Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Август, 2025   |   15 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:56
Қуёш
05:26
Пешин
12:34
Аср
17:26
Шом
19:34
Хуфтон
20:57
Bismillah
09 Август, 2025, 15 Сафар, 1447

РЎЗАДОР ЗОНТ ЮТИШИ МУМКИНМИ?

22.04.2021   2218   2 min.
РЎЗАДОР ЗОНТ ЮТИШИ МУМКИНМИ?

— Ошқозон касаллиги билан бемор бўлган кишига махсус мослама – зонт юттириш орқали ташхис қўйилади. Бунда зонт ютаётган бемор рўзадор бўлса унинг рўзаси бузиладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда – оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.

Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса – бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми(жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: “Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир” (“Бадойиъус Санойиъ”).

Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: “Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади” (“Баҳрур-роиқ”).

Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.

Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дунё ташвишлари сизни “маст” қилмасин!

06.08.2025   5621   2 min.
Дунё ташвишлари сизни “маст” қилмасин!

Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: ...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг... (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди.

 

Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.

Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.

Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.

Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.

 

Эслатма: Қуръони каримдаги: Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг.. ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.

Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.

Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.