— Ошқозон касаллиги билан бемор бўлган кишига махсус мослама – зонт юттириш орқали ташхис қўйилади. Бунда зонт ютаётган бемор рўзадор бўлса унинг рўзаси бузиладими?
— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ошқозон текширув мосламаси (зонт) деганда – оғиз орқали ютилиб, бир учи ташқарида қолиб, иккинчи учи ошқозонга етиб борадиган тиббий қурилма тушунилади. Ушбу мосламадан асосан ошқозонни тасвирга олиш ва ундаги касалликка ташхис қўйиш учун фойдаланилади. Ташхис амалиёти тугаганидан сўнг мазкур мослама оғиз орқали қайта чиқариб олинади.
Бемор рўзадор ҳолида ошқозон текширув мосламаси (зонт)ни қуруқ ҳолида ютса, унга ёғ ёки бирор дори воситаси суртилмаган бўлса – бу унинг рўзасини бузмайди. Чунки ҳанафий мазҳабининг умумий қоидасига кўра қорин қисми(жавф)га кирган нарса у ерда ўрнашиб қолсагина рўзани бузади. Бу ҳақда Имом Косоний бундай дейдилар: “Ичкарига кирган нарсанинг ўша ерда ўрнашиб қолиши рўза бузилишининг шартидир” (“Бадойиъус Санойиъ”).
Фиқҳий манбаларимизда ушбу қоидага қуйидаги ҳолатни мисол қилиб келтирилган: “Агар бирор таомга ип боғлаб ҳалқумидан ўтказса (яъни ютса), ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса рўза очилади” (“Баҳрур-роиқ”).
Демак, ошқозон текширув мосламасининг бир учи ташқарида қолиб, тўлиқ ичкарига кирмагани ҳамда ошқозонда ўрнашмагани сабабли рўзани очмайди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида айтиб ўтилганидек зонт ютиш жараёнида унга ёғ ёки дори суртилмаган, қуруқ ҳолатда бўлиши лозим. Акс ҳолда рўза очилади. Воқеликда эса ёғ суртилмаган ҳолда зонт ютиш бемор учун катта машаққат туғдиради. Баъзан мослама учидаги тасвирга олиш қурилмасини ошқозонга сув юбориш орқали тозалаб туриш зарурати пайдо бўлади. Сувнинг ичкарига кириши билан шубҳасиз рўза бузилади.
Зонт орқали ошқозонни текшириш асносида юқоридаги каби ноқулайликлар келиб чиқадиган бўлса, бемор шариатнинг умумий рухсатидан фойдаланиб, ўша кунги рўзани Рамазондан кейин бир кун тутиб бериши мумкин.
Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов