Мўмин-мусулмон халқимизга Рамазон туҳфаси сифатида улуғ ой давомида ҳар куни саҳарлик ва ифторлик вақтида давлат ва нодавлат телеканалларда турфа хил Рамазон ойи теледастурлари бериб борилмоқда. Жумладан:
Рамазон туҳфаси кўрсатуви "O‘zbekiston" (4:20 — 19:00), "Mahalla" (20:00), "Madaniyat va ma’rifat" (21:00), "ZO`R TV" (4:00) каби республика ва барча ҳудудий (08:00 – 10:00) телераканалларда;
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Рамазон суҳбатлари “O‘zbekiston” (3:20 — 12:00), “Mahalla” (4:20), “Madaniyat va ma’rifat” (5:20), “Sevimli TV” (4:25), “ZO`R TV” (18:45), “Milliy TV” (3:24 — 18:04) ва ҳудудий телеканалларда (16:00 – 18:00);
Таниқли уламоларнинг “Муборак ой суҳбатлари” номли онлайн диний савол-жавоб дастури “Uzreport.TV” телеканалида (3:30 — 18.00);
“Ибрат” номли диний-маърифий кўрсатув "Менинг юртим" – “МY 5” телеканалида (4:05 — 19:15);
“Инсон қалбига йўл” (18:55), “Одамийлик мулки” (4:15) кўрсатувлари “Sevimli TV” телеканалида.
Аллоҳ таоло ушбу маърифий кўрсатувларни халқимизга манфаатли қилсин, хайрли ишга ҳисса қўшган барчага ажру мукофотини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Қуръони каримда келтирилади.
Насиҳатнинг энг биринчиси – шикрдан қайтариш.
“Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади.
Насиҳатнинг иккинчиси – ота-онанинг ҳаққини адо этиш.
“Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсаларда) дунёда яхши муомалада бўлгин” (Луқмон сураси, 15-оят).
Ота-она ҳатто мушрик бўлсалар-да, уларга қўпол муносабатда бўлмаслик талаб этилади.
Насиҳатнинг учинчиси – Аллоҳ ошкор махфий ҳар бир нарсани билиб турувчи Зот.
“Эй, ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир” (Луқмон сураси, 16-оят).
Насиҳатнинг тўртинчиси – намоз, амри маъруф, наҳйи мункар ва сабр.
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!...” (Луқмон сураси, 17-оят).
Насиҳатнинг бешинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли, тавозеъли бўлиш, кибрланмаслик.
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Насиҳатнинг олтинчиси – бақир-чақир қилмаслик.
“(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир” (Луқмон сураси, 19-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД