Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» музейидан қадимий қудуқ топилди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 апрель куни Хива шаҳрининг «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонаси ҳудудидаги таъмирлаш ишлари чоғида ёпиб ташланган қудуқ оғзи очилган. Бироқ унинг ноанъанавий кўриниши турли фаразларга сабаб бўлмоқда.
У бошқа сув қудуқлари каби пастдан тепага торайиб кетмасдан, унинг барча қисмида диаметри бир хил, яъни 2,6 метрни ташкил қилган. Чуқурлиги 5,6 метрга тенг. Қадимги анъанага кўра қудуқнинг асоси, яъни пойдевор қисмига Хоразм шароитида кўп учровчи дарахт, тут ёки гужумдан ёғоч пойдевор ўрнатилган. Ёғочнинг қалинлиги 16 сантирметр атрофида бўлган.
Шунингдек, қудуқ деворларига 25х25х6 сантирметр ўлчамдаги пишган ғишт билан терилган. Ғиштлар юзасида ромбсимон белгилар мавжуд. Қудуқ тахминан бундан 100-150 йил олдин қурилган. Мазкур қудуқдан айнан нима мақсадда фойдаланилгани масаласи илмий жиҳатдан ўрганилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Шу кунларда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Диний идоралари ҳузуридаги Фатво кенгашининг навбатдаги семинари Туркия пойтахти Анқара шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларидан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбир Туркий давлатлар ташкилоти котибияти ташаббуси ва Туркия диёнат ишлари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилиш олти кунлик махсус семинар шаклида ўтказилмоқда.
Мазкур йиғилишда янги ойни кузатиш, намоз вақтлари, тақвим тузиш, озуқа маҳсулотларига қўшиладиган желатин моддасининг ҳукми, сафар масофаси, закот нисобини аниқлашга оид масалалар бўйича ҳар бир юрт вакили ўз тажрибаларини баён қилиб, фикр-мулоҳаза алмашмоқда. Шунингдек, тадбир қатнашчилари Туркия диёнат ишлари бошқармаси иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқда.
Йиғилишдан кўзланган мақсад Туркий давлатлар ўртасида диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, фатволар чиқаришда ўзаро якдиллик ва бирхилликни таъминлашдир.
Ушбу халқаро семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази уламолари Ғуломиддин домла Холбоев, Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров, Абдулатиф домла Турсунов қатнашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати