّ رَبِّي يَبۡسُطُ ٱلرِّزۡقَ لِمَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦ وَيَقۡدِرُ لَهُۥۚ وَمَآ أَنفَقۡتُم مِّن شَيۡءٖ فَهُوَ يُخۡلِفُهُۥۖ وَهُوَ خَيۡرُ ٱلرَّٰزِقِينَ٣٩

«Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”» (Сабаъ, 39), (“Тафсири Қуртубий”, 2-жилд, 215-б.).

Инсон ким дўсту, ким душман эканини аниқ билиб олиши лозим. Ояти каримада:

﴿إِنَّ ٱلشَّيۡطَٰنَ لَكُمۡ عَدُوّٞ فَٱتَّخِذُوهُ عَدُوًّاۚ إِنَّمَا يَدۡعُواْ حِزۡبَهُۥ لِيَكُونُواْ مِنۡ أَصۡحَٰبِ ٱلسَّعِيرِ٦

«Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинг! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур» (Фотир, 6), дейилган.

Икрима (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши одамларнинг бир дарахтга қараб ибодат қилаётганини кўриб қолди ва қаттиқ ғазабланди. Дарахтни чопиб ташлаш учун қўлида болта билан йўлга тушди. Шунда унга шайтон одам суратида йўлиқиб: “Қаерга кетяпсан?” деди. У: “Одамлар сиғинаётган дарахт олдига. Аллоҳга қасам, уни кесиб ташлайман”, деди. Шайтони лаъин: “Дарахт билан нима ишинг бор. Уни ўз ҳолича қолдир”, деди. Ҳалиги киши кўнмагач, иккаласи олиша кетди. Киши шайтонни уч марта йи­қитди. Шайтон енгилгач: “Уйингга қайтсанг, сенга ҳар куни тўрт дирҳамдан бериб тураман”, деди. Киши рози бўлиб, қайтиб кетди. У бир неча кун давомида кўрпаси остидан тўрт дирҳамдан пул топди. Сўнгра пул кўринмай қолди. Шунда яна болтани олиб, эшагига минди ва дарахтга қараб йўл олди. Шайтон унга олдинги суратида кўриниб: “Қаерга кетяпсан?”, деди. “Анави дарахтни чопиб ташлаш учун кетяпман”, деди аввалгидек. Шайтон: “Бу сенинг қўлингдан келмайди”, деди. Яна иккалови уришди. Бу сафар шайтон уни уч марта йиқитди. Киши ажабланиб: “Қандай қилиб сен мени йиқитдинг, ахир олдин сени осонликча йиқитган эдим-ку?!” деди. Унга жавобан шайтон: “Сен аввал Аллоҳ учун чиққан эдинг, агар барча ёрдамчиларим йиғилганида ҳам сени енга олишмасди. Аммо бу гал кўрпачанг остидан топа олмаганинг дирҳамлар учун чиқдинг. Шу сабабли сени осонгина йиқитдим. Бас, сен бу йўлингдан қайт. Агар қайтмасанг, каллангни оламан”, деди. Киши уйига қайтиб кетди».

Муҳаммад ибн Дурий айтади: “Шайтон (яъни, Иблис) беш нарса сабабли бахтсиз бўлди: гуноҳларига иқрор бўлмагани сабабли; надомат қилмагани сабабли; нафсига маломат қилмагани сабабли; тавбага қасд этмагани сабабли; Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид бўлгани сабабли”.

Аллоҳ таоло барчамизни шайтоннинг ёмонлигидан асрасин, омин!

 

Шайтоннинг адовати

Аллоҳ таоло айтади:

﴿۞يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ وَمَن يَتَّبِعۡ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِ فَإِنَّهُۥ يَأۡمُرُ بِٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۚ وَلَوۡلَا فَضۡلُ ٱللَّهِ عَلَيۡكُمۡ وَرَحۡمَتُهُۥ مَا زَكَىٰ مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ أَبَدٗا وَلَٰكِنَّ ٱللَّهَ يُزَكِّي مَن يَشَآءُۗ وَٱللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٞ٢١

«Эй имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашманг! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир» (Нур, 21).

Шақиқ ибн Балхийдан ривоят қилинади: «Иброҳим ибн Адҳам Басра бозорларида юрганида у кишининг атрофида одамлар тўпланиб: “Эй Иброҳим! Аллоҳ таоло: “Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан”, деган. Аммо биз анча вақтдан бери дуо қиламиз-у Аллоҳ дуоларимизни ижобат қилмаяпти”, дейишди. Шунда Иброҳим ибн Адҳам қуйидагича жавоб берди: “Эй Басра аҳли! Қалбларингиз ўн нарса сабабли ўлган, энди қандай қилиб Аллоҳ дуоларингизни ижобат этсин?! Биринчиси, Аллоҳни танийсизлар-у, ҳақини адо қилмайсизлар. Иккинчиси, Қуръони каримни ўқийсизлар, лекин унга амал қилмайсизлар. Учинчиси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришни даъво қиласизлар-у, у кишининг суннатларини тарк этасизлар. Тўртинчиси, шайтонга душманликни даъво қиласизлар, аммо унга итоатдасизлар. Бешинчиси, жаннатга киришни хоҳлайсизлар, ле­кин бунинг учун амал қилмайсизлар. Олтинчиси, дўзахдан нажот топишни даъво қиласизлар-у, ўзларингизни унга отасизлар. Еттинчиси, “Албатта ўлим ҳақ” дейсизлар, бироқ унга ҳозирлик кўрмайсизлар. Саккизинчиси, биродарларингиз айблари билан шуғулланиб, ўзларингизнинг айбларингизни кўрмайсизлар. Тўққизинчиси, Парвардигорингиз неъматларини еб, Унга шукр қилмайсизлар. Ўнинчиси, марҳумларни дафн қиласизлар-у, ўлимлардан ибрат олмайсизлар”».

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни лаънати шайтондан: “Умматимдан дўстларинг қанча?” деб сўраганларида, шайтон: “Улар ўн нафардир: золим имом; мутакаббир инсон; молни қаердан топиб, қаерга сарфлаётганига эътибор бермайдиган бой; амирлар зулмини тасдиқловчи олим; хиёнатчи савдогар; молни арзонлигида олиб, қимматлашганида сотувчи; зинокор; судхўр; молни ўрнига сарфламайдиган бахил киши; ароқ ичувчи”, деди».

Хабарларда келишича, намоз вақти бўлганида лаънати иблис лашкарларига одамлар олдига бориб, уларни намоздан чалғитишга буюради. Шайтонлар намоз ўқишни хоҳлаб турган одамлар олдига келиб, уларни васваса қилади, ҳатто намоз вақти ўтиб кетганини сезмай қолишади. Агар бунга қодир бўлмаса, намозда руку, сажда, қироат ва тасбеҳларни тўкис қилишга халақит беради. Агар буни уддалай олмаса, уларнинг қалбини дунёвий ишлар билан машғул қилиб қўяди. Буларнинг барчасига қодир бўлмагач, хасталаниб, умидсизланган ҳолда қайтиб кетади. Иблис эса бу шайтоннинг қўл-оёғини боғлатиб, денгизга улоқтирғизади. Борди-ю бу ишлардан бирортасини эпласа, уни иззат-икром қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одам боласи учун шайтондан бир вакил, фариштадан бир вакил бўлиб, шайтоннинг вакили ёмонлик ва ёлғонга, фариштанинг вакили эса яхшилик ва ростликка чақиради. Ким буни сезса, Аллоҳ тарафидан эканини билсин ва Унга ҳамд айтсин. Ким аввалгисини сезса, тошбўрон қилинган шайтондан паноҳ тиласин”. Фаришта ҳам, шайтон ҳам инсон қалбини тўлқинлантиради. Фақат фариш­таники илҳом, шайтонники васваса дейилади.

Абу Лайс Самарқандий айтади: “Билгил, сенинг тўртта душманинг бўлиб, уларнинг ҳар бири билан курашишга муҳтожсан. Биринчиси дунёдир. Зеро, Аллоҳ: “Дунё ҳаёти сизларни алдаб қўймасин” (Луқмон, 33), деган. Иккинчиси нафсинг, у душманларнинг энг ёмонидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Душманларингнинг энг ёмони ўз нафсингдир”, деганлар. Сўнгра жинлардан бўлган шайтондир, Аллоҳдан унинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўра. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, у (шайтон) сизлар учун очиқ-ойдин душмандир” (Ёсин, 60), дейилган. Тўртинчиси, одамлардан бўлган шайтонлардир, улардан эҳтиёт бўл. Чунки у жинлардан бўлган шайтондан ҳам қўрқинчлироқдир. Жинлардан бўлган шайтонлар фақат васваса билан адаштирса, одамлардан бўлган шайтонлар юзма-юз туриб адаштиради”.

Ҳотамул Асом айтди: «Ҳар куни эрталаб мендан шайтон бундай деб сўрайди: “Нима киясан? Нима ейсан? Қаерда турасан?” Мен унга бундай жавоб бераман: “Ўлимни ейман. Кафанни кияман. Қабрда тураман”».

Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтди: “Олти хислатга эга кишида жаннатдан маҳрум бўлиш ва дўзахга кириб қолиш хавфи бўлмайди:

  1. Аллоҳни таниб, унга итоат қилса.
  2. Шайтонни таниб, унга осий бўлса.
  3. Охиратни таниб, уни изласа.
  4. Дунёни таниб, уни тарк этса.
  5. Ҳақни таниб, унга эргашса.
  6. Ноҳақни таниб, ундан четлашса”.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: “Аллоҳ таоло шайтонга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, у кишининг саволларига жавоб беришни буюрди. Шайтон ҳассали чол кўринишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди. Шунда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Шайтонман”, деди у. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар. “Аллоҳ мени саволларингизга жавоб бериш учун юборди”, деб жавоб қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй иблис, умматимдан сенинг нечта душманинг бор?” деб сўрадилар. Шайтон қуйидагича жавоб берди: “Ўн бешта. Сиз уларнинг энг биринчисисиз. Сўнг одил бошлиқ, камтар бой, ростгўй савдогар, намозларини хушу билан ўқийдиган олим, насиҳат қилувчи мўмин, раҳмдил мўмин, тавбасида собит турувчи, ҳаромдан тақво қилувчи, доимий таҳоратда бўлувчи мўмин, кўп садақа қилувчи, хулқи чиройли мўмин, одамларга фойдаси тегувчи, Қуръонни ёдлаб, уни қироат қилувчи киши ва одамлар ухлаётганида кечалари туриб, намоз ўқувчи”.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Шайтондан паноҳланиш;

Ноумид – шайтон;

Инсонлардан беҳожат бўлиш;

Омонатга хиёнат қилмаслик;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диндан чиқишни ният қилган кимса

25.11.2024   1487   17 min.
Диндан чиқишни ният қилган кимса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ

Маънолар таржимаси:

Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади. 

 

Назмий баёни:

Кимки муртадликни ният-қасд этар,

Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.

 

Луғатлар изоҳи:

مَنْ – шарт исм.

يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди.  Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.

اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.  

بَعْدَ  – зарф.

دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.

يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

حَقٍّ  دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган. 

انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим. 

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);

2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. 

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].   

Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади.  Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.

Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].

   

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ

Маънолар таржимаси:

Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.


Назмий баёни:

Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,

Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.


Луғатлар изоҳи:

لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:

1. Инсон талаффуз қилган нарса;

2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.

الْكُفْرِ – музофун илайҳ.

مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ– сифат.

اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. 

بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.

طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.

رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади. 

دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.

Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;

– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини  ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.  

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.

اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:

Ёмон тил икки оламда зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.

* * *

Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,

Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.

Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган: 

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].

Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.

Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.


Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.

Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида  иштирок этган.

Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.

Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.

Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.  

Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:

–  “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;

–  “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”; 

– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.    

Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар. 

 Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.


Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар

 “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:

1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;

Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.    

2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;

Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.  

3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;

Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади. 

4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.

Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.

Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
 

Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.


[1] Нисо сураси, 136-оят.
[2] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 103.
[3] Наҳл сураси, 106-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандий. Фатовои Қозихон, тўртинчи жилди. Покистон: “Мактабату Ҳаққония”. – Б. 419.

 

Кутубхона